Спорт | 15:56 / 23.04.2019
7137
3 дақиқада ўқилади

От спорти. Ўзбекистонлик ёш чавандоз рақибини 0,01 сонияга ортда қолдириб, халқаро турнир ғолиби бўлди

Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида жойлашган “Аллюр” от спорти клубида уч кун давом этган “FEI Jumping Children`s Classic Final-2019” халқаро болалар кубоги 21 апрель куни якунига етди. Унда жаҳоннинг беш қитъасидаги 12 давлатдан чавандозлар иштирок этди.

«Мусобақа нуфузи ҳам жуда юқори, уни бемалол жаҳон чемпионати билан қиёслаш мумкин. Негаки “Аллюр” от спорти клубида кечган қизиқарли беллашувларда оддий спортчилар эмас, балки ўз минтақасида ном қозонган, саралаш босқичидан муваффақиятли ўтган энг иқтидорли чавандозлар иштирок этди», – дейилади Ўзбекистон от федерацияси хабарида.

Мусобақанинг сўнгги кунида иштирокчилар баландлиги 1 метр-у 10 сантиметр бўлган тўсиқлардан сакраш бўйича ўзаро баҳслашди. Шуниси эътиборлики, илк уринишда бирйўла 10 (!) нафар ёш чавандоз деярли бир хил натижани қайд этди ва ғолибни аниқлаш учун яна қайта сакрашига тўғри келди. Ана шу 10 нафар омадли чавандоз сафидан ўзбекистонлик спортчиларнинг барчаси ўрин олишгани ҳам диққатга сазовор.

Иккинчи уринишда ўзбекистонлик Ли София энг паст натижа кўрсатган бўлса, яна бир мезбон спортчи Абдураҳмон Абдуллаев 5-ўринни қўлга киритди.

Зокир Тўражонов эса ўзининг Чарльз Терон лақабли отида белгиланган масофани атиги 35 сонияда бехато босиб ўтди. Бу натижа уни мусобақа пешқадамига айлантирганди. Аммо Зокирнинг қувончи узоққа чўзилмади, орадан кўп ўтмай Ўзбекистон терма жамоасининг яна бир вакили Мирёқуб Исмоилов Лэди лақабли оти билан ундан-да яхшироқ натижа кўрсатди.

Кўпчилик “FEI Jumping Children`s Classic Final-2019” мусобақасининг олтин ва кумуш медаллари мезбонларга насиб этишини тахмин қилиб турган бир паллада иккинчи босқичнинг сўнгги вакили россиялик Дарья Кукушкина Кардинал лақабли тулпорида ажойиб чиқиши билан Мирёқубдан атиги 0,01 сонияга ортда қолган ҳолда якунда иккала ўзбекистонлик чавандоз орасидан жой олди.

1. Мирёқуб Исмоилов, 2. Дарья Кукушкина, 3. Зокир Тўражонов

Шу тариқа, мусобақада Ўзбекистон чавандозлари олтин ҳамда бронза медалига сазовор бўлди. Россиялик Дарья Кукушкина эса ўзининг дастлабки халқаро мусобақасида ажойиб натижа қайд этди. У дастлабки кунги мусобақаларда олтин, шанба куни эса бронза, якшанбада кумуш медаль соҳибасига айланди.

Мусобақанинг ёпилиш маросимида ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан медал ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.

Мавзуга оид