Спорт | 22:29 / 12.05.2019
8518
2 дақиқада ўқилади

Суперлига. «Бунёдкор» кучли учликка қайтди, «Локомотив» яна очко йўқотди

Бугун, 12 май куни Ўзбекистон Суперлигасида 8-тур ўйинлари давом эттирилди.

«Бунёдкор» ТТМИ стадионида «Қўқон-1912» жамоасини қабул қилиб, 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.

Ўйиннинг 13-дақиқасида ҳакам қўқонликлар дарвозасига пенальти белгилади ва Хуршид Ғиёсов ҳисобни очди, 64-дақиқадда «Қўқон-1912» яримҳимоячиси Суҳроб Бердиев ҳисобни тенглаштирди (1:1). 85-дақиқада эса Хуршид Ғиёсов 11 метрлик жарима зарбасидан яна бир бор рақиб дарвозасини ишғол қилди ва жамоасига муҳим 3 очкони келтирди (2:1).

Бу ғалаба эвазига Вадим Абрамов жамоаси очколари сонини 13тага етказиб, турнир жадвалида учинчи ўринга кўтарилди. «Қўқон-1912» эса 6 очко билан сўнгги ўринда қолмоқда.

Турнинг яна бир ўйини Термизда ўтказилди. «Сурхон» ўз майдонида «Бухоро»ни қабул қилиб, Ҳусниддин Ғофуровнинг голи эвазига ғалаба қозонди (1:0).

«Сурхон» 12 очко жамғарган ҳолда 6-ўринга жойлашган, «Бухоро» 6 очко билан 13-ўринга тушиб қолган.

Суперлигада 8-турнинг марказий ўйинларидан бири Бекободда ўтказилди. Амалдаги чемпион «Локомотив» меҳмонда «Металлург»ни енга олмади.

Учрашув давомида ҳисоб очилмади ва жамоалар бир очкодан бўлишиб олди (0:0). Ўйиннинг 31-дақиқасида меҳмонлар яримҳимоячиси Ҳусниддин Ғофуров ҳакам томонидан майдондан четлатилди. 

Шу тариқа, «темирйўлчилар» қаторасига иккинчи ўйинда очко йўқотишди, ўтган турда тошкентликлар жамоаси «Қўқон-1912» билан дуранг ўйнаганди (2:2). 

Эндиликда «Локомотив» 17 очко тўплаган ҳолда мусобақа жадвалида 2-ўринда бормоқда. 7-ўринда бораётган «Металлург» ҳисобида эса 11 очко мавжуд.

Суперлига-2019. 8-тур
Сурхон - Бухоро 1:0
Гол:
Ҳусниддин Ғофуров (20).

Бунёдкор - Қўқон-1912 2:1
Голлар:
Хуршид Ғиёсов (13, пенальтидан, 86, пенальтидан) - Суҳроб Бердиев (64).

Металлург - Локомотив 0:0

Мавзуга оид