Ўзбекистон | 16:50 / 03.04.2019
46304
2 дақиқада ўқилади

Тошкентда Юнусобод тумани собиқ ҳокими иши бўйича суд бўлиб ўтмоқда

Фото: KUN.UZ

Жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар судида судланувчилар Бахтиёр Абдусаматов (Юнусобод туман ҳокими лавозимида ишлаган), Ўлмас Мухамедсаидов (вақтинча ишсиз) ва Шохрух Маликов (Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК бош директори лавозимида ишлаган)га нисбатан жиноят ишини кўриб чиқиш бўйича очиқ суд бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот хизмати хабарига кўра, мазкур жиноий иш жиноят ишлари бўйича Тошкент шаҳар суди судьяси Зафар Нурматов раислигида кўриб чиқилмоқда.

Судланувчилар Б. Абдусаматов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 205-моддаси (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш), 210-моддаси (пора олиш), Ў. Мухамедсаидов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 28-моддаси (жиноят иштирокчиларининг турлари) орқали 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш) ва Ш. Маликов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси (пора бериш), 212-моддаси (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)да назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланмоқдалар.

Ҳозирги кунда суд тергови давом этиб, гувоҳларнинг кўрсатмалари тингланмоқда. Суд жараёни давом этмоқда. 

1976 йилда туғилган, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети (1996) ва Тошкент давлат иқтисодиёт университетини (2003) тамомлаган Бахтиёр Абдусаматов 2018 йилнинг сентябрь ойи бошларида катта миқдордаги пора билан қўлга олинганди.

Маълумотларга кўра, Б.Абдусаматов инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни пора тариқасида олаётган вақтида ушланган.

Мавзуга оид