Жаҳон | 14:00 / 05.01.2019
23917
2 дақиқада ўқилади

Қирғизистон собиқ бош вазири 15 йилга қамалиши мумкин

2018 йил 26 декабрь куни Қирғизистон собиқ бош вазир Сапар Исоқовга Бишкек ИЭМни модернизация қилиш иши бўйича «Коррупция» моддаси бўйича якуний айблов қўйилди.

Tazabek’га унинг адвокати Нурбек Токтакуновнинг хабар беришича, С.Исоқов Қирғизистон Республикаси Жиноят кодекси 303-моддаси иккинчи қисми (уюшган жиноий гуруҳ, жиноий уюшма манфаатларини кўзлаб қилинган ёки бошқа оғир оқибатларга олиб келиши мумкин бўлган қасддан содир этилган ҳаракат, мулкни мусодара қилиш ва 15 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан айбланмоқда.

Адвокатнинг сўзларига кўра, Сапар Исоқов Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси тергов ҳибсхонасида 2019 йил 13 февралгача қолади.

«Айблов чўзилиб кетган, сабаби улар пул маблағларини ўтказиш тўғрисида ҳеч қандай далил тополмади. Улар оддийгина виртуал ҳисоб-китоб қилиб, 2016 йилги Россия нарх каталогини олишди. Натижада 111 миллион доллар келиб чиқди. Яъни, оддийгина математик ҳисоблаш орқали аниқлашди, чунки улар ҳеч қандай моддий далилга эга эмаслар», - дейди Н.Токтакунов.

Шунингдек, унинг қўшимча қилишича, 2018 йилнинг 31 декабрида С.Исоқовга Тарихий музейни таъмирлаш бўйича ҳам айблов қўйилди.

«Бу алоҳида жиноий иш. Қирғизистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексига биноан улар бир ишга қўшилиши керак, бироқ ишларни алоҳида-алоҳида судга юборишмоқчи. Бу нотўғри, сабаби тергов босқичида улар битта ишга бирлаштирилиши лозим. Биз кўпроқ айбловларни кутмоқдамиз», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Аввалроқ, 2018 йил 30 ноябрь куни Бишкекнинг Первомайский туман суди собиқ бош вазир Сапар Исоқовни 2019 йил 5 январга қадар ҳибсда қолдириш ҳақида қарор чиқарганди.

Маълумот учун: Қирғизистон собиқ бош вазири Сапар Исоқов 2018 йил 5 июнь куни қўлга олинди. Мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси С.Исоқовга Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг 303-моддаси 1-қисми (коррупция) билан айблов қўйди.

Мавзуга оид