Спорт | 08:34 / 03.01.2019
17610
2 дақиқада ўқилади

Шумахернинг оиласи пойгачининг 50 ёши арафасида унинг аҳволи ҳақида расмий баёнот берди

Фото: REUTERS

Афсонавий немис пойгачиси Михаэл Шумахернинг 50 ёши арафасида унинг оиласи пойгачининг саломатлиги бўйича узоқ вақтдан бери биринчи марта расмий баёнот берди. Пойгачининг яқинлари спортчи оғир мия жароҳатидан сўнг ўнгланиб олиши учун мумкин бўлган барча ишни қилаётганликларини маълум қилганлар, деб хабар берди Sky Sport портали.

Пойгачининг яқинлари у шифохонага тушиб қолгандан сўнг мухбирлардан қочиб, ОАВга интервью бермай қўйгандилар. Лекин ҳозир улар истисно қилиб, барча мухлислар ва бефарқ бўлмаганларга қўллаб-қувватлов учун миннатдорчилик билдирдилар. Аммо улар буёғига ҳам спортчининг аҳволи сир тутилишини айтишган.

Шумахернинг оиласи унинг мухлисларини 3 январь куни пойгачининг 50 ёшлик юбилейини нишонлашга чақирди.

3 январда пойгачининг 50 ёшга тўлиши муносабати билан унга аталган виртуал музей ишга тушади. У ерда Шумахернинг энг яхши пойгаларининг видеотасвирлари, унинг суратлари ҳамда интервьюлари жамланади. 

“Keep Fighting фонди совға сифатида биз ва сизга эртага расмий илова чиққандан сўнг кўриш мумкин бўлган виртуал музей ташкил қилди. Михаэль эришган ютуқларидан ғурурланиши мумкин ва биз ҳам! Айнан шунинг учун унинг ютуқларини шу кўргазмада нишонлаяпмиз. Биз сиз билан биргаликда унинг ғалабалари ва рекордларини эслаб, уларни нишонламоқчимиз”, дейилган баёнотда.

Декабрь ўрталарида Daily Mail нашри Шумахернинг аҳволи анча яхшилангани, пойгачи юра олиши мумкинлиги, ўзи мустақил нафас олаётгани ҳамда оиласи биланлигини маълум қилган эди.

Шумахер 2013 йил Альп тоғларида чанғи учаётганида мия-чаноқ жароҳатини олиб комага тушган. У шундан бери соғлиғини тиклашни давом эттирмоқда.

Мавзуга оид