Жамият | 22:04 / 01.04.2019
8255
4 дақиқада ўқилади

Хоразм вилоятида АКТ ривожи учун 21 миллиард сўм ажратилди

Фото: АКТ вазирлиги

Хоразм вилояти ҳокимлиги ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантириш учун 21 миллиард сўм ажратади. Kun.uz Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрмановнинг «Ҳудудларда ахборот технологиялари ва коммуникациялари соҳасини ривожлантиришда маҳаллий давлат ҳокимлик органлари билан ҳамкорлик муносабатлари» мавзуида республика семинаридаги баёнотига асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиалида бўлиб ўтаётган ушбу тадбирда АКТ соҳасида ҳудудларда амалга оширилаётган лойиҳалар билан яқиндан танишиш ва тажриба алмашиш, эришилган натижаларни тизимдаги корхоналар ўртасида кенг тарғиб қилиш, соҳа ходимларининг касбий малакаси ва билим даражасини ошириш масалалари кўрилмоқда.

Фото: АКТ вазирлиги

Семинарнинг очилишида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов ва Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов сўзга чиқишди.

"Кенг мақсадларни кўзлаган мазкур семинар биринчи маротаба вилоят ҳокимлиги билан бирга ўтказилмоқда, – деди Шуҳрат Содиқов. – Семинар ўзаро тажрибалар алмашиш, янги ғоялар туғилишига катта туртки беради, деб ўйлайман. Давлат раҳбарининг ташаббусига асосан ҳудудларда ёшларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш, касб-ҳунарга ўргатиш, ахборот технологиялари бўйича саводхонлигини ошириш мақсадида Рақамли технологиялар ўқув марказлари ташкил қилиняпти. Шундай марказлар, Наманган, Сирдарё, куни кеча Бухоро вилоятида очилди. Хоразм вилоятида 2019-2020 йиллар давомида ана шундай марказлардан 12 та ташкил этилади ва бу марказларда 11 мингдан зиёд хоразмлик ёшлар ўқитилади, 1061 та мактабгача таълим, халқ таълими ва соғлиқни сақлаш муассасалари юқори тезликдаги интернет тармоғига уланади, мазкур мақсадлар учун қарийб 111 млрд. сўм маблағ сарфланиши режалаштирилган".

Хоразм вилояти ҳокими Фарҳод Эрманов вилоятда телекоммуникация инфратузилмасини ривожлантириш учун маҳаллий бюджетдан 21 миллиард сўм ажратилишини айтди ва ахборот-коммуникация технологиялари бўйича ҳамкорлик янада кучайишига умид билдирди.

Семинар иштирокчилари ТАТУ Урганч филиалидаги ишлар билан танишишди. Хусусан, АКТ вазири ва Хоразм вилояти ҳокими иштирокида филиалда спорт мажмуаси, Ахборот технологиялари ва инновациялар маркази, 200 ўринли талабалар ошхонаси очилди.Талаба-ёшлар туризм, тиббиёт, тижорат, хавфсиз ҳудуд, «Ақлли уй» сингари инновацион лойиҳалари тақдимотини ўтказишди. Мутахассислар «Алоқабанк» билан ҳамкорликда йўлга қўйилган асаларичилик фаолияти ҳақида сўзлаб беришди.

Фото: АКТ вазирлиги
Фото: АКТ вазирлиги

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шуҳрат Содиқов вазирлик томонидан ТАТУ Урганч филиалининг Ахборот технологиялари ва инновациялар марказига “Damas” автомобилини совға қилди.

Вазирлик томонидан Хоразм вилоят халқ таълими бошқармаси билан ҳамкорликда Урганч шаҳридаги 30-мактабда компьютер технологиялари, робототехника, киберспорт бўйича махсус тўгарак ташкил этилган. АКТ вазири ва вилоят ҳокими мазкур тўгаракда бўлиб, ўқувчилар билан суҳбатлашишди, уларга китоблар совға қилишди.

Фото: АКТ вазирлиги

Бундан ташқари, шу куни Хива шаҳрида Рақамли технологиялари ўқув маркази очилди, унда АКТ вазири ҳамда Хива шаҳри ҳокими иштирок этди. Тадбир иштирокчилари шаҳардаги Хива алоқа тарихи музейи фаолияти билан ҳам танишишди.

Мавзуга оид