Жамият | 08:30 / 17.05.2019
46495
3 дақиқада ўқилади

Хоинликда айбланаётган Қодиржон Юсуповга психологик босим бўлгани айтилмоқда

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигининг собиқ амалдори, Ўзбекистоннинг ЕХҲТдаги (Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти) вакили лавозимида ишлаган, «давлатга хоинлик қилиш»да айбланиб қўлга олинган Қодиржон Юсупов ўз айбига иқрорлик тўғрисидаги ҳужжатларни босим остида имзолаганини иддао қилмоқда. Бу ҳақда айбланувчининг яқин қариндошлари Kun.uz'га маълум қилди. 

«Бир муддат у муҳтож бўлаётган дори-дармонларни етказиб беришда муаммолар бўлди. Қодиржон тушунарсиз важлар билан оиласи томонидан ёлланган адвокатни рад этганди. Кейинчалик унинг оиласига йўллаган мактубида буларнинг барчаси психологик босим остида амалга оширилганини маълум қилган», — дейди суҳбатдош.

ДХХ Тергов бошқармаси бошлиғи имзолаган хатда айбланувчи ўз хоҳиши билан адвокат Пашковский хизматини танламаганини билдирган. Унга нисбатан психологик ё жисмоний босим бўлмагани таъкидланади.

ЎзЖК 157-моддасида назарда тутилган жиноятларни содир этиш да айбланаётган Юсупов апрель якунига қадар оила аъзолари билан учрашиш имкониятига эга бўлмади. Шунга қарамай, Юсупов ўз ташаббуси билан давлат бюджети ҳисобига ёлланган адвокатдан воз кечиб, оиласи томонидан таклиф этилган адвокат Пашковскийни танлашини билдирган. 

Kun.uz мухбирига маълум бўлишича, Пашковский ҳимояси остида бўлган шахс билан учрашишга муваффақ бўлди. Айни пайтда Қодиржон Юсуповга нисбатан тергов якунланиб, унинг масаласи судда кўриб чиқилиши кутилмоқда.

2018 йил 3 декабрь куни Тошкент метрополитенининг «Пушкин» метро бекатидаги темир йўл рельсига йиқилиб тушган Қодиржон Юсупов енгил тан жароҳати билан шифохонага ётқизилганди.

Ўзбекистон Республикасининг Австрия, Буюк Британия ва Яқин Шарқ мамлакатларидаги элчихоналарида, шунингдек Ўзбекистоннинг БМТ ва ЕХҲТдаги доимий ваколатхонасида ишлаган, 2002-2005 йилларда Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматини бошқарган Юсупов шифохонадан кейин тўғридан-тўғри ДХХ ҳибсхонасига олиб кетилган.

2015 йилдан буён Юсуповнинг саломатлигини кузатиб келаётган шифокор Владимир Дьяков айбланувчи психологик ҳолатида ноодатий ўзгаришлар бўлгани, шу туфайли у мунтазам кўрик ва муолажада бўлишини айтганди. 

Бироқ Бош прокуратура томонидан ДХХ Тергов изоляторида сақланаётган Қодиржон Юсуповнинг руҳий ҳолати қониқарли экани тасдиқланмоқда.

Мавзуга оид