Жамият | 18:59 / 20.05.2019
14898
3 дақиқада ўқилади

Авлоний ҳақида фильм суратга олинмоқда. Сценарий муаллифларидан бири Тоҳир Малик

«Ўзбеккино» миллий агентлиги томонидан машҳур ўзбек маърифатпарвари, шоири ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний фаолиятига бағишланган «Авлоний» номли тўлиқ метражли бадиий фильм суратга олинмоқда. Бу ҳақда агентлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Азизбек Қурбонов Kun.uz’га маълум қилди.

Қайд этилишича, фильм режиссёри Музаффар Эркинов, сценарий муаллифлари эса Тоҳир Малик ҳамда Муқаддас Усмонова.

Маълум қилинишича, фильм Абдулла Авлонийнинг 1919 йилда Афғонистонга қилинган дипломатик сафари ҳақида. Мамлакатда катта ўзгаришлар рўй бераётган даврда яшаган Авлонийнинг турлича фикрлар, оқимлар, сиёсий тузумлар ўртасидаги курашларга нисбатан кечган ички туйғулари, миллатининг келажаги учун қилган ҳаракатлари мазкур фильм асосини ташкил этади. Унда жумладан, аввалига жадидчилар қаторида бўлган Авлонийнинг кейинчалик шўролар ҳукуматига хизмат қилишининг сабаблари, Афғонистонга сафар баробарида унинг ўша ҳукуматга нисбатан пайдо бўлган қарши фикрлари, миллати ва юрти учун чин юракдан жон койитиши ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильмда Абдулла Авлоний ролини театр актёри Алишер Йўлдошев ижро этмоқда. Кинокартинада яна бир қанча ижодкорлар – Отабек Ҳақбердиев, Аброр Йўлдошев, Матёқуб Матжонов, Муҳаммадали Абдуқундузов, Жавоҳир Зокиров, рус ижодкорларидан эса Диана Шерезданова, Глеб Галендр, Анвар Картаев ва Азат Ахмедов ҳам иштирок этмоқда.

«Фильмни суратга олишдан мақсад – Авлоний образи тимсолида ўша даврда яшаб, фаолият юритган, миллат ва юрт учун курашган зиёлиларнинг ҳаёти билан юртдошларимизни яқиндан таништириш, уларга тарихни ўрганиш, юртни ҳимоя қилиш бурч эканлигини уқтиришдир», дейди Қурбонов.

Маълумот учун, Абдулла Авлоний – шоир, драматург, мураббий, илк дарсликлар муаллифи, «Мактаб», «Нашриёт» ширкатлар муассиси, ўзбек театри асосчиларидан бири, «Турон» театр труппаси тузувчиси, шунингдек, Туркистоннинг Афғонистондаги биринчи мухтор элчиси, дипломати ҳисобланади.

Мавзуга оид