Спорт | 10:00 / 09.05.2019
24722
8 дақиқада ўқилади

ЕЧЛдаги энг яхши мавсум. «Аякс» футболга содиқ қолди, финалдан қуруқ қолди

Фото: TF-Images/Getty Images

Лукас Моуранинг ҳет-триги «шпорлар»га Амстердамда камбэк қилиб, ЕЧЛ финалига чиқди. Энди улар тарихда илк бор «қулоқли кубок» учун майдонга чиқишади.

Чемпионлар лигаси. 1/2 финал. Жавоб ўйини
«Аякс» (Нидерландия) – «Тоттенҳэм» (Англия) – 2:3 (2:0)
Голлар
: де Лигт, 5 (1:0). Зиёш, 35 (2:0). Лукас Моура, 55 (2:1). Лукас Моура, 59 (2:2). Лукас Моура, 90+6 (2:3).
«Аякс» (Амстердам): Онана, Мазравий, де Лигт, Блинд, Тальяфико, Шоне (Фелтман, 60), ван де Бек (Магальян, 90), де Йонг, Зиёш, Тадич, Дольберг (Синкгравен, 67).
«Тоттенҳэм» (Лондон): Ллорис, Триппьер (Ламела, 81), Алдервейрелд, Фертонген, Роуз (Дэйвис, 82), Сиссоко, Ваньяма (Льоренте, 46), Эриксен, Алли, Лукас Моура, Сон Хин Мин.
Огоҳлантиришлар: Сиссоко, 16. Дольберг, 50. Роуз, 76. Зиёш, 77. Онана, 90+5.
Ҳакам: Брих (Германия).
8 май. Амстердам. «Йохан Кройф Арена» стадиони.
Биринчи ўйин – 1:0.

Мўъжизанинг одатга айланиши
Ливерпулда  мўъжиза рўй бериб, «Ливерпуль» «Барселона»ни 4:0 ҳисобида енгиб, Чемпионлар лигаси финалига чиққанидан кейин Амстердамдаги ўйиндан ҳам исталган натижа кутиш мумкин эди. Сафардаги ғалаба «Аякс»нинг имкониятларини ошириб юборган, аммо «Тоттенҳэм»да ҳам оптимистик кайфият сақланиб қолган, Чемпионлар лигасида энди 0:1 ҳисоби ҳали ҳеч нарсани англатмасди. «Тоттенҳэм»га «Ливерпуль» яхши намуна бўлиши керак эди. 

«Аякс» бу ўйинда классик марказий ҳужумчи билан ўйнашга қарор қилди. Давид Нерес кичик жароҳати туфайли бошланғич таркибга кирмади, Эрик тен Ҳааг унинг ўрнига Каспер Дольбергни майдонга ташлади, Душан Тадич «алдамчи тўққизлик» сифатида ҳаракат қиладиган бўлди. 

Де Лигтнинг тезкор голи
Лекин 0:2 - бошқа иш, айниқса жавоб учрашувининг 5-дақиқасидаёқ ҳисоб очилса. «Тоттенҳэм»нинг муаммолари ҳуштак чалиниши билан бошланиб кетди ва бу тез орада таблода ҳам акс этди. Аввалига Ллорис Тадичнинг хавфли зарбасини бартараф этиб, тўпни бурчак томонга чиқариб юборди. Бурчак зарбаси ижро этилганида эса Шененинг паси де Лигтнинг бошига «қўнди», 19 ёшли сардор эса меҳмонлар дарвозасини ишғол этди. «Аякс»нинг Чемпионлар лигасидаги 150-голи муҳим голга айланадигандек эди - бу нидерландларнинг ЕЧЛ финали учун навбатдаги қадами эди.

Сон Хин Миннинг уринишлари
Ўтказиб юборилган голдан кейин жавоб ўйинига дисквалификацияни ўтаб қайтган Сон Хин Мин фаоллик кўрсата бошлади. У ўткир бурчакдан йўллаган зарба устунга тегди, Эриксен эса қайтган тўпга яхши зарба бера олмади. Кореялик футболчида яна вазиятлар бўлди, аммо унинг кейинги зарбалари ҳам аниқ бўлмади.

Зиёшнинг иккинчи голи
Танаффусга 10 дақиқа қолганида қарама-қаршилик тақдирига нуқта қўйилгандек эди - ван де Бек чап қанотдан тезкор ҳужум уюштирди, ундан пас қабул қилиб олган Тадич қулай вазиятда турган Зиёшни тўп билан таъминлади - марокашлик футболчи эса Ллориснинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди. Лондонликлар энди 3та гол билан жавоб қайтариши талаб этиларди.

Биринчи бўлимда зарбалар бериш бўйича тенглик кузатилди (6:6, аниқ зарбалар бўйича 3:2).

Ўйинда темп пасайиши
Лекин мухлисларни Чемпионлар лигасининг жорий мавсуми охирги сонияларга қадар кутишга ўргатди. Иккинчи бўлим бошида Онана Аллининг кучли зарбасини бартараф этди, аммо бу «шпорлар»ни тўхтата олмади.

55-дақиқада Лукас Моура ва Алли ҳужум уюштирди, бу ҳужум бразилиялик яримҳимоячининг аъло даражадаги зарбаси билан якунланди. 2:1 - энди бу интрига ўйин охирига қадар сақланиб қолинишини таъминларди, лекин кутилганидан аввалроқ ҳисоб тенглашди: Льоренте яқин масофадан Онанани доғда қолдиролмади, Шоне ўз жамоаси дарвозабонига тўпни эгаллаб олишда халақит берди ва тўп Моурага келиб тушди - у эса дублни расмийлаштирди. Амстердам осмонига Ливерпуль соя сола бошлади, энди ЕЧЛда инглизча финал бўлиши эҳтимоли ошиб кетганди.

Зиёшнинг омадсизлиги
«Аякс» ташаббусни бериб қўйишни истамасди: Блинд ва Зиёш кетма-кет яхши имкониятларга эга бўлишди, икки сафар ҳам зарба бироз хато кетди. Кейинги вазиятда ҳет-трик учун интилаётган Моура рақиб жарима майдонига кириб борди, унинг зарбаси йўлига де Лигт тўғаноқ бўлди. Ундан кейинги вазиятда эса мезбонлар сардори майдоннинг иккинчи қисмида хавфли вазият юзага келтирди, лекин Фертонген «Аякс» футболчиларига учинчи голни уришга имкон бермади. 79-дақиқада Зиёшнинг навбатдаги зарбаси дарвоза устунига тегди - нидерландлардан омад юз ўгирганди.

Ўйин якунланишига 5 дақиқа қолганида Фертонген бош билан берган зарбани Онана қаҳрамонона тўсиб қолди, «Тоттенҳэм» футболчиларининг иккинчи темпдаги зарбаларини «Аякс» футболчилари деярли дарвоза чизиғидан қайтариб юборишди.

Ҳакам ўйинга 5 дақиқа қўшиб берди, ўша дақиқаларнинг охиргисининг охирги сонияларида Ллорис майдоннинг иккинчи қисмига юқорилатиб тўп узатди - тўпга эга чиққан Моура қайтариб бўлмас зарба берди - Онана учинчи марта тўпни ўз дарвозасидан олиб чиқди.

Фото: REUTERS

«Аякс» 1954 йилдан буён илк марта биринчи бўлимдаги икки тўп фарқидаги устунликни сақлаб қололмасдан ютқазди. Луи ван Гаал жамоани баланс йўқлигида ва иккинчи бўлимда Льорентега узатилган тўпларни қайтара олмаганликда айблаб бўлди. Эрик тен Ҳааг эса жамоасини чемпионатнинг қолган ўйинларига тайёрлаш жуда қийинлигини тан олди.

Футболда шундай ҳолатлар ҳам бўлади.

Ҳозир ҳамма Моуранинг учинчи голи қандай юзага келганини муҳокама қилмоқда. Аммо бошқа вазият ҳал қилувчи бўлганди. Ўйинга қўшиб берилган дақиқаларнинг тўртинчисида қарши ҳужумга чопди. Ҳисоб 2:2 бўлиб турган вазиятда амстердамликлар охирги кучларини тўплаб майдонни қийинчилик билан босиб ўтиб ҳужумга чиқишди. Улар майдоннинг ҳар қаричи учун курашиб бу ҳужумни уюштира олишди. Тўпга эгалик қилаётган футболчиларда танлов ҳуқуқи бўлади - бундай ҳолатда одатда бошқа футболчилар тўпни бурчакка олиб кетиб, вақтни ўлдиришади. Бу ҳужум вақтида трибуналардаги юзлаб қўллар бурчакка ишора қилишар, вақт чўзишни сўрашарди.

Аммо «Аякс» бошқача ҳаракат қилди. Ёш амстердамликлар ҳужумни зарба билан якунлашга қарор қилишди - аммо зарба хато кетди. Стадион бир қалқиди.

Бир дақиқадан кейин эса Моура де Лигтнинг оёқлари орасидан тўпни олиб ўтиб, ғалаба голини урди.

Бу эпизод амстердамликлар жамоасининг футбол идеалларига нақадар содиқлигини намойиш этди. Жаҳонда футбол анъаналарини сақлаб қолган жамоалар кўп эмас, «Аякс» ўша жамоалардан биридир. Улар керакли фоллар қилишмади, симульяциялар қилишмади, охирги дақиқаларда ҳам олдинга ҳаракатланиб, ҳужум уюштиришда давом этишди. Улар футбол идеалларига хиёнат қилишни исташмади. Охирги дақиқаларда мухлисларнинг ўзи улардан бурчакка бориб вақт чўзишни сўрашди, аммо «Аякс» болалари зерикарли ўйин қилишга рози бўлишмади.

Футбол шундай лаҳзалар учун тирик. Бундай вазиятларда ғолиб келишнинг қиймати баландроқ, мағлуб бўлишнинг фожиаси оғирроқ.

Аммо бу оқшомда қайсидир жамоа мағлуб бўлиши керак эди.

Чемпионлар лигасининг бу мавсуми ҳаддан ташқари телбавор кечмоқда. Бу мавсумни яна бир жанг якунлаб беради: 1 июнь, Мадрид, «Ливерпуль» – «Тоттенҳэм».

Мавзуга оид