Ўзбекистон | 20:02 / 08.02.2019
9367
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди

Ўзбекистон президентининг қарори билан 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш Концепцияси тасдиқланди.

Концепцияда қуйидаги вазифаларни амалга ошириш кўзда тутилган:

• миллий ядро инфратузилмасини ривожлантириш, шу жумладан норматив-ҳуқуқий базани шакллантириш, Ўзбекистон Республикасининг ядро хавфсизлигининг глобал режимида иштирок этиши, атом электр станциясини эксплуатация қилувчи ташкилот фаолиятини таъминлаш, атом энергетикасини тартибга солишнинг асосини яратиш, ядро-энергетика дастурининг шаффофлиги ва жамоатчилик учун очиқлигини таъминлаш, малакали кадрлар билан таъминлаш;

• биринчи АЭСни қуриш, шу жумладан майдончани танлаш ва АЭСни жойлаштиришни лицензиялаш, лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;

• атом энергиясидан фойдаланишда атроф-муҳит муҳофазасини ва одамларни радиациядан ҳимоя қилишни таъминлаш;

• хавфсиз ва иқтисодий самарадор ядро ёқилғи циклини ташкил этиш, шу жумладан атом энергетикасини ядро ёқилғиси билан узоқ муддатли таъминлаш, ишлатиб бўлинган ёқилғи билан боғлиқ ишларни хавфсиз амалга ошириш учун шароитлар яратиш, уни қайта ишлаш ва чиқиндиларни утилизация қилишни ташкил этиш;

• атом энергетикасини узоқ муддатли ривожлантиришни таъминлаш, шу жумладан, атом илм-фани ва технологияларини ривожлантириш, АЭС қурилиши ва уни эксплуатация қилишни қўллаб-қувватлаш учун мамлакатимиз ташкилотлари томонидан лойиҳа, конструкторлик, экологик ва бошқа билим ва тажрибани эгаллашни, келажакдаги АЭСлар референт технологияларини танлаш учун ядро технологиялари тенденцияларини ўрганиш.

Шунингдек, 2019-2029 йилларда Ўзбекистон Республикасида атом энергетикасини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Йўл харитаси қуйидаги тадбирларни бажаришни ўз ичига олган: 

• ядро хавфсизлиги соҳасидаги халқаро конвенцияларга қўшилиш ёки уларнинг қоидаларини Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига имплементация қилиш, шунингдек атом энергиясидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш соҳасида нормалар ва қоидаларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш;

• майдончани танлаш ва АЭСни жойлаштиришни лицензиялаш, АЭС ва унинг ташқи инфратузилма объектларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланишга топшириш;

• атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва радиация ҳимояси, шу жумладан ишлатиб бўлинган ядро ёқилғисини олиб чиқиш ва сақлаш, шунингдек янги ва ишлатиб бўлинган ядро ёқилғиси билан ишлаш;

• атом илм-фани ва технологияларини, шу жумладан иқтисодиёт ва ижтимоий соҳа тармоқлари учун ноэнергетик ядро технологияларини, ядро тиббиёти ва радиокимёни ривожлантириш;

• Концепцияда назарда тутилган тадбирларнинг амалга оширилишини мониторинг ва назорат қилиш.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг тегишли ўринбосарлари зиммасига “Йўл харитаси”да назарда тутилган чора-тадбирларни амалга ошириш бўйича вазирлик ва идоралар фаолиятини самарали ташкил этиш ҳамда мувофиқлаштириш, шунингдек унинг бажарилишини ҳар чорақда танқидий муҳокама қилишни ташкил этиш;

вазирлик ва идоралар раҳбарлари зиммасига мустақил экспертларни, шу жумладан хорижий экспертларни кенг жалб этган ҳолда “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирларни ўз вақтида бажариш;

илмий-тадқиқот ва таълим муассасалари раҳбарлари зиммасига “Йўл харитаси”да назарда тутилган тадбирлар доирасида фундаментал ва амалий фанни ривожлантиришни, шунингдек атом энергетикаси учун малакали кадрлар тайёрлашни таъминлаш юзасидан шахсий жавобгарлик белгиланди.

Мавзуга оид