Спорт | 09:32 / 07.04.2019
7075
2 дақиқада ўқилади

Усэйн Болт футболчи бўлиш орзусига қайтди. У “Пальмейрас” билан машғулотлар ўтказди

Фото: SE Palmeiras

Енгил атлетика бўйича 8 карра Олимпия чемпиони, афсонавий Усэйн Болт Бразилиянинг “Палмейрас” футбол клуби машғулот базасига ташриф буюрди. Собиқ спринтер таниқли мураббий Луис Фелипе Сколари нигоҳи остида асосий жамоа билан машғулот ўтказишга ҳам муваффақ бўлди. 

Болтга машғулотдан сўнг унинг исми ва 9,58 сони туширилган клуб футболкаси совға қилинган. 9,58 сони эса Болт 2009 йилда Берлиндаги жаҳон чемпионатида 100 метрга югуришда ўрнатган жаҳон рекордига ишора бўлиб, спортчи ўшанда масофани 9,58 сонияда югуриб ўтиб, жаҳон рекорди ўрнатган.

Аввалроқ Усэйн бошқа клублар, жумладан Дортмунднинг “Боруссия” ва Норвегиянинг “Стремсгодсет” клублари билан ҳам машқ қилган. Болт ҳаттоки 2018 йил июлда Австралиянинг “Сентрал Кост Маринерс” клуби билан шартнома имзолаб, унинг сафида 2 та голга муаллифлик қилган. Бироқ спринтер шартномани узайтириш бўйича келиша олмагани сабаб кузда жамоани тарк этган.

Кейинроқ дунёнинг энг чопағон одами бошқа профессионал футболчи бўлишга уринмаслигини маълум қилган ва ўзининг бу борадаги уринишларини “қувноқ саргузашт” деб атаган.

Мавзуга оид