Ўзбекистон | 18:07 / 20.02.2019
9478
2 дақиқада ўқилади

Аввалги давр учун қўшимча солиқ ҳисоблашдан озод бўлиш шарти маълум қилинди

Ташкилотлар 2019 йил 1 апрелга қадар ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондини ихтиёрий равишда расмийлаштирса, аввалги ҳисобот даврларида ходимлар сонини яширганлик учун солиқларни қўшимча ҳисоблашдан озод қилинади.

Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Носир Мавлоновнинг ЎзАга айтишича, ҳудудларда олиб борилаётган паспортлаштириш жараёни, профилактик суҳбатлар давомида 2019 йил 23 январдан 19 февралга қадар 2 минг 934 корхонада қонуний расмийлаштирмасдан иш ҳақи тўлаб келинаётган 14 минг 127 нафар ишчи-ходим билан меҳнат шартномаси расмийлаштирилган.

«Уларнинг 1 минг 449 нафари савдо ва умумий овқатланиш, 4 минг 734 нафари ишлаб чиқариш, 6 минг 808 нафари қишлоқ хўжалиги, 1 минг 136 нафари қурилиш корхоналари ҳисобига тўғри келади», – дейди у.

Солиқ ислоҳотларини амалга ошириш жараёнида тадбиркорлик субъектлари томонидан солиқ қонунчилигига риоя этилишини профилактика қилиш мақсадида ялпи паспортлаштириш (кўздан кечириш ҳамда сўров ўтказиш) тадбирлари бошланган.

Давлат солиқ қўмитасининг таъкидлашича, тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳеч қандай маъмурий ва молиявий жарималар қўлланилмайди ҳамда мавжуд тушунмовчиликлар ва камчиликлар ҳамкорликда бартараф этилади.

Мавзуга оид