Ўзбекистон | 11:38 / 19.04.2019
19196
4 дақиқада ўқилади

Маҳалла раислари томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тасдиқланди

Ҳукумат қарори билан шаҳарчалар, қишлоқлар ва овуллар, шунингдек, шаҳарлардаги, шаҳарчалардаги, қишлоқлардаги ҳамда овуллардаги маҳаллалар фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан ишончномаларни тасдиқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низомга кўра, “Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 15-моддасига мувофиқ фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) хат-хабарларни, шу жумладан пул ва посилкаларни олишга, иш ҳақини ҳамда меҳнат муносабатлари билан боғлиқ бўлган бошқа тўловларни олишга, муаллифлар ва ихтирочиларга тўланадиган ҳақларни, пенсиялар, нафақалар ва стипендияларни, шунингдек, банклардан суммаларни олишга ишончномаларни тасдиқлаши мумкин.

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланаётган ишончномаларга фуқаролар йиғинларининг номлари қайд этилган муҳр босилади.

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ишончномаларни тасдиқлашда қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ишончноманинг лойиҳаларини тузиш ва ишончномага доир масалалар юзасидан тушунтиришлар бериш;

жисмоний шахслардан ишончномаларни тасдиқлаш учун зарур бўлган ҳужжатларни талаб қилиб олиш.

Фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ишончномаларни тасдиқлашда:

жисмоний шахсларга ўз ҳуқуқларини амалга оширишда ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда кўмаклашиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириб беришга;

томонлар тақдим этган ишончнома лойиҳаларининг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини тушунтириб бериш, уларнинг мазмуни томонларнинг асл мақсадига мос келиш-келмаслигини ва қонун талабларига зид келиш-келмаслигини текширишга;

қонун ҳужжатларига мос келмайдиган ишончномаларни амалга оширишни рад этишга;

ишончномаларни тасдиқлаш вақтида фуқаролар ёки мансабдор шахслар томонидан қонун ҳужжатлари бузилганлигини аниқлаган тақдирда, зарур чоралар кўриш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи тегишли органларга бу ҳақда хабар қилишга мажбур.

Ишончномалар давлат тилида расмийлаштирилади. Расмийлаштирилган ишончнома матни фуқароларнинг талабига биноан фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан рус тилида ёки имкони бўлса, бошқа мақбул тилда берилади.

Агар, ишончнома мурожаат қилган шахс тушунмайдиган ёки яхши билмайдиган тилда расмийлаштирилса, унда ишончнома матни фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) ёки мурожаат қилган шахс таниган таржимон томонидан оғзаки таржима қилиниши мумкин. Бу ҳақда ҳужжат матнига ва тасдиқловчи ёзувга ким томонидан таржима қилинганлиги ва матн мазмуни тушунтирилганлиги ҳақида фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан ёзиб қўйилиши, имзоланиши ва муҳр қўйилиши керак. Бундай ҳолда мурожаат қилган шахс ўзи биладиган тилда исми, фамилияси, отасининг исмини тўлиқ ёзиб, имзо қўяди.

Фуқаролар йиғинларининг раислари (оқсоқоллари) томонидан тасдиқланадиган ишончномалар ишончномаларни рўйхатга олиш китобида рўйхатга олинади. Рўйхатга олиш китобидаги ёзувлар қалам билан ёзилишига йўл қўйилмайди. Очиқ қолган жойларга чизиқ тортиб қўйилади.

Ҳар бир ишончнома алоҳида тартиб рақам билан рўйхатга олинади. Рўйхатга олиш китобида қайд этилган ишончнома рақами фуқаролар йиғинининг раиси (оқсоқоли) томонидан тасдиқланадиган ёки бериладиган ишончноманинг тасдиқловчи ёзувида кўрсатилади.

Рўйхатга олиш китобидаги тартиб рақамларининг рақамланишида хатоликка йул қўйилса. алоҳида маълумотнома тузилади ва фуқаролар йиғини раисининг (оқсоқолининг) имзоси ва муҳри билан рўйхатга олиш китобига елимланиб қўйилади.

Ишончномаларни тасдиқлаш фуқаролар йиғини жойлашган бинода амалга оширилади. Фуқаро касаллиги, ногиронлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра фуқаролар йиғинига бора олмайдиган айрим ҳолларда ишончномалар фуқаролар йиғини биносидан ташқарида, яъни мазкур жисмоний шахс ёхуд унинг вакили жойлашган жойда тўлдирилиши мумкин.

Ишончномалар фуқаролар йиғини жойлашган бинодан ташқарида тўлдирилса, ҳужжатнинг тасдиқловчи ёзувида ва ишончномаларни рўйхатга олиш китобида ишончнома расмийлаштирилган жойнинг манзили кўрсатилади.

Мавзуга оид