Ўзбекистон | 15:31 / 20.03.2019
94859
4 дақиқада ўқилади

Абдулла Ориповнинг рафиқаси шоирнинг Ислом Каримов ва Шавкат Мирзиёев билан муносабатлари ҳақида гапирди

Ўзбекистон халқ шоири Абдулла Ориповнинг умр йўлдоши Ҳанифа Мустафоева ЎзА’га турмуш ўртоғининг сўнгги йиллари ҳақида гапириб берди.

«Абдулла аканинг охирги етти йилда кўнглига озгина ёруғлик кирган бўлса, бу Шавкат ака туфайли бўлди (Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев - таҳ.). Ҳамма, ҳаттоки шогирдлари ҳам юз ўгириб кетди. Шундай давр келдики, улар эшикнинг ёнидан ўтишса ҳам, уйга киришмасди. Уюшмага қўнғироқ қилганида, у ердагилар кўтармасди. Ҳаттоки, поликлиникага қўнғироқ қилса, у ердаги врач телефонни кўтармас эди. Анави чол телефон қиляпти, дейишар экан», - дейди у.

76 ёшли Абдулла Орипов ўлимидан олдин сўнгги икки ой давомида АҚШнинг Техас штатида қизи Мавлуда Орипованинг уйида меҳмонда бўлган.

Шоирнинг хотини маълум қилишича, ўша вақтда фақатгина Шавкат Мирзиёев Ориповга ёрдам кўрсатган.

«Шавкат ака шу етти йил давомида Наврўз ва янги йилни нишонлаш вақтида уни йўқлаб турди. Мен Шавкат акани Мирзо Улуғбек тумани ҳокими бўлиб ишлаётганида биринчи марта кўргандим. Кейин Жиззахда ишлади, Самарқандда ҳоким бўлди. Лекин ҳамма вақт Абдулла ака билан доимий алоқада бўлар эдилар. Нима иш қилсалар ҳам чақирардилар. Абдулла ака бир ойда беш-олти марта бориб келардилар. Агар охирги вақтда Абдулла аканинг қалбига жиндай нур кирган бўлса, бу шу одам туфайли бўлди», - дея таъкидлаб ўтди Ҳанифа Мустафоева.

Шунингдек, у Биринчи Президент Ислом Каримов ва шоир Абдулла Ориповнинг муносабатлари ҳақида гапириб берди.

«Мен тирик гувоҳманки, Абдулла ака умрининг охиригача Биринчи Президент ҳақида ёмон фикрга ҳам бормади, ёмон кўрмади ҳам шу одамни. Буни унинг атрофидагилар қиляпти, бу менга эмас, президентнинг ўзига қилинган нарса, деб ҳисоблардилар. Хафа бўлмас эдилар ҳеч қачон. Лекин етти йил ичидаги изтиробларини мен ҳеч ҳам ҳазм қила олмайман. Абдулла аканинг бутун умри бир бўлди, шу охирги етти йилда уйда ўтиргани бир бўлди», - деди у.

Ҳанифа Мустафоеванинг маълум қилишича, ўша вақтда шоирни матбуот, телевидениедан узоқлаштиришган.

«Натижада, у умрининг охирида интернет билан боғланди», - дея қайд этиб ўтди у.

Эслатиб ўтамиз, халқ шоири, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон давлат мадҳияси муаллифи Абдулла Орипов 2016 йил 5 ноябрь куни АҚШнинг Техас штати Ҳьюстон шаҳридаги клиникада узоқ хасталикдан сўнг вафот этган эди. 

Абдулла Орипов 1941 йили Қашқадарё вилоятининг Косон туманидаги Некўз қишлоғида туғилган. 1963 йили Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг филология факультетини тамомлаган. У ўз меҳнат фаолиятини “Шарқ юлдузи” журналида адабий ходим сифатида бошлаган. Кейинчалик мамлакатнинг турли нашриётларида муҳаррир, “Гулхан” журнали бош муҳаррири, Муаллифлик ҳуқуқини ҳимоя қилиш республика агентлиги директори вазифаларида меҳнат қилган. Кўп йиллар мобайнида Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида фаолият кўрсатиб, адабий маслаҳатчиликдан ушбу нуфузли ижодий ташкилотнинг раиси лавозимигача бўлган масъулиятли йўлни босиб ўтган.  

Абдулла Орипов кўп йиллар давомида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси депутати ва Сенати аъзоси сифатида ҳам фаолият олиб борган. У “Ўзбекистон халқ шоири”, “Ўзбекистон Қаҳрамони” фахрий унвонлари, Ўзбекистон Республикаси Давлат мукофоти ва “Дўстлик” ордени билан мукофотланган эди.

Мавзуга оид