Жаҳон | 14:35 / 09.04.2019
9445
3 дақиқада ўқилади

Ҳиндистонда «Фарғона жозибаси» либослар коллекцияси намойиш этилди

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

5-7 апрель кунлари Деҳли шаҳрида “The Delhi Times Fashion Week-2019” модалар ҳафталиги бўлиб ўтди. Модалар ҳафталигининг якунловчи қисмида машҳур ҳинд дизайнери, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият ва туризм элчиси Риту Бери ўзининг “Фарғона жозибаси” деб номланган махсус Ўзбекистонга бағишланган коллекциясини намойиш қилди. Ҳиндистондаги Ўзбекистон элчихонаси матбуот хизмати Kun.uz’га шу ҳақида хабар берди.

Риту Бери мазкур тадбир учун Ўзбекистондан келтирилган хонатлас, адрас ва бошқа анъанавий газламалардан фойдаланган ҳолда эксклюзив либослар тўпламини тақдим этди. Либослар тақдимотида ҳиндистонлик маданият арбоблари, дипломатик корпус вакиллари, машҳур моделлар ва киноюлдузлар иштирок этди.

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият ва туризм элчиси, таниқли ҳинд дизайнери Риту Бери либослар намойиши ҳақида шундай деди: “Мазкур эксклюзив тақдимотга ўзгача иштиёқ билан тайёргарлик кўрдик. Тақдим этилган либосларда ўзбек ва ҳинд миллий анъаналарини уйғунлаштирган ҳолда мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий дўстона алоқалар, маданий яқинликни акс эттиришга ҳаракат қилдик. Ўйлайманки, бунинг уддасидан чиқа олдик. Бу каби тадбирларни ташкил этиш орқали Ўзбекистоннинг маданий салоҳиятини кенг тарғиб этиш, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстона алоқаларни мустаҳкамлашга ҳисса қўшишдан бахтиёрман”.

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Таъкидлаш жоизки, тақдим этилган либосларнинг барчасида Ўзбекистондан келтирилган хонатлас ва адрас маҳсулотларидан кенг фойдаланилгани боис коллекция “Фарғона жозибаси” деб номланган.

“Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги маданият ва туризм элчиси”, атоқли дизайнер Риту Бери томонидан тайёрланган янги либослар тўпламини тақдим этишга шахсан иштирок этганимдан бағоят хурсандман. Ўзбек миллий газламаларининг ёрқин жиҳатларни ўзида акс эттирган бугунги тақдимот иштирокчиларда чуқур таассурот қолдирди. Бугун Ўзбекистоннинг улкан ва серқирра маданий салоҳиятини ўзим учун кашф қилдим”, - дейди таниқли ҳинд актрисаси Дивья Хосла Кумар.

Фото: Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги элчихонаси

Ҳиндистонлик туризм блоггери Каран Бхарважнинг фикрича, мазкур намойиш йиғилганларнинг Ўзбекистонга бўлган қизиқишини янада оширади: “Ўзбекистон ва Ҳиндистон миллий маданияти мухлисларини бугунги байрам кечаси билан табриклайман. Икки мамлакат халқларининг бой маданияти элементларини ўзида жам қилган бу тадбир барчада ўзгача қизиқиш уйғотди. Бугунги экслюзив коллекция намойишида иштирок этган ҳар бир кишида Ўзбекистонга ташриф буюриш ва унинг маданий меросидан бевосита баҳраманд бўлиш иштиёқи пайдо бўлгани шубҳасиз”.

Мавзуга оид