Ўзбекистон | 19:20 / 30.05.2019
32307
4 дақиқада ўқилади

Ички ишлар вазири ўринбосари: «Транспорт воситаларининг ёниб кетиши кундузи чироқларни ёқиб юриш билан боғлиқ ҳолат эмас»

Куннинг ёруғ вақтида автомоторанспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларни ёқиб ҳаракатланиши натижасида охирги 1,5 ойда йўл-транспорт ҳодисалари 18,2 фоизга камайган. Бу ҳақида Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида йўл ҳаракати қоидаларига киритилаётган ўзгаришларга бағишлаб ўтказилган брифингда маълумот берди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, мазкур тартиб жорий этилганидан буён 1,5 ойдан зиёд вақт ўтган бўлса, шу муддат ичида йўл-транспорт ҳодисалари 18,2 фоизга (199та), ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар 16,7 фоизга (45 нафар) ва тан жароҳати олганлар сони 23 фоизга (241 нафар) камайган.

Акрамхон Бобохонов мазкур янги йўл ҳаракати қоидасининг жаҳон тажрибасидан ўтгани ҳақида маълумот берди.

Акрамхон Бобохонов
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Чет эл тажрибасига кўра, куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш қарама-қарши томондан келаётган машинанинг ёки пиёданинг диққатини тортиб, огоҳлантиради ва йўл-транспорт ҳодисаси юз бериш эҳтимолини камайтиради. Кундузги вақтда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоизи эса айнан қарама-қарши томондан келаётган автомобил ёки пиёдани пайқамаслик натижасида рўй бермоқда.

Мазкур тартиб хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган. Хусусан, у 65та Европа давлатининг 25тасида барча автотранспорт воситалари учун мажбурий, 15тасида фақатгина мототранспортлар учун белгиланган, 3тасида мавсумий характерга эга бўлса, 4тасида тавсиявий асосда жорий этилган.

Ҳаво ҳарорати 35-50 даражага етадиган БАА ва Малайзияда ҳам транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби мавжуд. Иқлим шароити бизники билан деярли бир хил бўлган қўшни Қирғизистон ва Қозоғистон давлатларида ҳам худди шундай тартиб амалда. Мутахассисларнинг фикрига кўра, бу тартиб киритилгач ЙТҲ кўрсаткичи Қирғизистонда 21 фоизга, Қозоғистонда 11,12 фоизга камайган», ─ дейди вазир ўринбосари.

Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

Маълум қилинишича, мазкур тартибга риоя қилмаганлик учун Швецияда 1 млн 51 минг 836 сўм (миллий валютада ҳисоблаганда), Чехияда 732 минг 220 сўм, Эстонияда 1 млн 887 минг 510 сўм, Руминияда 574 минг 829 сўм жарима солинади.

Йўл ҳаракати қоидаларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақидаги қарор лойиҳаси билан regulation.gov.uz сайтида 1 ой давомида 571 киши танишган, кундузи чироқларни ёқиш ҳақидаги бандга нисбатан 5та таклиф, 2та эътироз билдирилган.

Ички ишлар вазирлиги ва Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбарияти иштирок этган матбуот анжуманида маълум қилинишича, автомототранспорт воситалари учун кундузи чироқларини ёқиб ҳаракатланиш мажбурийлиги қайта кўриб чиқилмоқда.

Акрамхон Бобохонов «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 138-банди (кундузи чироқ ёқиб юриш мажбурийлиги) қайта кўриб чиқилаётганини айтиб ўтди. Айни вақтда мазкур тартибнинг жорий этилишини назарда тутувчи қарор бўйича ўрганиш ишлари олиб борилмоқда.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Эрали Бозоровнинг қайд этишича эса, транспорт воситаларининг ёниб кетиши кундузи чироқларни ёқиб юриш билан боғлиқ ҳолат эмас.

Эрали Бозоров
Фото: Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги

«Транспорт воситаларидаги ёнғин ва кундузи чироқ ёқиб юриш мутлақо бир-бирига боғлиқ эмас. 2019 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида 139та транспорт воситасининг ёниш ҳолати қайд этилган, шулардан 112таси енгил машина, 27таси юк машинаси. 2018 йилнинг 4 ойида эса 147та (116та енгил машина, 27та юк машинаси, 4та автобус) ёнғин ҳолати кузатилган. Автотранспорт воситаларидаги ёнғин кўрсаткичи ўтган йилгига қараганда камайганини кўриш мумкин», ─ дейди Бозоров.

Баён этилишича, Ёнғин хавфсизлиги бош бошқармасининг расмий баёнотига кўра, автотранспорт воситаларида ёнғин чиқишининг сабаблари таҳлил этилганда уларнинг биронтаси кундузи чироқларни ёқиб юриш натижасида келиб чиқмаган.

Мавзуга оид