Ўзбекистон | 16:52 / 26.01.2019
18126
2 дақиқада ўқилади

​Ёшлар Иттифоқи ёшлар учун уй-жой нега тарқатилмаганига изоҳ берди

Фото: KUN.UZ

2017 йилдан буён Тошкент шаҳрида имтиёзли шартлар билан уй сотиб олиш учун, жамиятда фаол ва иқтидорли бўлган 630 нафар ёшга махсус сертификат топширилганди. Аммо ҳанузгача уй-жойдан дарак йўқ. Ушбу масала юзасидан Ёшлар Иттифоқи Маркази кенгаши раисининг биринчи ўринбосари Алишер Саъдуллаев изоҳ берди. 

«Ўтган йиллар давомида Тошкент шаҳрида бир неча нафар ёшларнинг уй-жой олиш жараёни кечиккан. Лекин вазиятни тушунишингизни истайман: йиллар давомида боқувчисини йўқотган оилалар, ногиронлиги бўлган шахс ва ижтимоий ҳимояга муҳтож кишилар уй-жойсиз сарсон бўлган. Уларнинг ичида ёшлар ҳам бор. 

Уларнинг уй-жой билан таъминланмагани туфайли, Тошкент шаҳрида уй-жойга бўлган эҳтиёж кескин ортиб кетган», – дейди Алишер Саъдуллаев.

Саъдуллаевнинг айтишича, иқтидорли ёшлар учун қурилаётган уй-жой биринчи галда ногиронлиги бўлган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларга насиб этди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Элбек Шукуров ва бошқа мутасаддилар, уйга даъвогар ёшлар билан ўтказилган йиғилишда, қўлида сертификати бор, иқтидорли ёшлар учун уй-жой қуриш масаласи муҳокама этилгани таъкидланди. 

«Биринчи босқичда,  Чоштепа мавзесида қурилаётган уйларнинг 150та хонадони 10 февралда фойдаланишга топширилади. Ҳамма – 630 нафар имтиёзли шартлар билан уй сотиб олишга сертификатга берилган ёшларга босқичма-босқич уйлар тақдим этилиши маълум қилинди. Масалан, кейинги босқич – апрель, май ва сўнгги – 30 июнь», – деб қўшимча қилган у.

Шунга қарамай, Ёшлар Иттифоқи вакиллари ёшлар учун уйларнинг қачон қурилиши тўғрисида аниқ маълумотига эга эмас. Улар бу жараён ташкилот ваколатида эмаслигини таъкидламоқда.

Мавзуга оид