Саида Мирзиёева давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятини танқид қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги директори ўринбосари Саида Мирзиёева Facebook’даги саҳифасида давлат органлари матбуот хизматларига алоқадор пост қолдирди.
«Ассалому алайкум.
Ушбу постда долзарб мавзу - давлат органлари матбуот хизматлари фаолиятига доир фикрларим билан бўлишмоқчиман. Бу мавзу журналистлар томонидан тез-тез кўтарилмоқда ва ахборот соҳаси учун муҳим аҳамиятга эга.
Мутахассисларнинг бу борадаги фикрлари ва хорижий амалиётни ўрганиб, мамлакатимиз вазирлик ва идоралари матбуот хизматларининг фаолияти, афсуски, суст даражада қолаётганини қайд этишга мажбурмиз.
Матбуот хизматларининг иши сустлиги ва кўпгина давлат органлари раҳбарлари ОАВ билан мулоқот қилиш заруриятини англаб етмагани оқибатида мамлакатимиз аҳолисининг ислоҳотлар бориши тўғрисида хабардорлиги паст, уларни етарли даражада идрок этмаяпти ҳамда Президент ва ҳукумат томонидан қабул қилинаётган қарорларнинг моҳияти ва тафсилотларини тўлалигича англамаяпти. Давлатимиз томонидан оширилаётган кенг миқёсли ишлар мамлакат ичида ҳам, хорижда ҳам етарли даражада ёритилмай, сезилмай қолмоқда.
Оқибатда, бундай вазият текширилмаган ахборот, асоссиз миш-миш ва уйдирмаларнинг пайдо бўлишига олиб келмоқда, улар кенг тарқалиб, матбуот хизматлари томонидан муносабатсиз қолдирилган бир шароитда аҳоли ўртасида тушунмовчилик ва норозилик келтириб чиқариши мумкин.
Вазият матбуот хизматлари кадрлар салоҳияти чеклангани, уларнинг моддий-техник жиҳозланиши ва ходимлари малакаси даражаси пастлиги билан янада кескинлашмоқда.
Кўриб турганингиздек, олдимизда турган муаммо жиддий ва кенг қамровли. Ўйлайманки, бу амалдаги ҳужжатларга қўшимча равишда комплексли норматив-ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқиш ва қабул қилишни тақозо этади.
Хусусан, матбуот хизматларининг давлат органлари ва жамият ўртасидаги ишончли кўприк сифатида самарали фаолиятини таъминлаш, матбуот котиби мавқеини ошириш, мунтазам равишда малака ошириш курсларини ташкил этиш лозим ва ҳоказо.
Биз бу борадаги ишларни бошлаганмиз. Жумладан, тегишли таклифлар ишлаб чиқиш ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатни тайёрлаш бўйича махсус гуруҳ тузилган.
Бундай чора-тадбирларнинг қабул қилиниши мамлакатимиз ахборот соҳасини ривожлантириш учун шароитлар яратишга, шунингдек, энг муҳими, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот асосларини салмоқли даражада мустаҳкамлашга хизмат қилади», - деб ёзади у.
Бундан олдин, Саида Мирзиёева Facebook’даги ўқувчилари билан мулоқотининг илк якунларини сарҳисоб қилганди.
Мавзуга оид
02:08 / 24.12.2024
Саида Мирзиёева: «Келгуси йил учун белгиланган вазифалар кўлами жуда кенг»
20:49 / 19.12.2024
Саида Мирзиёева Президент администрациясида ўқувчи ёшлар билан учрашди
19:14 / 12.12.2024
Саида Мирзиёева кўришда нуқсони бўлган самарқандлик болалар билан учрашди
18:52 / 27.11.2024