Ўзбекистон | 14:51 / 06.01.2019
28287
2 дақиқада ўқилади

Орол денгизининг қуриган ҳудудлари ўрмонлаштириляпти

Агар мустақиллик йилларида Ўзбекистон бўйича 1 миллион 220 минг гектарга яқин ўрмонзор яратилган бўлса, шундан 400 минг гектардан ортиғи айнан Оролбўйи ҳудудида барпо этилган. Бу масалада қабул қилинаётган махсус дастурга кўра, Орол денгизининг қуриган ҳудудида келгуси йилнинг ўзида яна 500 минг гектар ерда шўрга чидамли дарахт кўчатлари ва саксовуллардан ўрмонзор барпо этилади. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатида гапириб, Орол денгизи атрофини ўрмонзорга айлантириш бўйича таклиф билдирганди. 

«Тасаввур қилинглар, агар биз бир йилда 500 минг гектар ўрмонзор ташкил қилсак, 10 йилда қандай бўлади? Тасаввур қилинглар, 27 йилда шуни ташкил қилганимизда ҳозир қандай аҳвол бўларди?» – дея таъкидлаган эди Ўзбекистон Президенти.

Халқаро пресс-клубнинг Мўйноқдаги сайёр-сессияси давоми ХПК раиси Шерзодхон Қудратхўжаев «Оролни ўрмонлаштириш ишларида барча кўнгилли жамоалар, хусусан Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ходимлари фаол» бўлаётганини билдирди. 

Фото: Халқаро пресс-клуб

«Халқимиз сахий, пул бўлмаса, бошқа жиҳатдан ёрдам қилмоқда», - дея қурилиш ишларига материалларни етказиб бермоқчи бўлаётган тадбиркорларни санаб ўтди Қудратхўжев.

Маълумот учун,  Оролнинг қуриган ҳудудларида саксовул ва шўрга чидамли бутазорлардан ўрмонзор ташки этиш масаласи 700 минг гектар ерни қамраб олиши назарда тутилган. Орол ҳалокати оқибатларини юмшатиш ва Оролбўйи минтақасини ривожлантириш бўйича 2013 – 2017 йилларга мўлжалланган комплекс чора-тадбирлар дастури доирасида 500 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилди. Уларнинг ярмидан кўпи миллий лойиҳалардир.

Фото: Халқаро пресс-клуб

2017 – 2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури доирасида Оролбўйида ижтимоий-иқтисодий ҳолатни, аҳоли турмуш шароитини яхшилаш, экологик фалокат асоратларини юмшатиш бўйича инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузурида Оролбўйи минтақасини ривожлантириш жамғармаси тузилди ва унга 200 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилди.  ​

Мавзуга оид