Жамият | 09:38 / 14.05.2019
17016
3 дақиқада ўқилади

Талабалар ётоқхоналарида аутсорсинг тизимини жорий қилиш таклиф этилди

Иллюстратив фото

“Менинг фикрим” жамоавий мурожаатлар порталида олий таълим муассасаларининг талабалар турар-жойларида аутсорсинг тизимини жорий қилиш ҳақида петиция эълон қилинди.

Қайд этилишича, Тошкент шаҳрида 83 та талабалар ётоқхонаси мавжуд бўлиб, 21 169 минг талабани қабул қилиб, яна 21 мингдан зиёд талабалар учун турар-жойга эҳтиёж мавжуд. Ҳар янги ўқув йилидан ётоқхонага жойлашиш муаммоси уларни қийнаб келади. 

Ётоқхона низомига кўра, талабалар ётоқхонага жойлашиш учун ариза топширишади. Олий таълим муассасасининг ички комиссияси томонидан эҳтиёжманд талабаларгагина ётоқхона ажратилади. Баъзида маҳалладан кам таъминланганлиги ҳақида маълумотнома ҳам талаб қилинади. Агар талаба Тошкент вилоятида истиқомат қилса, унга ётоқхонадан жой ажратилмайди, сабаби у уйидан қатнаб ўқиши мумкинлигини важ қилиб кўрсатилади. 

“Натижада, кўплаб талабаларнинг ижарада яшашига тўғри келади. Ижарага маъқул нархларда уй топиш, ижара ҳақини, коммунал тўловларни тўлаш, ортиқча транспорт харажатлари ва бошқалар талабаларнинг доимги муаммоларига айланган бўлиб, бу албатта талабанинг ўз эътиборини фақат ўқишга қаратишига халақит беради”, - дейилади мурожаатда.

Билдирилишича, янги ётоқхоналар қуриш, мавжудларини таъмирлаш, бўш турган биноларни олий таълим муассасалари томонидан ижарага олиниши ҳам муаммони тўлиқлигича еча олмайди.

“Шу сабабли, аутсорсинг тизимини жорий қилиш керак. Олий таълим муассасаларининг ваколатидан ётоқхона масаласини чиқариб ташлаб, хусусий секторга ўтказиш керак. Талаб ва таклиф кўп бўлган жойда, албатта, ривожланиш бўлади. Хусусий сектор янги бинолар қуриш, эскиларини реконструкция қилиш, ётоқхона хизматларини яхшилаш каби ишларни амалга оширади”, - деб ёзади петиция муаллифи.

Таъкидланишича, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузурида ушбу ишларни мониторинг қилишга масъул бўлган бошқарма тузилиши, у ётоқхоналарга жойлашиш тизимининг адолатлилиги, кўрсатилаётган хизматларнинг даражаси, бино ва жиҳозларнинг яроқлилиги ва шу каби кўрсаткичларни таҳлил қилиб бориши, ўрнатилган талабларга жавоб бермайдиган хусусий сектор вакиллари билан шартномаларни қайта кўриб чиқиши каби ваколатларга эга бўлиши керак.

“Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, олий таълим муассасалари тасарруфидаги талабалар турар-жойларини аутсорсинг тизими орқали хусусий секторга беришни таклиф қиламан”, - дея якунланади мурожаат.

Мавзуга оид