Ўзбекистон | 09:00 / 17.03.2019
69837
4 дақиқада ўқилади

Президентликка собиқ номзод Маданият вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги ва Ёшлар иттифоқи фаолиятини танқид қилди

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуродов сўнгги вақтларда ижтимоий тармоқларда сиёсий партиялар хусусида билдирилган фикрлар ва бошқа муаммоларга муносабат билдирди.

«Икки кун аввал мен кўрдим, «Сиёсий партиялар нима иш қилаяпти, нимани ҳал қилишди?», «Умуман партиялар нима керак ўзи?» каби саволларни. Тан олиш керак, сўнгги икки йил ичида ҳаёт умуман ўзгариб кетди. Очиғини айтаман, олдинлари сиёсий партияларни ҳеч ким тан олмасди, тузук гаплашмасди. Ҳозир эса ҳафтасига камида 2-3та муаммо, масалалар кўтарилган хат вазирлик, идораларга кетяпти. Лекин бизнинг битта муаммомиз бор: тарғибот-ташвиқотимиз жуда бўш, суст», – дея партия раҳбарининг сўзларини келтирмоқда ЎзА.

Отамурадовнинг фикрича, оммавий ахборот воситалари, журналистлар савияси, кадрлар салоҳияти борасида ҳам айрим муаммолар бор.

«Ўтган йили биз республика бўйича маъданий мерос объектларини инвентаризация қилдик. Аслида бу ишни Маданият вазирлиги қилиши керак эди. Улар бюджетдан бу иш учун пул олади, аммо қилмаган. Вазирлик қаерда нима жойлашганини ҳам яхши билмайди, маданий мерос объектлари жойлашуви бўйича берган маълумотларининг 30-40 фоизи нотўғри, объектларнинг баъзилари бузилиб кетган. Вазирлик маълумотига қарасак, республикада тахминан 7480та объект бор, аслида улар 6975та. Қолганлари-чи? Йўқ, жойи теп-текис, асфальт ётқизилган ёки умуман бузилиб кетган. Бундан ташқари, 370та янги маданий объектни аниқладик. Бу йил ҳукуматга масала қўйдик, бу ишлар учун аввал ажратилаётган 50 миллиард сўм маблағни 67 миллиардга чиқардик. Маҳаллий бюджет харажатларидан ортган пулнинг бир қисмини мазкур муаммоларни ҳал этишга йўналтириш бўйича қарор қабул қилдик», – деган Отамуродов.

Унинг таъкидлашича, баъзи маданий мерос объектларининг кадастр ҳужжати йўқ, давлат муҳофазасига олинмаган. Мисол учун, Сурхондарё вилоятида жойлашган XVI асрда қурилган қадимий Абдулазизхон мадрасасини омборхона қилиб қўйишган.

«Партиямиз вакилари билан бу ҳудудни топиб, ўрганиб, расмлар, хулосаларни Маданият вазирлигига топширдик, ҳозирда бу борада ишлар олиб борилмоқда. Йил охиригача бу муаммо ҳал этилиши керак», – дейди у.

Отамуродовнинг сўзларига қараганда, Халқ таълим вазирлиги фаолиятида ҳам қатор камчиликлар бор. «Миллий тикланиш» демократик партияси вакиллари Сирдарё, Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятларидаги тарбияси оғир болалар учун мўлжалланган 4та махсус мактабга бориб вазиятни ўрганган: 

«Аҳвол криминал бўлиб ётибди, давлат бюджетидан ажратилган пуллар талон-торож. Ўзи шундоқ ҳам хулқи ёмон болалар орасида муҳит жуда ачинарли, ҳомиладор ёш қизлар бор, у шароитларда одам яшай олмайди. Мактабни битираман, деб турган ёшлар ҳарф танимайди, ўз исмини ҳам ёза олмайди. Бу жуда ачинарли, вазиятни ўрганиб бошимиз қотиб қолди. Қани бу ерда Халқ таълим вазирлигининг масъулияти, нега бу муаммоларга етиб боришмаяпти? Бу саволларга жавоб сўрайдиган вақт ҳам келди. Биз бу махсус мактаблардаги муаммоларни ҳукумат, Бош вазир даражасигача олиб чиқдик, прокуратура органлари ҳам шуғулланди. Ҳозир бироз бўлса-да вазият яхшиланмоқда», – деган Сарвар Отамуродов.

Партия марказий кенгаши раисининг айтишича, Ёшлар иттифоқининг ҳам тақдим этаётган айрим статистикалари реал ҳаётга мос келмайди, амалда бу кўрсаткичлар умуман бошқача.

Эслатиб ўтамиз, Сарвар Отамуродов Ўзбекистон президентлиги учун собиқ номзод ҳисобланади. У 2016 йилнинг декабрида ўтказилган сайловда «Миллий тикланиш» партиясидан номзод сифатида иштирок этганди.

Мавзуга оид