Спорт | 11:00 / 25.04.2019
13085
5 дақиқада ўқилади

«Вулверҳэмптон» АПЛ етакчилари «қотили» — Улар деярли барчани енгишмоқда

Фото: Molly Darlington — AMA/Getty Images

«Вулверҳэмптон» жорий мавсумда чемпионат етакчиларига қарши ўйинларга алоҳида иштиёқ билан тушмоқда. «Челси»га қарши ўйинларда бир ғалаба ва бир дуранг, «МЮ» билан ўйинларда бир ғалаба ва бир дуранг, «Ливерпуль» билан ўйинда мағлубият (АПЛ доирасидаги иккинчи ўйин ҳали ўтказилмади - охирги турда мерсисайдликлар тақдирини айнан шу жамоа ҳал қилади, шу билан бирга, январь ойида «Вулверҳемптон» «Ливерпуль»ни Англия Кубогидан чиқариб юборганди),«Тоттенҳэм» билан ўйинларда бир ғалаба ва бир мағлубият. Бу жамоа фақат «Сити»га бир ўйинда ютқазди ва иккинчисида дуранг ўйнади. «Бўрилар»га ютқазмаган «Арсенал» ҳам бор эди: жамоаларнинг биринчи даврадаги ўйинида дуранг қайд этилган. Грандлар билан ўйинларда бундай статистика қайд этиш АПЛ учун уникал ҳолдир. Бундай ишни фақат «Сандерленд» (96/97) ва «Блэкберн» (92/93) амалга оширган, бу жамоалар бир мавсумда юқори олтиликдаги жамоаларга қарши ўйинда ҳеч бўлмаганда 4 мартадан ғалабага эришганди.

Бу мавсумда эса «Вулвс» кучли олтиликдаги жамоаларга қарши ўйинларда 13 очко олди, бу борада фақат «Ливерпуль» ва «Манчестер Сити» яхшироқ статистикага эга. Жамоа лидерларга қарши 10 ўйиндан фақат 3тасида ютқазганди. Таққослаш учун, «бўрилар» хавфли ҳудуддаги жамоаларга қарши 5 ўйиндан ҳам 3тасида ютқазган. 

«Вулверҳэмптон» Сульшернинг «Манчестер Юнайтед»га келишидан кейин бошлаган сеҳрли мағлубият сериясига барҳам берган жамоа бўлганди - 2:1. Норвегиялик мутахассис ўшанда бу мағлубиятни ортга қайтишнинг бошланиши деб атаганди. 

Унаи Эмерида бу ўйин арафасида ташвишланишга асослар етарли эди. Ўйин арафасида у ўз футболчиларининг ўйинга тайёргарлиги ҳақида гапирмасликка ҳаракат қилди.

«Кутамиз. Мен кимлар ўйинга тайёрлиги ҳақида айта олмайман. Мен футболчиларга алоқадор ҳеч қандай маълумотни, схемалар, заявка, таркиб ҳақида айтмайман.

Чака бугун ўйнайдими? Кечирасиз, мен барча маълумотни эртанги ўйингача сир сақламоқчиман. Бу сиз туфайли эмас, шунчаки бу ўз фойдамиз учун. 

Мен биринчи марта шундай қилмоқдаманми? Баъзида одатларни ўзгартириб турган маъқул. Мен шуни афзал билдим. Гап сизда эмас, бу жамоамизнинг турнир жадвалидаги ўрни учун», – дея хавотирдалигини билдирганди Эмери. 

Лекин биринчи бўлимдаёқ баскнинг методи иш бермагани аён бўлиб қолди. Нуну Эшпириту Санту шогирдлари танаффусга қадар уч гол уриб улгурди, бу клуб тарихидаги илк марта шундай натижа кўрсатилиши эди.

«Бўрилар» «Арсенал»ни охирги марта 40 йил муқаддам енгишганди. 1979 йилдан кейин жамоалар жами 20 учрашув ўтказишган, бу ўйинларнинг 16тасида лондонликлар ғолиб бўлишган, 4 ўйин дуранг билан якунланганди. Улар бу сафарги ўйиннинг иккинчи бўлимида ҳеч бўлмаса битта жавоб голи уриш учун ҳаракат қилишди.

«Вулверҳэмптон» АПЛга қайтишининг илк мавсумидаёқ 7-ўринда бормоқда. Клубга хитойлик инвесторларнинг Fosun гуруҳи эгалик қилади, трансферлар билан жиддий агент Жорже Мендеш шуғулланади. «Бўрилар» келажак учун катта амбицияларга эга, улар фақат етакчилардан очко олиб, кучсиз жамоаларга очко улашиш билан шуғулланадиган жамоа бўлиб қолмоқчи эмаслар.

«Арсенал» эса кетма-кет икки ўйинда мағлуб бўлиб, турнир жадвалида бешинчи ўринга тушиб кетди - айни вақтда «Челси» 67 очко билан тўртинчи ўринга кўтарилган, ҳолбуки «Арсенал» «Кристал Пэлас» ва «Вулверҳемптон»ни мағлуб этганида, айни вақтда 72 очко билан учинчи ўринда жойлашган ва ЕЧЛ йўлланмасини кафолатлаган бўларди. Энди жамоа Европа Лигасида ғолиб бўлиб, йўлланмага эга бўлишга ҳаракат қилади.

Англия чемпионати
Қолдирилган ўйин
31-тур
Вулверҳэмптон – Арсенал 3:1
(3:0, 0:1)
Голлар: 1:0 – 28 Рубен Невеш, 2:0 – 37 Доэрти, 3:0 – 45 Диогу Жота, 3:1 – 80 Папастатопулос.
Вулверҳэмптон – Руй Патрисиу, Беннетт, Коуди, Боли, Доэрти, Дендонкер, Рубен Невеш, Моутинью (Гиббс-Уайт, 90), Кастро, Хименес (Траоре, 82), Диогу Жота (Кавалейру, 78).
Арсенал – Лено, Мэйтленд-Найлз, Папастатопулос, Косьельни, Монреаль, Торрейра (Гендузи, 59), Чака, Мхитарян (Колашинац, 58), Ўзил, Ивоби (Нкетиа, 71), Ляказетт.
Огоҳлантиришлар: Доэрти (17), Монреаль (27), Чака (31), Торрейра (45), Беннетт (84).

Турнир жадвалидаги ҳолат

Мавзуга оид