Light | 17:37 / 12.04.2019
28603
7 дақиқада ўқилади

Гўштсиз бургер: Америка фастфуд бизнесида инқилобий давр бошландими?

Фото: nestle.com

Америкада гўштсиз фастфуд яратиш йўлидаги изланишлар самараси амалга татбиқ этилди – 1 апрелдан бошлаб «Burger King»нинг АҚШдаги 59та тамаддихонасида таркибида гўшт мутлақо мавжуд бўлмаган котлетли бургерлар менюга киритилди. 2 апрелда эса «Nestle» тўлалигича ўсимлик маҳсулотлардан таркиб топган бургерларни Европа ва АҚШ бозорларига чиқаришини эълон қилди.

Гўштсиз бургернинг илк харидорларидан баъзилари дастлаб буни 1 апрель ҳазили, деб ўйладилар. Чунки гўштсиз ва гўштли бургерларни бир-биридан ажратиш жуда мушкул. Уларнинг кўриниши ва мазаси бир хил, ягона фарқи – биринчисининг ичига мол гўштидан тайёрланган котлет солинган, иккинчиси эса юз фоиз ўсимлик таркибга эга.

Гўштсиз бургернинг афзаллиги нимада?

«Burger King»нинг «Impossible Whopper» номли янги турдаги фастфуди учун гўштсиз котлетларни «Impossible Foods» компанияси етказиб беради. Ушбу компания гўшт ва сут маҳсулотларининг ўрнини босувчи озиқ-овқат ишланмаларини яратишга ихтисослашган. 2011 йилдан фаолият бошлаган ташкилот гўшт ва сутнинг ҳам мазаси, ҳам озуқавий хусусиятларини ўзида сақловчи муқобил маҳсулотлар тайёрлаб, дўкон ва ресторанларга етказиб беради.

«Impossible Foods» ўз фаолияти орқали чорвачилик саноатининг атроф-муҳитга етказадиган зарари кўламини камайтириш, аниқроғи глобал исишнинг олдини олишни мақсад қилган. Қандай қилиб дейсизми?

Фото: Brian Cooley/CNET

Тадқиқотларга кўра, битта сигир йилига ўртача 70-120 кг метан гази ҳосил қилади. Метан эса, худди карбонат ангидрид (CO2) каби, иссиқхона эффектини келтириб чиқарувчи газ ҳисобланади. Лекин уларни солиштирганда, метаннинг иқлимга салбий таъсири карбонат ангидриддан 23 мартага кўпроқдир. Бундан келиб чиқадики, бир бош сигир бир йилда атмосферага чиқарган 100 кг метан гази 2300 кг карбонат ангидридга эквивалент бўлади.

Таққослаш учун, 1000 литр бензин ёқилганда атмосферага айнан шунча – 2300 кг CO2 гази ажралади. 100 км масофа учун 8 литр бензин сарфлайдиган машинада эса сиз бунча ёнилғи билан 12500 км йўл юришингиз мумкин. Бу масофа – 20 маротаба Тошкентдан Самарқандга бориб, яна ортга қайтиш билан тенг. Ана шунда машинанинг иқлимга етказган зарари ҳажми битта сигирнинг бир йиллик зарари миқдорига тенглашади.

Дунё бўйлаб эса тахминан 1,5 миллиард бош сигир ва буқа бор... Умуман, БМТнинг Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (FAO) маълумотига кўра, бутун жаҳондаги иссиқхона газларининг 18 фоизи қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳиссасига тўғри келади. Бу – бутун бошли транспорт секторидан кўпроқ улуш демакдир.

Инсоният фаровонроқ ҳаёт кечира боргани сари Ер юзи аҳолиси ҳам, гўшт ва сут маҳсулотларини сотиб олишга қурби етадиган кишиларнинг улуши ҳам ортиб боряпти. 2000 йиллар бошида сайёрада йилига жами 229 млн тонна гўшт маҳсулотлари ишлаб чиқарилган бўлса, бу миқдор 2050 йилда икки баробарга ошиб, 465 млн тоннага етиши прогноз қилинган. Худди шу даврда сут маҳсулотлари 580 млн тоннадан 1043 млн тоннага ошиши кутиляпти.

Билл Гейтс ҳам фарқлай олмайди

Шундай шароитда, «Impossible Foods» гўштга муқобил вариантлар устида изланиш олиб бораётган ягона компания эмас. Мол ва товуқ гўштини қайта ишлаш ва сотиш бўйича жаҳонда иккинчи ўринда турувчи «Tyson Foods» компанияси ҳам шу йилнинг февраль ойида таркибида ҳайвон гўшти бўлмаган аналогик маҳсулотлар ишлаб чиқариш линиясини очишини эълон қилди.

Юқорида таъкидланганидек, шу ойдан бошлаб қадоқланган озиқ-овқат маҳсулотлари бизнесида жаҳоннинг энг йирик компанияси «Nestle» ҳам синтетик гўштли бургер маҳсулотларини дўкон ва супермаркетларга тарқатишни бошламоқда. Апрелда Европа бозорларида «Incredible Burger», кузда эса АҚШда «Awesome Burgers» номлари остида «Nestle»нинг вегетарианлар учун сунъий гўшт солинган фастфудлари сотила бошлайди. Янги маҳсулотнинг сотувлар ҳажми 2-3 йилда 1 млрд долларга етиши мумкинлиги айтилмоқда.

Бунга қадар, АҚШ тарихидаги биринчи фастфуд ресторанлари тармоғи – «White Castle» 2018 йил сентябрь ойида мамлакатнинг 13та штатидаги тамаддихоналарида ана шундай сунъий гўштдан тайёрланган котлетли слайдерларни сотувга чиқарганди.

Миллиардер Билл Гейтс эса 2013 йилдаёқ худди шу йўналишда изланиш олиб борувчи «Beyond Meat» стартапига миллионлаб инвестиция киритган:

«Бошқалар каби мен ҳам ўзимни лақма деб ҳисобламайман. Лекин менга товуқли такони еб кўриб, ундаги гўшт ҳақиқийми ёки сохта эканини айтишни сўрашганида ўзимни шундай ҳис қилдим.

Гўштнинг кўриниши ва ҳиди ҳақиқатан ҳам товуқникига ўхшарди. Тишлаб кўрсам, мазаси ва юмшоқлиги ҳам худди товуқникидек. Таомда бир грамм ҳам товуқ гўшти йўқлигини билганимда ҳайратда қолдим. «Гўшт» тўлалигича ўсимликлардан тайёрланганди. Мен ҳозиргача уларни фарқлай олмайман», – дея ҳикоя қилганди «Microsoft» асосчиси.

Таркиби, нархи ва саломатликка таъсири-чи?

Сунъий гўшт асосан ловиядан тайёрланади. Унга турли ингредиентлар, масалан, сув ўтлари, хамиртуруш, илдиз ҳужайралари қўшилади. Маҳсулот шундай тайёрланадики, ундан котлет пиширишда худди ҳақиқий қон оқаётгандек кўриниши мумкин.

Тўйимлилик жиҳатдан эса сунъий гўшт ўз «асли» билан бир хил – «Burger King»нинг ҳақиқий мол гўшти солинган воппери 660 калория, «Impossible Whopper» эса 630 калория озуқавий қийматга эга. Бунинг сабаби – муқобил маҳсулотни табиийсига ҳам маза, ҳам оғирлик, ҳам юмшоқ-қаттиқлиги жиҳатдан максимал даражада ўхшаш бўлиши учун унга ўшанча даражадаги оқсил ва ёғлар қўшилиши керак. Яъни сунъий гўштнинг барча турлари ҳам вазн ташлашда қўл келавермайди

Чапда – табиий, ўнгда – сунъий гўштли котлет солинган бургерлар
Фото: Brian Cooley/CNET

Янги фастфуднинг нархига келадиган бўлсак, уни сотувдаги стандарт бургерлар билан деярли бир хил қийматда сотиб олиш мумкин. Нарх борасида гап кетганда, бу йўналишдаги бизнеснинг ишлари чакки кетмаётганини таъкидлаш керак: «The Good Food» нотижорат ташкилоти таҳлилларига кўра, 2018 йилда АҚШда ўсимликлардан тайёрланган гўшт алтернативлари савдоси ҳажми 23 фоиздан кўпроққа ошиб, 760 млн долларга етган.

Бу кўрсаткич жорий йилдан бошлаб кескин ўсишини тахмин қилиш мумкин. Чунки, юқорида таъкидланганидек, 1 апрелдан «King Burger» Миссури штатидаги 59та тамаддихонасида синтетик гўштли бургерлар савдосини тест тариқасида йўлга қўйди. Синов муддати тугагач, шу йил охиригача машҳур брэнднинг АҚШдаги яна 7100та ресторанида ўсимлик таркибли гўштдан тайёрланган котлетли вопперлар сотуви бошланиши кутиляпти.

Мавзуга оид