Спорт | 12:30 / 24.03.2019
5214
3 дақиқада ўқилади

«Ёшарган» Италия. Финляндия билан ўйинда бир қатор эътиборли натижалар қайд этилди

Италия миллий жамоаси Евро-2020 саралашининг 1-турида Финляндияни мағлуб этди. 19 ёшли Мойзе Кин ҳамда 22 ёшли Никола Барела томонидан урилган голлар «Мовий гвардия»га ғалаба келтирди. Бу ўйинда Италия бир қатор эътиборга молик натижалар қайд этди.

Аввало иккинчи ёшлигини ўтказаётган Фабио Куальярелланинг майдонга тушганини таъкидлаш керак. «Сампдория»нинг 36 ёшли ҳужумчиси А Серияда 21та гол уриб тўпурар бўлиб тургани сабаб терма жамоадан чақирув олганди. Манчини Финляндияга қарши ўйиннинг 80-дақиқасида Куальяреллани майдонга туширди. Ҳужумчи охирги марта Италия миллий жамоаси сафида 2010 йилда, яъни 3 048 кун аввал майдонга тушганди.

Финляндияга қарши ўйинда «Скуадро Адзурра» ўзига хос «қуруқ» суриясини давом эттирди. Манчини мураббийлигидаги жамоа 4та ўйиндан буён гол ўтказиб юбормаяпти. Бундай натижани Италия миллий жамоаси охирги уч йилда илк марта қайд этди. «Мовий гвардия» АҚШ (1:0), Португалия (0:0) ва Польша (1:0) билан ўйинларда ҳам ўз дарвозасидан гол ўтказиб юбормаганди.

Охирги марта италияликлар 2016 йил Антонио Конте мураббийлигида 4 ўйиндан иборат «қуруқ» серия қайд этишганди. Ўшанда жамоа Шотландия, Финляндия, Бельгия ва Швецияга қарши ўйинларда гол ўтказиб юбормаган.

«Скуадра адзурра»нинг охирги 15 голи турли 15 футболчи томонидан урилган.

Бу анъана 2017 йилнинг июнида Лихтенштейннинг йирик ҳисобда тор-мор этилишидан (5:0) бошланган, ўшандан буён Италия термаси сафида Маттео Политано, Кристиано Бираги, Федерико Бернардески, Жоржиньо, Симоне Дзадза, Леонардо Бонуччи, Андреа Белотти, Марио Балотелли, Лоренцо Инсинье, Антонио Кандрева, Жоржо Кьеллини, Чиро Иммобиле ва Маноло Габбьядини биттадан гол уришганди. Энди улар сафига Никола Барела ва Мойзе Кин қўшилди.

Финляндия билан ўйинда Италия йирик мусобақалар саралаши доирасида ўз майдонидаги мағлубиятсиз сериясини 47та ўйинга узайтирганини ҳам таъкидаш керак. «Ювентус»нинг 19 ёшли ҳужумчиси Мойзе Кин эса миллий жамоа сафидаги илк расмий ўйинидаёқ гол уриб, бундай натижага эришган иккинчи энг ёш италиялик футболчига айланди.

Мавзуга оид