Ўзбекистон | 20:04 / 16.01.2019
71892
5 дақиқада ўқилади

Қўлларида қуввати бор ҳоким бобом!

Фото: Getty Images

Журналистикада ёзилмаган бир қоида бор: агар ит одамни тишлаб олган бўлса, бунинг ҳеч кимга қизиғи йўқ. Борди-ю одам итни тишлаб олса, мана бу ёритишга арзийдиган қизиқарли воқеа!

Олот ҳокими фермерни ургани тўғрисида ёзиб, биз ҳам тўғри иш қилмадик. Ҳокимнинг қўл остидагиларни савалаб туриши кимга янгилик экан? Агар ўша ёки бошқа фермер йиғилишда ҳокимни яхшилаб дўппослаганида эди – ана ўша ҳақиқий сенсация бўларди. Нафақат сайтларда чиқадиган оддий мақола, балки кўчма телестанцияларни олиб бориб, воқеа жойидан тўғридан-тўғри репортажлар уюштиришга ҳам арзирди.

Минг афсуски, Ўзбекистонда раҳбарларнинг кимгадир қўл кўтаришига оид янгилик ҳеч бўлмаса ойига бир марта янграб туради. Кимдир эшитиб, ёки кўрса ҳам бирор далил тақдим этмай бундай ҳолатларни гапириб берса, умуман жиддий қабул қилинмайди. Яхшики, ҳар кимнинг қўлида замонавий телефонлар бор, вазиятни муҳрлаш мумкин. Лекин қизиғи видеолавҳаларда рўй-рост кўриниб турган дўппослашларда ҳам расман ҳокимнинг ҳақлиги таъкидланади, бўлиб ўтган воқеа зўр бериб хаспўшлашга уринилади.

Хўш, раҳбарнинг қўл кўтарар даражага келиши ва деҳқоннинг (ёки қуйидаги бошқа касб эгасининг) калтак ейишига нималар сабаб бўлмоқда?

Деҳқон ёки фермер ҳануз ер эгаси эмаслиги

Биздаги фермерлар шундай номга эга бўлсалар-да, иш тизимлари бўйича хориждаги ҳамкасбларидан кескин фарқ қилишади. Кўплаб давлатларда фермер ўзи ишлайдиган ернинг ҳақиқий эгаси – нима экишни, ҳосилни қачон йиғишни, кимга сотишни шахсан ўзи ҳал қилади. Солиқларни тўлайди ва ишлайверади. Ўзининг иқтисодиёти, ривожланиши учун ўзи жавобгар. Фаолияти учун кимдан нима харид қилишни ҳам ўзи белгилайди.

Бизда эса кўп жиҳатдан акси. Фермернинг нима етиштириши, қандай нархда қанча маҳсулот топшириши ва ҳатто бунинг учун нималарни қандай миқдорда харид қилишигача аниқ белгилаб қўйилган. Демак, ўз-ўзидан фермернинг ҳар бир ҳаракати назорат қилиб борилиши шарт, деб ҳисобланади. Назорат эса табиийки икки томонлама зиддиятни келтириб чиқаришга замин яратади.

Узлуксиз йиғилишлар

Қизиқ савол: бирор давлатда ҳокимият ва фермерларнинг мунтазам йиғилишлари ўтказилармикан? Биз эса бу бўйича ҳам ноёб мамлакатмиз – ҳокимиятларда тонготар мажлислар бўлиши ҳеч кимга сир эмас.

Қадимдан бир нақл бор – танқид бўлмаса йиғилиш йиғилиш бўлармиди?! (Дарвоқе, юқоридаги ҳолат бўйича вилоят ҳокимининг йиғилиши ҳам кескин танқидий руҳда ўтгани билдирилди). Демак бундай йиғилишларда кўпчилик ўртасида танқид, изза қилиш, ўрни келганда бақириб сўкиш, жуда илҳом келганда бир-икки муштни тортиб юбориш ҳам мумкинда, бусиз қизиқ бўлмайди-ку!? Айниқса бу қизишишлар, қўл кўтаришлар шахсий манфаат йўлида бўлмаганидан кейин, аниқ асосларга кўра бўлса...

Чора кўрилмаслиги

Вилоятнинг ёки туманнинг биринчи рақамли раҳбари ким? Албатта ҳоким-да. Ҳоким иштирокида ҳар бир йиғилишда албатта прокурор, ички ишлар раҳбари иштирок этади. Аммо не ажабки, қўл кўтариш ҳолатлари яққол қонун бузилиши эканлигини билиб туришса-да, уларнинг бирортаси чора кўришга шошилишмайди, нари борса ажратиб қўйиш билан чекланишади. Бу масаланинг осон ва хайрли ечими. Кўп ҳолларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ўзи ҳокимнинг бир имоси билан «айбдор»ни ур калтак-сур калтак қилиб ташлашади, шунда ҳам ақли кирмаса, шартта олиб бориб «тиқиб» қўйишади. Уёғига кейин бирор айбни илиб қўйиш «дело техники».

Танганинг иккинчи томони

Кўпчилик фермерларга ачинади, ҳокимни мутлақ айбдор деб ўйлайди. Аммо айрим ҳолларда фермерларнинг ўзлари ҳам ҳар қандай ҳокимни «издан чиқариб» юборишга қодирлар. Ялқовлик, ўз ишини билмаслик, ерни эгаллаб олиш ва ҳаққи бўлмаса-да сотиб юбориш, қарздорлик ошаверса-да, парво қилмаслик ва энг ёмони боқимандалик кайфияти минг афсуски баъзи фермерларнинг қон-қонига сингиб кетган ҳамда уларни йўлга солиш, иш самарадорлигини ошириш бўйича уринишлар беҳуда кетаверади (алоҳида таъкид: бу мисоллар Олот воқеасига тааллуқли эмас). Охир-оқибат бундай ҳолатлар куч ишлатилувчи зиддиятларга олиб келади.

Энг муҳими, фермерларнинг мустақил ишлашга ўрганмагани, тизим ҳамон маъмурий буйруқбозликка асослангани бундай ҳолатларни келтириб чиқараверади. Вилоят ҳокими Ўктам Барноевнинг томонларни яраштириб қўйгани яхши албатта. Лекин ҳолатга ҳуқуқий баҳо берилмаслиги, аниқ содир бўлган ҳолатда чора кўрилмаслиги ҳали-ҳамон эски услублардан воз кечилмаслигини англатади. Ҳатто ҳоким жавобгарликка тортилиши ҳам аниқ бир нуқтада юзага келган оловни ўчириш холос, умумий вазият ўнгланишини билдирмайди.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид