Спорт | 15:09 / 20.02.2019
7743
2 дақиқада ўқилади

Лэмпард «Челси»га қайтиши мумкин

«Челси» бош мураббий лавозимига икки нафар номзодни кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда Sky Sports хабар берди.

«Аристократлар» Маурицио Сарри истеъфога чиқарилган тақдирда унинг ўрнига «Реал»нинг собиқ бош мураббийи Зинедин Зиданни, ёки жамоанинг собиқ футболчиси, айни пайтда «Дерби Каунти»ни бошқараётган Фрэнк Лэмпардни таклиф этишмоқчи.

Қайд этилишича, сўнгги вақтлардаги натижалар раҳбариятни хавотирга қўймоқда. Клуб охирги учта ўйиндан иккитасида мағлубиятга учради. Дастлаб АПЛда «Манчестер Сити» (0:6), сўнг Англия кубогида «Манчестер Юнайтед»га (0:2) имконият бой берилди.

Шу муносабат билан Саррининг лавозимида қолиши эҳтимоли камайган. «Стэмфорд Бриж»дагилар жамоани мавсум охирига қадар Саррининг ассистенти Жанфранко Дзолага ишониб топшириш вариантини ҳам кўриб чиқишмоқда.

Бошқа манбаларда амалдаги италиялик мураббий ҳали камида иккита ўйинда бош мураббий бўлиши айтилмоқда. Бу борада якуний қарорни клуб хўжайини Роман Абрамович қабул қилади.

Эслатиб ўтамиз, Лондон шаҳри жамоаси Премьер-лиганинг 26-туридан кейин олтинчи ўринда бормоқда.

Мавзуга оид