Жамият | 12:17 / 14.04.2019
18940
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Мусулмонлари идораси ёнғинда жабр кўрганларга моддий ёрдам етказиб берди

13 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ташаббуси, Тошкент шаҳар вакиллиги, Шайхонтоҳур тумани имом-хатиблари иштирокида Тошкентда юз берган ёнғиндан жабр кўрган хонадон соҳибларига 200 000 000 сўмдан зиёд моддий ёрдами етказилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмий хабар тарқатди.

«Ёнғиндан жабр кўрган хонадон соҳиблари кўрсатилган саховат ва эътибор учун миннатдорчилик изҳор этиб, бу хайрли ишга ҳиссаси қўшилганлар ҳаққига дуои-хайрлар қилинди» , — дейилади маълумотномада.

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

Жорий йилнинг 18 март куни Тошкентнинг Шайхонтоҳур «Оқлон»  маҳалласидаги Кўкча Дарвоза, Фузулий ва Омон Мухторов кўчаларида жойлашган олтита хонадонда кучли ёнғин бўлиб, уйларнинг ҳаммаси барча жиҳозлари билан ёниб кетган ва 65 киши бошпанасиз қолган эди. Жами 380 кв.метр майдонда уйларнинг том қисмлари ва ички жиҳозлари бутунлай ёниб кетган.

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

8 апрель куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ёнғиндан жабр кўрган саккизта хонадон аҳлларидан хабар олиб, ҳамдардлик билдирган эди.

Фото: Ўзбекистон Мусулмонлари идораси

«Бундай қийин дамларда маҳалла аҳллари ҳам мусибат эгаларига астойдил ёрдам кўрсатаётгани, хусусан уйларидан бошпана бериб, ўз ризқи насибасининг ярмини қўшнилари билан баҳам кўраётгани таҳсинга сазовордир. Хонадонларни қайта қуриш ишлари ҳам халқ ҳашари йўлида давом этмоқда» , — дея қўшимча қилинади хабарда.

Мавзуга оид