Жаҳон | 15:17 / 13.01.2019
21235
4 дақиқада ўқилади

Президент ва фуқаролар мулоқоти. Ким қайси усулни танлайди?

Ҳар бир давлат раҳбари ўз фуқаролари билан учрашади, суҳбатлар қуради, турли шаклда мулоқотга киришади. Улар бу борада ўзига хос услубни танлашга интилади.

Шоҳлар, қиролларнинг ўз халқи билан мунтазам мулоқот қилиб тургани, ўзларини танитмай бозорларни кезгани тўғрисида кўплаб ривоятлар, ҳикоялар бор. Аммо булар кўпроқ ўша подшоҳларнинг нақадар одиллигини кўрсатиш учун ёзиб қолдирилган ва амалда кўпроқ эртакларга ўхшайди.

Аҳолининг барча қатламлари учун чиқишлар қилиш, фуқаролар билан мулоқотга киришиш, саволларга бевосита жавоб бериш ва бунинг учун оммавий ахборот воситаларидан кенг фойдаланишни дастлаб АҚШ президенти Франклин Делано Рузвельт бошлаб берган. У 1933 йилдан 1944 йилга қадар 11 йил давомида «Камин олдидаги суҳбатлар» номи билан радио орқали фуқаролардан тушган саволларга жавоб берган, энг муҳим масалалар ечими билан ўртоқлашган.

Рузвельтнинг бу суҳбатлари ўртача 15-45 дақиқа давом этган ва одамлар ўша пайтда радио олдида тўпланиб, президентнинг ҳар бир сўзини диққат билан тинглашган.

Кейинчалик АҚШ президентларидан айримлари шунга ўхшаш чиқишлар қилган бўлсада, уларнинг ҳеч бири мунтазамлик касб этмаган. Лекин 1982 йилдан бошлаб Рональд Рейган аввал радио, кейинчалик телевидение орқали ўз халқига мурожаат қилишни йўлга қўяди. Барак Обама эса бу борада Оқ уйнинг YouTube порталидаги расмий саҳифасидан фойдаланди. Амалдаги президент Дональд Трамп ҳаммасидан ҳам твиттерни афзал билади.

Бу борада мунтазамлик ва ўтказилган вақт бўйича етакчилик Венесуэланинг марҳум президенти Уго Чавесга тегишли. У 1999 йилнинг 23 майидан 2012 йилнинг 29 январига қадар ўзининг «Алло, президент» лойиҳасини юритган ва ҳар якшанба соат 11:00дан бошлаб телеэкранларда пайдо бўлган. Кўрсатувлар давомийлиги 4 соатдан 8 соатгачани ташкил этган ва жами 378та кўрсатувнинг дастлабкиларида ҳақиқатан ҳам президент оддий халқнинг муаммоларини тинглаб, уларни ечиш ҳақида кўрсатмалар берган. Аммо аста-секин кўрсатув формати ўзгара бориб, тобора чўзилаверган ҳамда Чавеснинг АҚШ империалистларини қораловчи фалсафий монологларига айланиб борган.

Чавеснинг бу ғоясини Лотин Америкасидаги кўплаб давлатлар раҳбарлари йўлга қўйишади, аммо бу кўрсатувларнинг умри қисқа бўлди.

2014 йилнинг сентябридан бошлаб Сингапур бош вазири Ли Сянь Лун ҳам телевидение орқали «Бош вазирдан сўра» деб номланган лойиҳасини бошлаган.

Россия президенти Владимир Путин 2001 йилдан буён ҳар йили (2004 ва 2013 йиллардан ташқари) «Владимир Путин билан тўғридан-тўғри алоқа» кўрсатувида чиқади ва олдиндан ҳамда жонли эфир пайтида келиб тушган, шунингдек залдаги журналистлар томонидан берилган саволларга жавоб беради. Бу йирик лойиҳа Путин бош вазир бўлган йилларда «Владимир Путин билан суҳбат» номи остида эфирга узатилган.

Энг узоқ давом этган кўрсатув 2013 йилнинг 25 апрелида эфирга узатилган ва унда Путин 4 соату 47 дақиқа давомида келиб тушган 3 миллиондан ортиқ саволларнинг айримларига жавоб берган.

Ўзбекистонда ҳам президент ва халқ ўртасидаги мулоқотнинг турли усуллари қўлланилади. Айниқса, сўнгги йилларда президент фаолиятининг очиқлиги янги босқичга чиқди – давлат раҳбарининг матбуот хизмати ОАВ учун кенг кўламда маълумотлар тарқата бошлади. Бу хизмат нафақат телевидение ёки босма матбуот, балки интернет сайтлари билан ҳам бевосита алоқани йўлга қўйди, барча етакчи ижтимоий тармоқлар имкониятларидан фойдалана бошлади. 

Шунингдек, муаммоларни ўрганиш, ечиш, таҳлил қилиб боришда «Президент портали»нинг аҳамияти катта бўлди. Бу порталнинг ўзига хос жиҳати шундаки, ҳар қандай мурожаат албатта ўрганилиши ва натижаси қайд этилиши шарт.

Аброр Зоҳидов тайёрлади

Мавзуга оид