Жаҳон | 16:06 / 12.02.2019
14065
3 дақиқада ўқилади

Марсга парвоз лойиҳаси банкрот дея эълон қилинди

Фото: Forbes

Mars One лойиҳаси банкротга учради, дея хабар беради Forbes журнали. Нима учун Марсга парвоз бекор бўлди?

Лойиҳа тижорий Mars One Ventures ва нотижорий Mars One фондини ўз ичига олганди. Суд қарори вақтига кўра, 100 миллион долларга баҳоланган Mars One Ventures банкротга учради. Engadget маълумотига кўра, лойиҳанинг бор маблағи – Британия филиали ҳисобидаги 20 минг фунт стерлинг. Нотижорий фонд ўз фаолиятини давом эттирмоқда, бироқ қандайдир реал хатти-ҳаракатлар учун маблағга эга эмас. Лансдорп муаммо ечимини топишга умид қилмоқда. 

Ландспортнинг ғояси аввал бошданоқ шубҳа уйғотган эди. Лойиҳа 2012 йилда Нидерландияда йўлга қўйилган. У Марс сайёрасига колонистларни бир томон чипта билан йўллашни кўзда тутган. Лойиҳани Қизил сайёрага илк парвоз қилган кишилар ҳаётини реал вақт режимида намойиш қилиши кўзланган ТВ-шоулар ҳисобига молиялаштириш режалаштирилганди.

Бироқ 2012 йилда одамларни Марсга етказувчи техник воситалар бўлмаган ва ҳатто ҳозир ҳам бунинг учун зарур қувватдаги ракеталар энди ишлаб чиқилмоқда. Боз устига, Лансдорп космик парвозлар ва ўзга сайёраларни тадқиқ қилиш бўйича мутахассис эмас, космик агентликлар мутахассисларини ҳам лойиҳага жалб қилмаган. Масалан, Илон Маск SpaceX фаолиятини Марсга етиш учун кўп миллионли инвестициялар ва совет баллистик ракеталарини сотиб олишга уринишдан бошлаган. Хариднинг уддасидан чиқилмагач, Маск орбитага юк ташишни амалга оширувчи Falcon ташувчисини яратиш учун NASA’нинг кўплаб мутахассисларини ишга ёллади. Асосчининг сўзларига кўра, ракетанинг иккинчи версияси – ўта оғир Falcon Heavy SpaceX’ни ишлаб чиқиш учун 1 миллиард доллар атрофида маблағ сарфланган. 

Mars One ўз фаолияти даврида 14 миллион доллар атрофидаги маблағни жалб қилди, бу ракеталар ва Марс базасини яратиш учун етмаслиги аниқ эди. Қизиғи, Марсга ортга қайтиш имконисиз парвоз қилишга тайёр 200 нафар кўнгилли тўпланган эди. Мавжуд маълумотларга кўра, рўйхатдан ўтиш учун улардан 10-40 доллардан йиғилган. 

Қандай бўлмасин, Mars One лойиҳаси тарихдан жой олди: камида ғаройиб ижтимоий тажриба ўтказилиб, Марс орзусидаги ёки ердаги муаммолардан чарчаган неча киши ўзга сайёрага парвозга тайёр экани аниқланди. Бироқ Лансдорп 2020 йилда - Марсга парвозни, 2030 йилда эса у ерда жойлашиш имконига доир ҳақиқатдан йироқ маълумотларни бериб, юз минглаб кўнгиллилар ва миллионлаб томошабинларни алдаган. 

Умуман олганда, Mars One лойиҳаси банкротлиги келгусида космик соҳага ижобий таъсир кўрсатади, чунки бундай шубҳали лойиҳалар доим реал, лекин таваккалли миссияларга соя солади. 

Мавзуга оид