Урушлар ва ихтилофларга сабаб бўлаётган баҳсли ҳудудлар
Бу мавзу кўлами жуда кенг. Сабаби, ҳар бир давлат қўшниси билан баҳсли ҳудудга эга, десак муболоға бўлмайди. Бу ихтилофларни шартли равишда тўрт тоифага бўлиш мумкин: 1. Унутилган; 2. Унутилмаган бўлса-да, ўзаро муносабатларни мураккаблаштирмаслик учун кун тартибига қўйилмайди; 3. Кун тартибига қўйилади ва мунтазам музокаралар олиб борилади, аммо айтарли натижаларга эришилмайди; 4. Музокараларда бирор натижага эришилмаслиги аниқ бўлиб улгурган ва зиддиятларга, ёки янада ёмонроғи ҳақиқий жангларга киришиб кетилган.
Бундай ҳудудлар ниҳоятда кўплиги учун бугун кўпроқ шу тўртинчи тоифага тўхталамиз.
1. Тоғли Қорабоғ. Озарбойжон-Арманистон
СССР тарқалганидан сўнг жуда кўп баҳсли ҳудудлар муаммоси юзага чиқди. Лекин уларнинг бирортасидаги зиддият Тоғли Қорабоғдагичалик бўлган эмас. Сабаби, бу можарода икки қўшни миллат, икки дин вакиллари, икки принципиал рақиблар қўлларига қурол олдилар ва аямай қон тўкдилар. Ҳозир ҳам масалага узил-кесил ечим топилмаган ва музлатилган. Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан тан олинмаган 11 500 км.кв ҳудудли бу республикада 150 мингдан ортиқ киши яшайди ва давлат тили арман тили ҳисобланади. Аслида бу ҳудуд Озарбойжонга тегишли бўлса-да, аҳолининг кўпчилигини ташкил қилувчи арманлар ўзлари туркийлар деб атовчилар назорати остида яшашни истамай, қўлларига қурол олишган, бу қуролли зиддият уч йил давом этган ҳамда фақат ўт очишни тўхтатиш бўйича битим имзоланган. Тинчлик шартномаси ҳамон мавҳумлигича қолмоқда.
2. Қрим. Россия-Украина
Россия Қрим ярим ороли ва Севастополни 2014 йилда ўз таркибига қўшиб олди. Бунинг учун аҳоли ўртасида ўтказилган референдум натижалари асос сифатида кўрсатилганди. Аммо жаҳон ҳамжамияти бу референдум натижаларини тан олмагани ҳолда, Россиянинг бу ҳаракатларини аннексия (бошқа давлат ҳудудини зўрлик билан тортиб олиш), Украина томони эса оккупация (ўзга суверен давлат ҳудудида қуролли кучлар ишлатиш) деб баҳолади. Кўпчиликнинг қаршилигига қарамай Кремль позициясини ўзгартирмади ва Қрим қайтарилмади. Шундан сўнг етакчи давлатлар навбат билан Россияга қарши турли-туман санкциялар қўллай бошлади.
Шу кунларда бўлиб ўтаётган Украина президентлигига сайловларда деярли барча номзодлар ўз дастурларининг катта қисмини Россияга қарши кураш ва Қримни қайтаришга асослашган. Аммо амалда бунинг имкони борган сари камайиб бормоқда. Зиддият натижасида ўзаро оға-ини бўлган икки славян халқлари юзкўрмас бўлиб кетишди.
3. Жўлан тепаликлари. Сурия-Исроил
Расман Сурия тасарруфида бўлган Жўлан тепаликларининг муҳим қисми ярим асрдан ортиқ вақтки амалда Исроил назоратида турибди. Тепаликларнинг мудофаа тизимидаги стратегик аҳамиятидан ташқари катта миқдордаги чучук сув манбаси эканлиги чўлли ҳудудлардаги давлатлар учун тепаликнинг аҳамиятини ошириб юборади.
Бу можаро ҳам музлаб турган тоифага кириши мумкин эди. Аммо ҳар қандай масалада тош босувчи овозга эга бўлган АҚШ ҳукуматининг ҳудудни Исроилники деб тан олиши можарони кескин кучайтириб юборди. БМТ, дунёнинг деярли барча давлатлари, хусусан араб лигаси вакиллари бу қарорга кескин қарши чиқишди. Аммо ўзи шундоқ ҳам урушлар гирдобига тушиб қолган Суриянинг ҳудуд устидан назорат ўрната олиши, кимдир АҚШ президентини фикридан қайтара олиши амримаҳол.
4. Кашмир. Ҳиндистон-Покистон
Тоғлардан иборат бу ҳудуд гўзал табиати билан бирга стратегик аҳамияти билан ҳам можароларга сабаб бўлади. Кашмир муаммосини бемалол баҳсли ҳудудлар ичидаги энг зиддиятлиси, энг оғири ва хавфлиси деб аташ мумкин. Сабаби шу пайтга қадар ҳам икки қудратли давлатнинг тўлақонли урушига сабаб бўлган бу ҳудуд атом урушига туртки бўлиши мумкинлиги истисно этилмайди. Янада аянчлиси, Кашмир можароси ортида асрларга сингиб кетган ҳинд-мусулмон зиддияти ётадики, буниси энди энг аянчли натижаларга олиб келиши мумкинлигини тарих исботлаб бўлган. 1947 йилда бошланиб тинчиган уруш 1971, 1975, 1980, 1984, 1989 йилларда ҳам кузатилди. 1999 йилдаги йирик тўқнашувда ҳар икки томон мингдан ортиқ аскаридан айрилди. Бу ҳолат 2019 йилда ҳам юзага чиқди ва ҳануз узил-кесил ечим топилмади.
5. Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғи, Шарқий Қуддус. Исроил-Фаластин
Бу можаро узлуксизлиги ва амалда ечими йўқлиги билан эътиборга молик. Дунё янгиликларининг бирортаси бу мавзуга оид лавҳасиз ўтмайди, дейилса муболаға бўлмайди. Тор ҳудуддаги икки душман томоннинг зиддияти шу қадар тарихийки, инсоният яратилгандан бошлаб қиёматга қадар давом этувчи дея таърифланишда асос бордек туюлади.
Фаластиннинг ҳамон мухторият мақомидан қутулмагани, тўлақонли давлатга айлана олмагани, Исроилнинг ўз ҳудудини душманлари томон қадамба-қадам кенгайтириб бораётгани, етакчи давлатлар, хусусан АҚШнинг Исроилга бевосита ёки билвосита хайрихоҳлик билдираётгани ҳудуддаги яҳудийлар давлати позицияси мустаҳкамлигини таъминлайди. Ҳарбий салоҳият, иқтисодий қудрат бўйича ҳам Исроил анча илгарилаб кетган ва ён бергиси келмайди. Масаланинг яна бир нозик жиҳати Қуддус шаҳрининг ҳар икки дин вакиллари учун ҳам ниҳоятда муқаддас саналишидадир.
6. Жанубий Тибет. Хитой-Ҳиндистон
Бу икки йирик давлатнинг ҳар бири ўта қудратли армияга эга. Шу боис музлатилган бўлса-да, бу можаронинг ҳар қандай учқун натижасида ўт олиш эҳтимоли бор. Англия колонияларининг озод қилиниши кўпчилик ҳудудларнинг келажаги мавҳумлигига олиб келган. Шулар орасида Жанубий Тибет муаммоси ҳам туғилган ва Хитой ҳамда Ҳиндистоннинг ҳам ана шундай ҳужжатларни турлича талқин қилишларига сабаб бўлган. Масала фақат музокаралардаги тортишувларда қолиб кетмай, 1962 йилда ҳақиқий қуролли тўқнашувларга айланган. 322 кишининг ўлими, 2140 кишининг бедарак йўқолиши ва кўплаб ярадорларга сабаб бўлган бесамар урушдан кейин Хитой ўт очишни бир тарафлама тўхтатиш бўйича эълон қилган. Бунга СССРнинг Хитойни қўлламагани, АҚШ, Буюк Британия каби давлатлар Ҳиндистонга қурол етказиб беришга киришгани сабаб бўлган.
7. Ғазо сектори. Исроил-Фаластин
Хабарларда кенг ўрин тутувчи яна бир ҳудуд. Ҳозирги Исроил давлати шаклланишининг илк кунлариданоқ зиддиятларга ўралашиб кетиши яна бир бор шу давлатга эътибор қаратилишига сабаб бўлади. Ғазо сектори ҳудуди Миср тарафдан бетон тўсиқлар билан, Исроил тарафдан симтўрлар билан ўралгани, доимий блокада ва назоратда турганига қарамай у ердаги ХАМАС ташкилоти (кўпчилик давлатлар томонидан террористик деб тан олинган) доимий равишда қаршилик кўрсатиб келади. Бунинг учун етарли ресурслар бор – узунлиги атиги 40, эни 6-12 километрни ташкил қилувчи тор ҳудудда тахминан 1,8 млн аҳоли яшайди ва уларнинг деярли ҳар бири Исроилга қарши курашни муқаддас бурч ҳисоблайди.
Бундан ташқари, дунёда Россия ва Япония ўртасида Курил ороллари, Туркия ва Греция ўртасида Шимолий Кипр, номлар чалкашлигини келтириб чиқарадиган Хитой Республикаси ва Хитой Халқ Республикаси ўртасида Тайвань каби баҳсли ҳудудлар бор.
Бундай ҳудудлар тинчлик ва тараққиёт рамзи сифатида намоён бўлувчи Европа қитъасида ҳам ҳамон мавжудлиги ҳайратланарли. Швейцария, Австрия ва Германия ўртасида Боден кўли, Италия ва Франция ўртасидаги Монблан тоғи, Испания ва Буюк Британия ўртасидаги Гибралтар, Сербия ва Косово Республикаси ўртасидаги Шимолий Косово бунга ёрқин мисол бўла олади.
Маълумот учун: Ўзбекистон ҳам қўшнилари билан баҳсли ҳудудларга эга. Аммо сўнгги йилларда бу масалага жиддий эътибор қаратилиши, конструктив музокаралар олиб борилиши натижасида йиғилиб қолган муаммолар аста-секин ўз ечимини топа бошлаган.
Ўзбекистон Республикасининг Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятларининг Қирғизистон Республикасининг Жалолобод, Ўш ва Боткен вилоятларидаги давлат чегараларига туташ элликдан ортиқ участкаларда ҳамкорликдаги дала тадқиқотлари ўтказилган. Баҳсли ҳудудларнинг аксарияти бўйича ўзаро келишувларга эришилиб, қолганлари бўйича ҳам режалар тузиб олинган.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
13:38
“Болалар совуқдан музлаяпти” – БМТ вакиллари қиш фаластинликлар ҳаётини янада оғирлаштираётганини маълум қилди
15:36 / 23.12.2024
Қора денгиз соҳилларини мазут қоплади — танкерлар ҳалокати оқибатлари фотосуратларда
22:01 / 15.12.2024
Исроил Жўлан тепаликларида яҳудийлар сонини ошириш режасини қабул қилди
22:15 / 12.12.2024