Жаҳон | 09:01 / 26.05.2019
22424
3 дақиқада ўқилади

10 алпинист Эверестга кўтарилишдаги тирбандликка дош беролмай жон берди

Фото: Twitter /Benfogle

Дунёнинг энг баланд чўққиси – Эверестга кўтарилишнинг баҳорги мавсуми боши – 14 майдан бошлаб ушбу чўққини забт этишга уриниш вақтида камида 10 алпинист вафот этди. Бу ҳақда The Himalayan Times нашри хабар берди. Бундай тасдиқланган ўлимлардан бири 41 ёшли британияликнинг чўққидан тушишдаги, кислород камлиги сабабли “ўлим ҳудуди” деб аталувчи жойдаги вафоти бўлган. 

Everest Parivar Treks компанияси вакилининг айтишича, эркак чўққига узоқ кўтарилиш ва сермашаққат тушишдан кейин мадорсизланган. Маҳаллий ҳокимият Эверестга кўтарилишдаги ўлимларнинг асосий сабаблари сифатида толиқиш, мадорсизлик ва чўққига кўтарилишга катта навбатни айтишмоқда. 22 майнинг ўзида чўққига рекорд сондаги 200 киши, кейинги кун яна 120 киши кўтарилган.  

Шу ҳафта аввалроқ Эверестга кўтарилиш вақтида 55 ёшли америкалик вафот этган. Эркак 7 та қитъадаги энг баланд чўққиларни забт этиш орзусига эришиб, чўққидан тушиш вақтида юраги дош бермай ҳалок бўлган.

Кейинги кунларда 3 нафар ҳиндистонлик, жумладан 2 аёл ҳалок бўлди. Тоғдан тушиш вақтида кучли толиқиш, кислород етишмаслиги ва организмнинг сувсизланиши сайёҳларда ўткир юрак етишмовчилигига олиб келган. Мутахассисларнинг фикрича, агар чўққига йўлда алпинистларнинг катта навбати бўлмаганда улар омон қолишлари мумкин эди.

Кўплаб фожиали ҳодисалар ва чўққига кўтарилишнинг нархи қимматлигига (хорижликлар учун камида 10 минг доллар) қарамай, Эверестни забт этишни истовчилар сони тобора кўпаймоқда. Ўтган баҳорда Непал чўққига кўтарилишга 347 та рухсатнома берган бўлса, жорий баҳорда бундай рухсатномалар сони 381 тани ташкил қилган.

Ҳалок бўлганларнинг жасадлари эвакуация мураккаблиги сабабли одатда ўша жойдаги музлар остида қолиб кетади.  

Непал ҳукумати маълумотларига кўра, жорий мавсум бошидан Ҳимолой тоғининг 8 минг метрдан баландроқ чўққиларини забт этиш вақтида 20 киши ҳалок бўлди. Улардан 10 нафари Эверестда, 4 нафари Макалуда, 3 нафари Канченжангада ва бир нафардан Лхоцзе, Аннапурна ҳамда Чо-Ойю тоғларида ҳалок бўлган.

Мавзуга оид