Жамият | 18:19 / 14.03.2019
115254
11 дақиқада ўқилади

Кенжаев иши. Судланувчиларнинг пушаймонлиги, суд ҳукми ва отанинг эътирози

13 март куни Жамшид Кенжаевга нисбатан қилинган қотиллик юзасидан олиб борилган жиноят иши тугатилиб, суд ҳукми ўқилди. Қотиллик ишидаги асосий айбланувчи Шодали Қиличов 18 йил муддатга, қолган судланувчилар Саидазим Камолиддинов, Алижон Ҳамраев ва Жаҳонгир Ёрқуловнинг ҳар бири 5 йил муддатга қамалди.

Ҳукмни эълон қилишдан олдин судланувчиларга охирги сўз берилди. Барча судланувчилар айбига чин кўнгилдан пушаймонликларини билдириб, суддан енгилроқ жазо берилишини сўрашди. Уларнинг сўзларини тинглагандан сўнг, суд маслаҳатга кириб кетди. Маълум муддат ўтгандан сўнг, судлов ҳайъати қайтиб чиқди ва суд ҳукмини эълон қилди.

Видео: Mover (tas-ix)

Видео: Youtube

 

Суд ҳукми қуйидагича бўлди:

«Ўзбекистон Республикаси номидан ҳукм 2019 йил 13 март куни жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди ўз биносида, очиқ суд мажлисида, раислик Каримов, халқ маслаҳатчилари Мирагзамов ва Нишоновдан иборат таркибда судья катта ёрдамчиси Арипов ва Дадажоновнинг котиблигида тарафлардан давлат айбловчиси Тошкент шаҳар прокуратураси бўлим прокурори Усмонов, судланувчи Қиличов ва адвокат Султонов, судланувчи Камолдинов ва адвокат Алимқулов, судланувчи Ҳамроев ва адвокат Файзиев, судланувчи Ёрқулов ва адвокат Ҳусанов ҳамда жабрланувчининг қонуний вакили Мирзамуродова иштирокида Қиличов ва бошқаларга оид жиноят ишини кўриб чиқиб, судлов ҳайъати судланувчилар, жабрланувчининг қонуний вакили ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб жиноят иши хужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, суд ҳукм қилди:

Қиличов Шодали Ғуломжонович Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисм «в», «ж» бандларида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин ва Қиличовга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисм «в», «ж» бандлари билан 18 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташ белгилансин. Қиличовга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилсин. Жазо ўташ муддати 2018 йил 9 августдан бошлаб ҳисоблансин.

Қиличов Шодали Ғуломжонович

Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин. Камолдиновга Жиноят Кодексининг 277-моддаси (безорилик) 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгилансин. Камолдиновга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилсин. Жазо ўташ муддати 2018 йил 9 августдан бошлаб ҳисоблансин.

Камолдинов Саидазим Саидакбар ўғли

Ҳамраев Алижон Убайдуллаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин. Ҳамраевга Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгилансин. Ҳамраевга нисбатан қўлланган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилсин. Жазо ўташ муддати 2018 йил 9 августдан бошлаб ҳисоблансин.

Ҳамраев Алижон Убайдуллаевич

Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевич Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилсин. Ёрқуловга Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлансин. Жазони манзил-колонияларда ўташ белгилансин. Ҳамраевга нисбатан қўлланилган қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси аслича қолдирилсин. Жазо ўташ муддати 2018 йил 9 августдан бошлаб ҳисоблансин.

Ёрқулов Жаҳонгир Абдумусаевич

Далиллар, марҳум Кенжаевга тегишли кийимлар ҳукм кучга киргач йўқ қилинсин. Ашёвий далиллар 4 дона пичоқ, 4 дона бита, судланувчи Қиличовга тегишли бўлган бир дона футболка ва шим, Камолдиновга тегишли бўлган футболка ва Илясовга тегишли бўлган кийим-кечаклар ҳукм қонуний кучга киргач йўқ қилинсин. Манфаатдор томонларга етказилган моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилсин.

Суд бундай хулосага келишига демак, судланувчиларнинг жиноий ҳаракатлари тергов органи томонидан Қиличовнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 97-моддаси 2-қисм «в», «ж» бандлари билан тўғри квалификация қилинган деб ҳисоблайди. Чунки, у томондан жабрланувчи Кенжаевга етказилган тан жароҳати унинг ўлимига олиб келгани аниқланган, шу билан бирга судланувчилар Ҳамроев, Ёрқулов ва Камолдиновнинг жиноий ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан тўғри квалификация қилинган деб топди. Чунки, дастлабки тергов ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, Кенжаевнинг қўлида бўлган пичоқни олиш мақсадида ҳаракат қилишган. Улар Кенжаевнинг танаси учун муҳим органларга тан жароҳати етказишга реал имкониятга эга бўлса-да, улар томонидан бундай ҳаракатлар амалга оширилмаган.

Шу билан бирга, жабрланувчининг вакили Мирзамуродованинг иш бўйича бошқа тунги клубнинг бошқа қўриқчилари жавобгарликка жалб қилинмагани тергов органи томонидан судланувчилар Ҳамроев, Ёрқулов ва Камолдиновнинг ҳаракатлари Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси билан нотўғри квалификация қилингани ҳақидаги фикрлари юзасидан қуйидагиларни билдиради. Яъни, судланувчилар Ҳамроев ва Ёрқулов аниқланган ҳолатларга кўра, биталар билан Кенжаевнинг чап қўлига ва ўнг елка бўғими курак соҳаларига тан жароҳати етказган. Камолдинов эса қўлидаги пичоқни тортиб олиш ҳаракатларини кўрмасдан, аксинча ёнида бўлган пичоқ билан Кенжаевнинг думбасига икки марта уриб тан жароҳати етказган. Бу ҳолатлар эса иш юзасидан ўтказилган суд-тиббиёт экспертизасининг хулосалари билан аниқланган. Демак, Ҳамроев ва Ёрқулов томонидан Кенжаевга етказилган тан жароҳатлари оғирлик даражаси бўйича ўрта-оғир тан жароҳатларига кириши Камолдинов томонидан Кенжаевга етказилган тан жароҳати эса оғирлик даражаси бўйича соғлиқни қисқа муддатга олиб келган енгил тан жароҳатлари етказилгани аниқланган. Бундай ҳолатларда суд уларнинг ҳаракатлари 277-модда 3-қисми «г» банди билан квалификация қилинган деб ҳисоблайди.

Шу билан бирга, жабрланувчи томонидан мазкур ҳолат бўйича тунги клубнинг бошқа иштирокчилари ҳам жавобгарликка тортилмагани ҳақида важлар келтирди. Демак, иш ҳужжатларига кўра, дастлабки тергов органи томонидан терговнинг 2018 йил 21 декабрдаги қарорига кўра, мазкур қарор юзасидан ушбу тунги клубда қўриқчи вазифасида ишлаган Искандаров Фаррух Қудрат ўғли ва Мелис Анварович Азимовга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 277-моддаси 3-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган ва ушбу жиноят иши алоҳида иш юритувга ажратилган.

Бундан ташқари, суд мажлисида кўриб чиқилган видеоёзувга кўра, тунги клубнинг бошқа қўриқчилари Кенжаевга нисбатан бирор хатти-ҳаракат қилгани аниқланмади. Демак, суд судланувчиларга нисбатан жазо тайинлашда жиноят содир этилишига сабаб бўлган ҳолатларни ва келиб чиққан оқибатларни инобатга олди. Жумладан, дастлабки тергов ва судда аниқланган ҳолатларга кўра, жабрланувчи Кенжаев жиноят содир этишда туртки берган ҳуқуққа хилоф хулқ-атвори, яъни маст ҳолатда бўлган Кенжаев жамиятда юриш-туриш қоидаларини менсимасдан хизмат вазифасини олиб бораётган Илясовнинг юзига тарсаки уриб, унга ва Мирзаевга пичоқ билан тан жароҳати етказиб, уларга нисбатан енгил ва оғир тан жароҳати етказган. Мазкур ҳолат бўйича дастлабки тергов органи томонидан Кенжаевнинг ҳаракатларида Жиноят Кодексининг 109-моддаси (Қасддан баданга енгил шикаст етказиш) 2-қисми ва 104-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш) 2-қисми «е» банди билан назарда тутилган жиноят аломатлари мавжуд бўлсада, унинг вафот этгани инобатга олиниб, терговчининг қарорига асосан жиноят ишининг Кенжаевга нисбатан қисми Жиноят-процессуал Кодексининг 84-моддаси 1-қисми 3-бандига асосан ҳаракатдан тугатилди.  

Моддий ва маънавий зарар масаласига келадиган бўлсак, жабрланувчининг қонуний вакили томонидан ушбу содир этилган жиноий ҳаракатлар натижасида, гарчи улар томонидан келтирилган бўлса-да, қилинган сарф-харажатларни тасдиқлайдиган ҳужжатлар тақдим этилмади. Шу сабабли, суд жабрланувчи қонуний вакилига иш бўйича моддий ва маънавий зарарни ундириш масаласида фуқаролик тартибида судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари тушунтирилди. Бу жиноят иши бўйича моддий ва маънавий зарарни ундириш ҳақида мурожаат қилишдан маҳрум этмайди. Шу сабабдан, тасдиқлайдиган ҳужжатлар билан апелляция ёки кассация инстанциясига мурожаат қилиш ҳуқуқлари мавжуд.

Агар ҳукмдан норози тарафлар бўлса, ҳукм эълон қилинган кундан бошлаб судланувчи ва жабрланувчи ҳукм нусхасини олган кундан бошлаб 10 сутка ичида жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судининг апелляция инстанциясига ҳукм қонуний кучга киргандан сўнг эса кассация тартибида шикоят қилиш ҳуқуқлари тушунтириб ўтилади. Суд мажлиси ёпиқ деб эълон қилинади».

Суд ҳукми ўқилгандан сўнг, Kun.uz мухбири марҳум Жамшид Кенжаевнинг отаси Ёқубжон Кенжаевдан суд ҳукмига муносабат сўради.

Ёқубжон Кенжаев

«Ҳукмдан норозимиз. Бу Қиличов дегани учинчи ё тўртинчи марта одам ўлдириши. Бу ўта хавфли рецидивист. Умрбод қамоқ жазоси бериш керак эди. Қолганларга 10-15 йилдан бериш керак эди. Тўрт киши ўтирибди. У ерда ўн бир киши бўлишган. Олдига ўртоқларини яқинлаштиришмаган. Ётган одамнинг олдига ҳеч ким яқинлаштирилмаган. Атрофини ўраб туришган. Болам бечора 45 дақиқа атрофида ётган. Бу қанақа ваҳшийлик? Бу инсон боласи қилмайдиган ваҳшийлик. Уламолар айтганидек, фарзанд доғи энг ёмони, ҳеч кимга фарзанд доғини кўрсатмасин. Боламни маҳалла-кўйдагилар билади. Ҳеч ёмон тарафини кўрсатмас эди. Биз апелляцияга берамиз», дейди марҳумнинг отаси.

Мавзуга оид