Жаҳон | 13:40 / 07.01.2019
17743
3 дақиқада ўқилади

Габонда ҳарбий тўнтаришга уриниш: тафсилотлар

Фото: AFP

Габон президенти Али Бонгонинг 31 декабрь куни қилган мурожаатидан дарғазаб бўлган ҳарбийлар давлат радиостанциясини эгаллаб олишди. Бу ҳақда RFI хабар бермоқда.

Ҳарбийлар маҳаллий вақт билан соат 4лар атрофида радиостанция офисига келиб, «Миллий тикланиш кенгаши»ни тузиш нияти ҳақида эълон қилишган.

Радиоэфирда армия номидан баёнотни лейтенант Ондо Обианг Келли ўқиб эшиттирди. У мамлакат президенти Али Бонгонинг янги йил мурожаатини «ҳукуматни қатъий сақлаб қолишнинг кулгили спектакли», деб атаган.

Габон президенти Али бин Бонго Ондимба 59 ёшда. У мамлакатни 2009 йилнинг октябрида отаси ўлимидан кейин ҳокимиятни қабул қилиб олганди. Омар Бонго 42 йил давомида мамлакатни бошқарганди.

Али Бонго
Фото: Reuters

Али бин Бонго 2016 йилда сайловларда иккинчи муддатга сайланди, ўша сайловлар натижалари мухолифат томонидан танқид қилинди. 

2018 йилнинг 24 октябрь куни Бонго Ондимба инсультни бошидан ўтказди ва Саудия Арабистонида реабилитациядан ўтказилди, у ҳозирги вақтда Марокашда бўлиб турибди.

Янги йил мурожаатида у ўз соғлиги яхшиланиб бораётгани ва ўзини яхши ҳис қилаётгани ҳақида гапирганди.

Ҳукуматни қўлга олган ҳарбийлар президентнинг мурожаатига кескин норозилик билдиришган.

«У республика президентлигига муносиблигини шубҳа остига қўйди», деган ўзини Габон қуролли кучлари ватанпарварлик ҳаракати етакчиси сифатида эълон қилган лейтенант Ондо Обианг Келли.

Зобит ёшлардан кўмак сўраган, уларни ўз тақдирларини ўз қўлларига олишга чақирган.

Исёнчи зобитлар армияни халқ манфаатлари учун жамоат транспортини, қурол-яроғ омборлари ва аэропортларни назорат остига олишга чақиришган.

Мамлакатдан ташқарида бўлган президент Бонго яқин вақтлар ичида махсус баёнот билан чиқиши кутилмоқда.

Президентнинг вақтинча йўқлиги муносабати билан Габон Конституциявий суди мамлакат конституциясига ўзгартиш киритди. Республика бош вазири Эммануэль Иссозе-Нгонде судга мурожаат қилди, сабаби мамлакат ҳаётига оид бир қанча муҳим қарорлар фақат Вазирлар кенгаши томонидан қабул қилиниши мумкин. Уни, мамлакат конституциясига кўра, республика президенти чақиришга ҳақли. Шу билан бирга, конституцияда амалдаги президентнинг вақтинчалик йўқлигида Вазирлар кенгаши иши жараёни назарда тутилмаган.

Маълумот учун, Габон Африканинг ЯИМ бўйича энг бадавлат мамлакатларидан бири саналади. Асосий даромади хомашёлар экспортидан, хусусан, нефть экспортидан  бўлган бу давлат ОПЕК аъзоси ҳамдир.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп Конго Демократик Республикасида (КДР) бўлиб турган америкаликларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун Габонга ҳарбий хизматчилар юбориш ҳақида буйруқ берганди.

Мавзуга оид