Фан-техника | 22:28 / 14.05.2019
9497
2 дақиқада ўқилади

Lenovo дунёдаги илк букилувчи компьютер прототипини тақдим қилди (видео)

Хитойнинг Lenovo компанияси дунёдаги илк букилувчи компьютер прототипини тақдим қилди. Ушбу қурилманинг тижорий версияси 2020 йилда чиқарилиши мумкин.

The Verge журналистининг хабар беришича, прототип ўзидан экрани диагонали 13,3 дюймли, ўртасидан букилувчи планшетни акс эттиради. Қурилмадан планшет ҳамда симсиз клавиатура улаб, компьютер ёки ўртасидан букиб ноутбук сифатида фойдаланиш мумкин. Ноутбук ҳолатида экраннинг бир қисмини виртуал клавиатурага айлантириш мумкин.

Компания антиқа қурилманинг аксарият кўрсаткичларини ошкор қилмаган, намойиш қилинган прототип эса якуний версиясидан ҳали анча узоқ. Шуниси маълумки, гаджет Windows 10 операцион тизими остида ишлайди ва Intel процессори билан жиҳозланган.

Жорий йил бошида Huawei компанияси яқин орада савдо чиқариладиган, букилувчи смартфон Mate X’ни тақдим қилганди. Шунингдек, Samsung ҳам ўзининг букилувчи экранга эга Galaxy Fold смартфонини тақдим қилганди. Ушбу қурилма апрелда савдога чиқарилиши керак эди, бироқ синов намуналарида аниқланган камчиликлар сабабли савдоси кейинга қолдирилган. Lenovo ўзининг букилувчи компьютерининг савдога чиқарилувчи версиясида Samsung тажрибасини ҳисобга олишга ваъда берган.

Мавзуга оид