Ўзбекистон | 14:45 / 27.02.2019
14941
3 дақиқада ўқилади

Тошкентдан Деҳлига учган самолёт манзилга етиб борди. Ҳиндистонга кейинги рейслар бўйича ўзгаришлар бўлиши кутилмоқда

Ҳиндистон ва Покистон ўртасидаги ҳарбий кескинлик юзага келиши оқибатида авиакомпаниялар, жумладан, Uzbekistan Airways Покистон ҳаво кенгликлари орқали учишни вақтинча тўхтатишга мажбур бўлди.

Бугун Тошкентдан Деҳлига соат 7:55да учган самолёт, Кашмирда эскалация юзага келишидан аввалроқ Покистон ҳаво кенглигидан ўтиб, белгиланган вақтда, соат 11:25да Деҳлидаги аэропортга қўнди.

Аммо шу куни кейинроқ, соат 9:40да Тошкентдан Ҳиндистоннинг бошқа бир шаҳри Амритсарга парвоз қилган самолёт Покистон ўз ҳаво кенглигини ёпиши туфайли ортга қайтиб, соат 12:35да Тошкентга қўнди (Boeing 767 русумли мазкур самолёт режага кўра соат 12:40да Амритсарга қўниши белгиланганди). 

Ўз навбатида, Rossiya Airlines’нинг Москвадан Бангкокка учаётган рейси ҳам парвозни тўхтатиб, Тошкентга қўнишга мажбур бўлган.

Uzbekistan Airways матбуот хизмати Kun.uz’га маълум қилишича, айни вақтда Ҳиндистонга парвозларни амалга ошириш учун айланма йўналишларни ишлаб чиқиш масаласи ҳал этилмоқда.

Авиакомпания сайтидаги рейслар жадвалига кўра, ҳафта охиригача Ўзбекистондан Ҳиндистонга 2 йўналиш бўйича жами 5та рейс белгиланган: Тошкентдан Деҳлига 1 март, жума куни (00:05да), 2 март, шанба куни (08:05да) ва 3 март, якшанба куни (23:00да), Тошкентдан Амритсарга 1 март жума куни (00:30да) ва 2 март, шанба куни (08:05да). Шунингдек, ҳафта давомида Ҳиндистондан Ўзбекистонга самолётлар қайтиши керак.

Ҳафта давомида Тошкентдан Покистоннинг Лаҳор шаҳрига ҳам иккита рейс белгиланган: 1 март, жума куни (00:15да) ва 2 март, шанба куни (09:20да).

14 февраль куни Кашмирда 45 нафар ҳиндистонлик ҳарбий ўлимига олиб келган, Покистонда ҳаракатланувчи «Жаиши Муҳаммад» гуруҳи томонидан содир этилган терактдан кейин Покистон ва Ҳиндистон ўртасида сиёсий таранглик юзага келди. 

26 февраль куни Ҳиндистон ҳукумати «Жаиши Муҳаммад» террорчилик ташкилотининг Покистон ҳудудидаги лагерларига зарба берди. 

Шу куни Покистон томони ҳинд ҳарбий самолётлари мамлакат ҳаво кенгликларини бузиб ўтганини тасдиқлади, бироқ Ҳиндистоннинг «юзлаб террорчилар йўқ қилинди» деган баёнотини рад этди. 

27 февраль куни эса Покистон Кашмирнинг ўз назорати остидаги қисмида Ҳиндистоннинг иккита ҳарбий самолётини уриб туширганини эълон қилди. Покистон Қуролли кучлари вакили Асир Ғофурнинг маълум қилишича, ҳужумга учраган самолётлардан бири Кашмирнинг Ҳиндистон қисмига қулаган, иккинчиси эса Покистон тарафга. Учувчилардан бири катапульта қилишга улгурган ва ерга тушиши билан қўлга олинган.

Кўп ўтмай, Ҳиндистон ҳарбий-ҳаво кучлари Покистонга қарашли бўлган F-16 кўп нишонли қирувчи самолёти уриб туширилганини маълум қилди. 

Айни вақтда икки мамлакат ҳам ўз ҳаво кенгликларини парвозлар учун ёпиб қўйган. Покистон айни вақтда Лаҳор, Сиалкот, Фейсалобод, Мўлтон ва Исломобод аэропортларини, Ҳиндистон эса Амритсар, Сринагар, Жамму ва Чандигарҳ аэропортларини ёпди.

Мавзуга оид