Ўзбекистон | 14:55 / 08.02.2019
37030
2 дақиқада ўқилади

Мактабдаги касбий таълим ўзини оқламаяпти — вазир ўринбосари​

Олий ва ўрта махсус таълим вазири биринчи ўринбосари, касб-ҳунар таълими маркази директори Муродилла​ Холмуҳаммедовнинг таъкидлашича, таълим муассасасида моддий-техник база ҳар қанча янгиланмасин, энг сўнгги технологиялар олиб келинмасин, уни етказиб бера олувчи калит ўқитувчининг қўлида бўлади.​

Вазир ўринбосари Kun.uz'га берган интервьюсида ўқитувчининг янги технологияларни ўзлаштириши ва ўқувчиларга етказиб бера олиши масаласига тўхталиб ўтди. 

 «Афсуски, кадрлар талабга тўла жавоб бермайди. Касб-ҳунар таълими жараёнига алоқадор бўлган барча шахсларнинг ─ директордан тортиб руҳшуносгача малакасини оширишга жиддий эътибор қаратилмоқда», —​ дейди у.

Шу ўринда Холмуҳаммедов касб-ҳунар таълими фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича давлат раҳбарининг қарори кутилаётганини билдирди.

Ўрта таълимни 10-, 11-синфда ўқиётган ёшлар ҳафтанинг муайян кунида касбий таълим билан ҳам шуғулланяпти. Вазир ўринбосарининг айтишича, 10-синф таълимини жорий қилишда йил давомида 408 соат касбий таълимни ўқитиш ҳам киритилган эди. Лекин соатнинг камлиги боис бу ўзини оқламаяпти. 

«Бу қайта кўриб чиқилмоқда. Академик таълим йўлидан бормайдиган, ўзини меҳнат бозорига бағишламоқчи бўлганларда ҳам етарлича профессионаллик бўлишини таъминловчи ўқув дастури кўриб чиқилади.

9-синфдан кейин танлаш имконияти ўқувчида бўлиши керак. Ҳатто фанларни ҳам. Келажакдаги карьерасидан келиб чиққан ҳолда у муайян фанларга йўналтирилади. Ақлий имкониятни, қизиқишни ҳам инобатга олиш керак бўлади. Уларнинг ўқув дастурлари шунга мослаштирилади», —​ дейди у. 

Интервьюни тўлиқ шаклда видео форматда томоша қилишингиз мумкин. 

Видео: Tas-IX

Видео: Youtube

Алишер Рўзиохунов суҳбатлашди.

Мавзуга оид