Спорт | 17:10 / 26.04.2019
10203
9 дақиқада ўқилади

Мураббий минбари: Висенте Дель Боске мундиалдаги ғалаба, воз кечилган юлдуз ва Билич тажрибаси ҳақида

Фото AFP

Футболчилар ҳаёти билан яқиндан таништирувчи ThePlayersTribune лойиҳаси каби мураббийларнинг хотираларига бағишланган The Coaches’ Voice лойиҳаси иш бошлади. Унинг илк қаҳрамони эса, табиийки, янги асрнинг энг муваффақиятли мураббийларидан бири, футболдаги энг катта уч турнир – жаҳон чемпионати, Европа чемпионати ва Чемпионлар Лигасида ғолиб чиққан ягона мураббий – Висенте Дель Боске.

Шундай улкан совринлардан сўнг ҳам, унинг малакасини шубҳа остига оладиган ва ғалабаларни кўпроқ ўта кучли ижрочиларга боғлайдиганлар бор. Аммо футбол оламида кучли ижрочилар доим бўлган, саналган совринларни ютиш эса, фақат Дель Боскега насиб этган. Табиийки, муваффақиятларда Дел Боскенинг ҳам маҳорати, керакли ва тўғри қарорлари катта аҳамият касб этгани шубҳасиз.

Қуйида испаниялик мураббий терма жамоаси билан қандай қилиб мундиалда ғолиб бўлгани ҳақида ҳикоя қилади.  

«Кўпчилик Испания терма жамоасини қабул қилиш учун жуда нотўғри вақт, деб ўйлаган, аммо менинг фикрим бироз бошқача эди. Жамоамизда аниқ услуб, бир қатор юқори савияли футболчилар ва ёш умидли номлар мавжуд эди. Бошқача айтганда, кўп нарса томонда, бунинг устига, яқинда Европа чемпионатида ғалаба қозонилганди.

Бундай меросни қабул қилиб олиш хавфли эмас, аксинча, мукофотдир. Ҳали Евро-2008 бошланмасдан туриб ҳам, мен Луис Арагонеснинг давомчиси бўла олишимга ишонардим.

Ўша турнирдаги ҳамма ўйинни мен уйда, телевизорда томоша қилдим. Менда доим Испания терма жамоаси қандай бўлиш кераклиги ҳақида тасаввурлар бўлган, ўйинлар давомида эса, ўзим учун келажак тасвирини чиза бошлади. Ўйлашимча, менинг ғояларимни амалиётга кўчириш учун Испания ва у ердаги ижрочилардан кўра яхшироқ вариантни топиб бўлмасди.

Луис Арагонес мендан анча катта, аммо биз доим бир-биримизга ҳурмат билан қараганмиз. Албатта, футболчилар учун жуда қадрли бўлган собиқ мураббийга ҳурмат кўрсатибгина, ўзим ҳам қадр топишим мумкин эди. Илк кундан футболчилар шу пайтгача қилинган ишларни йўққа чиқармоқчи эмаслигимни ҳис қилишган. Шунчаки, янги элементлар қўшган ҳолда, ўйинни такомиллаштиришимиз лозим эди.

Шунингдек, баъзи футболчилар ўтган йил мобайнида ўз ўйинларини ўстиришди ва терма жамоага янги қон ўлароқ кириб келишди. Маълум бир ерда тўхтаб қолмаслик учун бу ўзгаришлар жуда муҳимдир. Жерар Пике, Серхио Бускетс, Хуан Мата каби футболчилар жамоамиз сифатини оширишганди. Ишимдаги энг қийини, Европа чемпионатида жуда муҳим саналган баъзи футболчилардан воз кечишга мажбур бўлгандим. Ёрқин мисол – Маркос Сенна.

Сенна, балким Евро-2008 турнирида Испаниянинг энг яхши ўйинчиси бўлганди. Унинг тажрибасини қадрлаган ҳолда, жаҳон чемпионати олдидан уни таркибга қўшмасликка тўғри келди. Чунки унинг ўрнида жуда катта тезликда ўсиб бораётган Серхио Бускетс пайдо бўлганди.

Яширмайман, терма жамоа турнир ва фаворитлари сифатида тилга олина бошлаганда, бироз қўрқдим. Чунки Испания футболи айни чўққига чиқиб бораётган, бундай ҳолатларда муваффақият ва муваффақиятсизлик ўртаси жуда яқин бўлади. Бундай ҳолатда сен иккинчи ҳолатга яқинроқ бўласан, чунки ғолибликдан бошқа ҳар қандай натижа муваффақиятсизлик саналиши мумкин. Бунинг устига, биринчи ўйинни ютқазиб қўйдик.

Швейцариядан мағлубиятга учралгач, бир неча шогирдим олдимга келди ва «Жаноб, биз етарлича яхши ўйин кўрсатдик», дейишди. Улар ҳақ эдилар. Мен бунда ўйинни такроран кўргандан кейин ҳам амин бўлдим – биз ўз йўлимиздан воз кечмаслигимиз керак эди. Ортиқча асабийлашиш, хатони тузатишга уриниш яхшиликка олиб келмаслиги мумкин эди. Кескин ўзгаришлардан воз кечдим.

Мураббий ўз қарорларининг орқасида турмоғи, вазиятни назорат қилиши керак. Биз маълум бир нуқтага келдикми, янгиликлар яратишга уриниш қўшимча муаммолар келтириб чиқарарди. Футболчиларга кейинги олти ўйинни ютсак, жаҳон чемпиони бўлишимизни айтдим – унчалик қийин эмас, атиги олти ўйин!

Бускетснинг Швейцария билан ўйиндаги ҳаракатларини қайта кўриб чиқдик, аммо у кўпроқ ишониш лозим бўлган ижрочилардан бири эди. Бускетс ва Хаби Алонсо – жамоанинг энг муҳим бўлаги. Улар шунчаки, ярим ҳимоя марказида ўйнашмаган, улар майдонда ҳаммасига жавобгар эдилар. Ўйинимизни ташкил қилишда уларнинг ўрни беқиёс эди.

Андрес Иньеста, Хави, Вилья ёки Фернандо Торресни, бошқаларни ҳам унутмаслик керак, улар ҳам натижага катта ҳисса қўшишди, аммо ўйин Алонсо – Бускетс ўйини устига қурилганди. Ўйиндан ўйинга оптимистик кайфият ҳукм сура бошлади ва биз чемпион бўлишимиз мумкинлигига ишондик.

Уёғи бизнинг режа бўйича давом этди. Рақиб ўйинчилари ичида алоҳида эътибор қаратиб, ўйинимизни режалаштирганимиз – Филипп Лам эди. У Германия терма жамоаси ҳужумида ҳам муҳим аҳамият касб этарди. Биз уни тўхтатиш учун қўшимча ҳимоячи туширмадик. Биз Педрони майдонга тушириб, ўша қанотни кучайтирдик ва Лам кўпроқ ҳимоядаги вазифаларини бажаришига тўғри келди. Педронинг фаоллиги Испания ўйини учун самарали бўлди ва биз кичик ҳисобда ғалабага эришдик.

Висенте дель Боске, Getty Images

Тарихий кун қаршисида турардик – умумий мақсадимиз, чемпионлик учун бир қадам қолганди. Аввалги терма жамоаларимизнинг уринишлари бесамар кетган ва биз мана шу хунук анъанага чек қўйишга тайёр эдик.

Тайёргарлик олдингилардан фарқ қилмади. Футболчиларнинг эмоционал ҳолатидан хавотир олмасам ҳам бўлади, ахир жаҳон чемпионати финалига футболчини алоҳида чоғлантириш шарт эмас, тўғрими?

Футболчилар ёш бўлса-да, анча тажрибали эдилар. Сеск Фабрегас, масалан, анча ёш пайтидан бери «Арсенал» сардори бўлган. Аксарият футболчилар ҳам шундай, бу ҳолат жамоамизга қўшимча ишонч олиб келди. Нидерландияликларга келсак, уларда жуда кучли футболчилар жамланган эди. Улар ўз тарихларида учинчи марта финалга чиқишган ва бирор марта ҳам чемпион бўла олишмаганди. Жамоа ўз услубига эга, техник жиҳатдан яхши шаклланганди.

Мураббий сифатида, ечишимиз керак бўлган муаммоларга эътибор қаратишим шарт эмасди, чунки барибир, буни ўзгартира олмаймиз. Бунинг ўрнига танаффус пайтида ўзимизнинг кучли жиҳатларимиздан, рақибнинг ҳам ўзига хос жиҳатларига, Роббеннинг тезлиги ва Уэсли Снайдернинг ўйинига эътибор қаратдик. Қўшимча вақт бошланганда, негадир, бугун албатта ғалаба қозонишимизга ишонч чулғаб олди.  

Хесус Навас бизнинг яширин қуролимиз эди. Испания терма жамоаси вингерлар билан ўйнашга одатланмаган, аммо рақиб ҳимоячиси Жованни ван Бронкхорстга Хесуснинг тезлигини тўхтатиш осон бўлмаслигини билиб турардик. Жованни фаолиятидаги сўнгги ўйинда тўқсон дақиқа югуриб бўлганди.

Фото REUTERS

Ниҳоят, Андрес Иньеста ҳисобни очгач, орзуимизга яқинлашдик. Ва мен дарҳол Славен Билични эсладим.

У Евро-2008’дан кейинги саммитда Хорватия Туркияга қарши чорак финалда ҳаддан ташқари кўп энергия сарфлаб юборганини, жамоасининг сўнгги дақиқалардаги голидан сўнг, қолган озгина вақт учун шогирдларини тактик тайёрлаш ўрнига, голни қаттиқ нишонлаб юборганини айтганди. Ўшанда бир дақиқадан кейин Туркия ҳисобни тенглаштиради ва пенальтилар сериясида хорватларни чиқариб юборади.

Хуллас, Биличнинг ўша тажрибаси менга таъсир қилган. Яна тўрт дақиқа бор, рақиб майдонда бир киши кам бўлиб қолган бўлса-да, хавфли эди. Яна тўрт дақиқа кучли ўйин кўрсатишимиз шарт.

Ўша тунда қанча ухлаганимиз эсимда йўқ. Эҳтимол, умуман ухламагандирмиз ҳам. Бошида Испаниянинг бу ғалабасини бутун салмоғи билан англай олмаган бўлишимиз ҳам мумкин.

Мен ҳамма билан бирга нишонладим. Албатта чегарадан чиқадиган одам эмасман, ғалабаларни ҳам, муваффақиятсизликларни ҳам совуққонлик билан қарши олиш, ишлашда давом этишга ҳаракат қиламан. Одамлар ҳозиргача менга ўша Жаҳон Кубогини эслатишади, лекин мен бу учун алоҳида фахрланмайман. Умуман, ўтмишга қараб фахрланиш туйғуси менга ёт. Ахир биз у ерда яшаб қолмаймиз, доим келажакка интиламиз.

The Coaches’ Voice материали асосида Қ.Асланов тайёрлади

Мавзуга оид