Спорт | 13:40 / 09.03.2019
24041
5 дақиқада ўқилади

«Ювентус»да янги юлдуз порламоқда. У янги Балотеллими ёки биринчи Кин?

Чемпионлар лигасининг нимчорак финали доирасида «Атлетико»га қарши кечадиган жавоб учрашуви олдидан Массимилиано Аллегри «Ювентус»нинг ҳужум учлигига дам берди: Роналду, Дибала ва Манжукич «Удинезе»га қарши ўйинни трибунадан томоша қилишди.

Туринликларнинг ҳужум чизиғи 19 ёшли Мойзе Кинга ишониб топширилди - у эса вазифани ортиғи билан уддалади. Биринчи бўлимдаёқ иккита гол урган футболчи иккинчи бўлимда пенальти ишлади.

Биринчи голда унга Алекс Сандро ёрдам берди.

Кейин у чиройли ҳаракат билан дарвозани ишғол қилди.

Иккинчи бўлимда у пенальти ишлади, аммо ҳет-трик кутиб турадиган бўлди - зарбани Эмре Жан ижро этди.

80-дақиқада Кин ўрнига «Юве»нинг бошқа тарбияланувчиси майдонга тушди - 18 ёшли Ханс Николусси-Кавилья туширилди. Туринликлар 4:1 ҳисобида ғалаба қозонди ва «Наполи» билан орадаги фарқни 19тага етказди (Карло Анчелотти жамоасида захира ўйини мавжуд). Қаторасига саккизинчи соврин яқин.

Мойзе Кин А Серияда илк марта дубль муаллифи бўлди. «Удинезе»га қарши ўйингача у чемпионат ўйинларида атиги 5 дақиқа ўйнаганди. Аммо у Италия Кубогида «Болонья»га қарши январь ойи бошида кечган ўйинда бошланғич таркибда тушганди ва гол урганди (2:0).

«Кин тўп учун курашларда ва ҳужумларни якунлашда жуда яхши ишламоқда, аммо у ўз ҳаракатларини мукаммаллаштириш ва аниқ қарорлар қабул қилиш борасида ҳали ишлаши керак. У ҳали 19 ёшда», деди «Удинезе»га қарши ўйиндан кейин Макс Аллегри.

«Юве» сафидаги дебют голини Кин 2017 йил майидаёқ урганди. Ўшанда у чемпионатнинг охирги турида «Болонья» дарвозасини ишғол қилганди. Ўшанда Мойзе А Серия тарихига гол урган футболчилар орасида 2000-йилдан кейин туғилган илк футболчи сифатида кирганди. Ўша йил ёзида футболчи «Верона»га ижарага берилган ва у бу жамоа сафида 19 ўйинда майдонга тушиб, 4та голга муаллифлик қилганди.

Кин «Юве»нинг А Сериядаги ўйинларида яхши самарадорлик қайд этган: унга бир гол учун 35 дақиқа талаб этилган (6 ўйин, 106 дақиқа, 3 гол).

Кин Пьемонтдаги Верчелли шаҳарчасида дунёга келган. Унинг ота-онаси келиб чиқишига кўра Кот-д’Ивуардан. Онаси Изабель урушдан қочиб Италияга чақалоғи билан келганди, Мойзега фуқаролик берилади.

2007 йилда Кин «Торино» академиясига қабул қилинган, уч йил ўтиб уни «Ювентус» ўзига жалб қилади. Футболчининг агенти Мино Райола ҳисобланади. У ёш талантни «Юве» академиясида пайқаб қолган. Райола туфайли Кин Ибраҳимович ва Балотелли билан танишган, бу футболчилар унга ўз тажрибалари билан ўртоқлашиб туришади.

2018 йилнинг кузида Кин илк марта Италия терма жамоасидан чақирув олди - катта эҳтимол билан Роберто Манчинида унинг Италия ёшлар термасидаги ўйинлари катта таассурот қолдирган (U19 ўртасида Евро-2018 турнирида 4та гол, иккитаси финалда). Кин АҚШга қарши ўртоқлик ўйинида (1:0) терма жамоа учун дебют қилган.

Кин Марио Балотелли билан шунчаки таниш эмас, балки Марио унинг кумири ҳамдир. Голларидан бирини Мойзе СуперМарио услубида нишонлаганди. Бир сафар машғулотга «Why always me?» («Нега ҳамиша мен?») ёзувли футболкада келган.

«Балотелли билан муносабатларимиз яхши. Менга унинг техникаси ва тезкорлиги ёқади. Аммо Балотелли - Балотелли, мен - Кинман», деганди ёш футболчи.

У Балотеллининг хатоларини такрорламоқчи эмас.

Унинг Турин клуби билан амалдаги шартномаси 2020 йилга қадар, клуб унга янги шартнома таклиф қилмоқчи. Қишки трансферлар вақтида бу футболчига «Милан» томонидан жиддий қизиқиш билдирилганди.

Мавзуга оид