Спорт | 08:22 / 19.05.2019
14694
2 дақиқада ўқилади

Элнур Абдураимов навбатдаги жангида рақибини нокаутга учратди

Жаҳон чемпионати совриндори ва Осиё чемпиони Элнур Абдураимов 18 май куни куни Россиянинг Екатеринбург шаҳрида жойлашган «РМК яккакурашлар академияси» спорт саройида бўлиб ўтган бокс кечасида ўзининг навбатдаги жангини ўтказди.

Унинг Танзания вакили, тажрибали Исса Нампепечега (29-9-6, 12 КО) қарши профессионал рингдаги бешинчи жанги 6 раундга мўлжалланганди ва муддатидан аввал ниҳоясига етди.

Жангнинг иккинчи раундида Исса нокдаунга учраган бўлса-да, жангни давом эттириш учун ўзида куч топа олди. Аммо 4 раунднинг 1:36 сониясида у жангни давом эттира олмаслигини билдирди ва ҳакам техник нокаутни қайд этди. Натижада Элнур Абдураимов ўзининг бешинчи жангида бешинчи нокаутини қайд этди.

«Бугун Екатеринбургда жанг ўтказишимга имконият яратиб бергани учун RCC Boxing’га раҳмат. Менеджеримга ва мураббийга алоҳида раҳмат. Жанг томошабинлар учун қизиқ кечди, танзаниялик рақибим профессионал рингда 30 жанг ўтказган, лекин мен уни осонлик билан мағлуб этдим. Бешта жангда беш нокаутга эришганимми? Бунинг ҳеч қандай сири йўқ, шунчаки залда қаттиқ машғулот қилмоқдаман. Худо хоҳласа, ўз вазнимдаги барча чемпионлик камарларини қўлга киритмоқчиман!», деган боксчи жангдан кейин.

Мавзуга оид