Ўзбекистон | 10:56 / 10.05.2019
9057
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Стокгольм конвенциясини ратификация қилди

Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақидаги Стокгольм конвенциясини ратификация қилиш тартиби тўғрисидаги қонун президент томонидан имзоланди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган. Бугунги кунда 182 та давлат Конвенция иштирокчиси ҳисобланади.

«Турғун органик ифлослантирувчи моддалар ҳақида»ги конвенция 2001 йил 22 майда Стокгольм шаҳрида қабул қилинган ва 2004 йилдан кучга кирган. Етакчи давлатлардан АҚШ, Италия ва Исроил конвенцияни имзолаган бўлса-да, ратификация қилмаган. 

Ушбу қонун мажбурий характерга эга, аҳоли саломатлиги ва атроф-муҳитни турғун органик ифлослантирувчи моддалардан муҳофазалаш мақсадида уларни кескин қисқартиришга, ташланмаларини тўхтатишга ҳамда одам организмида ва экотизимларда қайта тиклаб бўлмас ўзгаришларга олиб келувчи 12 та хавфли бирикма (кейинги тўлдиришлар ҳисобга олган ҳолда 26 та модда) ишлаб чиқарилишини, ишлатилишини чегаралаш ёки тақиқлашга йўналтирилган Конвенцияни ратификация қилишни назарда тутади.

Конвенцияни ратификация қилиш Ўзбекистон Республикасига турғун органик ифлослантирувчи моддалар билан боғлиқ экологик ҳолатнинг яхшиланишига, аҳоли, атроф-муҳит, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига етказилиши мумкин бўлган салбий оқибатларни бартараф этишга ёрдам беради. Шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Европа Иттифоқи имтиёзлари бош тизимига қўшилиши ҳисобига мамлакатимизда ишлаб чиқилган маҳсулотларнинг экспорт ҳажми ва географиясини кенгайтириш имконини яратади.

Мавзуга оид