Жамият | 18:52 / 16.04.2019
14380
7 дақиқада ўқилади

Жиззах вилоятининг Пахтакор туманида ободонлаштириш ишлари қандай кетмоқда?

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев январь ойида Жиззах вилоятига ташрифи чоғида вилоятдаги барча туман ва шаҳарлар марказларини Мирзачўл тумани маркази Гагарин шаҳри каби обод ва кўркам, аҳоли учун барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган ҳудудларга айлантириш вазифасини қўйган эди. Хўш, бу вазифалар қандай бажарилмоқда?

Жиззах вилоятининг Пахтакор тумани 1967 йилда ташкил этилган бўлиб, ҳозирги кунда аҳоли сони 72 минг 800 нафарни ташкил этади. Асосий инфратузилма объектлари барпо этилган вақт Жиззах чўлларини ўзлаштириш жараёнига тўғри келади. Афсуски, ўзининг қадоқ қўллари билан ризқ яратган, чўлларни обод қилишда жонбозлик кўрсатган чўлқуварлар фаолияти, уларнинг меҳнати-ю, ютуқлари ҳақида мақтов гаплар кўп гапирилса-да, амалда уларнинг турмуши ўз ҳолига ташлаб қўйилди. Салкам ярим аср давомида туманда саноат, уй-жой, ижтимоий объектларни бунёд этиш билан боғлиқ арзирли ишлар бажарилмади. Натижада уй-жойларни сақлаш, йўллар инфратузилмаси, коммунал, ижтимоий соҳалардаги ўткир муаммолар юзага чиқиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига, давлат идораларига бўлган мурожаатларининг ошишига олиб келди. Туманда “Обод қишлоқ”,”Обод маҳалла” дастури ҳамда «Илғор ҳудуд» лойиҳасининг изчил амалга оширишга киришилгани моҳиятан ана шундай муаммоларни бартараф этишга қаратилган.

Хусусан, бош режага мувофиқ, туман марказидаги “Дўстлик”, “Дилором”, “Ғалаба”, “Тошкент”, “Самарқанд”, “Олтинкўл” ва “Сувонобод” маҳаллаларидаги бир ҳолатга келиб қолган кўпқаватли ва якка тартибдаги уй-жойлар, боғча, мактаб, тиббиёт, маданият ва спорт масканлари, сервис, хизмат кўрсатиш, савдо нуқталари, муҳандислик-коммуникация тармоқларини яхшилаш юзасидан истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Бу борадаги ишларни ўз муддатида якунлаш учун зарур ишчи кучи ва техникалар жалб қилинган.

Олиб борилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари натижасида туман марказидаги асосий кўча – Шароф Рашидов номидаги кўчанинг қиёфаси кундан-кунга таниб бўлмас даражада ўзгариб бормоқда. Йўл четидаги бетон ариқлар янгиланиб, пиёдалар йўлакчалари қурилмоқда, ўртага тунги ёритгичлар ўрнатилди, яшил майсазорлар ташкил қилиниб, дарахт кўчатлари ва гуллар экилмоқда. Шу кўчада жойлашган уйлар, ижтимоий соҳа объектлари, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчаларининг ички ва ташқи қисмлари ҳамда атрофларида ҳам қурилиш-таъмирлаш ишлари бажариляпти.

Бош режа асосида янги қурилаётган 23 та, капитал реконструкция ва таъмирлаш ишлари бажарилаётган 49 та, жами 72 та объектнинг салмоқли қисми ҳам ана шу кўчада жойлашган. Туман тиббиёт бирлашмаси биноси ҳам дастур асосида замонавий ҳолатга келтирилди. 

Шу кунларда тумандаги 2-сонли мактабгача таълим муассасасида мукаммал таъмирлаш ишлари қизғин паллага кирган. Боғчанинг том ва пол қисмларини янгилаш, деворларнинг ички ва ташқи қисмларини замонавий ҳолатга келтириш билан боғлиқ ишлар бажарилмоқда. 10-сонли боғча замонавий ва кўркам кўринишга эга бўлмоқда. Янги барпо этилаётган 160 ўринли нодавлат мактабгача таълим муассасасида девор кўтариб том ёпиш, тўсиқларни ўрнатиш ишлари якунланиб, бино фасади ва ички қисмларида таъмирлаш ишлари давом этмоқда. Ана шундай ишлар 2-, 4-, 31-сонли мактабларда ҳам бажарилмоқда.

“Обод марказ” лойиҳаси асосида Пахтакорда ўнлаб янги савдо, сервис ва маиший хизмат кўрсатиш масканлари, меҳмонхона қад кўтаради, мавжудлари эса бугунги давр талаблари бўйича таъмирдан чиқариляпти. 

Ҳудудда узоқ йиллардан бери оғриқли масала бўлиб келаётган канализация, ичимлик суви, электр энергияси, табиий газ тармоқларини таъмирлаш ҳамда янгиларини барпо этиш ишлари жадал олиб бориляпти. 

 Кейинги икки йилда туман марказида янгиланган намунавий лойиҳалар асосида 480 хонадонга мўлжалланган 10 та кўпқаватли ҳамда 60 та уч хонадан иборат икки сотихли арзонлаштирилган намунали уйлар барпо этилгани шу пайтгача уй-жойга эга бўлолмаган кам таъминланган аҳоли қатлами вакиллари, ногиронлиги бўлган юртдошларимизнинг уй жойга бўлган талабини қондиришда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Бу йўналишдаги ишлар мазкур йилда ҳам давом эттирилиб, Пахтакорда 96 хонадонга мўлжалланган 2 та тўрт қаватли турар-жой қурилмоқда.

2017-2018 йилларда туман марказидаги абгор аҳволга келиб қолган 185 та кўпқаватли уйнинг 14 тасида мукаммал таъмирлаш ишлари бажарилган бўлса, жорий йилнинг шу даврига қадар 12 та кўпқаватли уйнинг том қисми, 5 тасининг фасад қисми мукаммал таъмирланди. 

Туман марказидаги маҳаллаларда 1960-1966 йиллар давомида қурилган 88 та барак типидаги уйларда 900 дан зиёд оила, 3 600 дан ортиқ аҳоли оддий маиший шароитлардан ҳам мосуво ҳолда кун кечириб келаётган эди. Номига бошпана вазифасини ўтаб турган бундай уйлар ҳар қандай қоидага солиб кўрилса ҳам ҳаёт хавфсизлиги талабларига мутлақо жавоб бермайди.

 Мана шундай ўта оғир шароитда яшовчи кўп сонли фуқароларнинг талаб ва истакларини инобатга олган ҳолда бундай уйларда яшовчи оилалар учун “Олтинкўл” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидан 19 гектар, “Олмазор” қишлоқ фуқаролар йиғини ҳудудидан 4,2 гектар ер майдонлари ажратиб беришга қарор қилинди. Мазкур янги массивларда 610 та уй барпо этилиши кўзда тутилмоқда.

Туманда 2018–2019 йиллар давомида саноат, қишлоқ хўжалиги ва хизмат кўрсатиш соҳасида умумий қиймати 260,5 млрд. сўм бўлган 66 та лойиҳа амалга оширилиши натижасида 1100дан ортиқ янги иш ўринлари яратилиши белгиланган.

“Пахтакор текст” МЧЖ ип-калава маҳсулотларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона бўлиб, йилига 9 минг тонна толадан қиймати 11 млрд 250 млн сўмлик 8,1 минг тонна ип-калава маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватига эга. Умумий қиймати 22 млн 300 минг АҚШ долларини ташкил этадиган лойиҳа агар тўла қувват билан ишласа, 400 нафар янги иш ўрни барпо бўлади, маҳсулотнинг салмоқли қисми эса Хитой, Россия, Туркия ва Бельгия давлатларига экспорт қилинади.

Мавзуга оид