Ўзбекистон | 11:40 / 31.05.2019
67547
9 дақиқада ўқилади

«Куйдираётган» чироқ ва «тонировка»га йўғон жарималар. Масъулларнинг изоҳи янги изоҳларни талаб қилмоқда

Мавзулар трендида бугун автоолам. Рулни бошқарган инсон борки тажанг ҳозир. Сабаби аён – бир қатор қарорлар қабул қилиндики, уларнинг бирортаси ҳайдовчига қулайлик туғдирмайди, билъакс ҳам чўнтагига, ҳам вақтига, ҳам асабига путур етказади. Аммо қарор қабул қилиб бўлинган, ортга йўл йўқ!

Ҳамма гап ҳам шунда аслида. Бизда қабул қилинган қарорлар мукаммал ҳисобланади ва ортга қайтиш, яъни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмайди. Ҳолбуки энг ривожланган мамлакатлар қонунчилиги ҳам бир текис эмас, хатолар учраб туради. Энг муҳими, бу хатоларни зудлик билан тузатиш, керакли хулосаларни чиқариш.

Келинг, Ўзбекистон йўлларида ва тилларида тобора авжига чиқаётган баҳсли ҳолатларни қисқа таҳлил қилиб чиқамиз ва кейин улар бўйича ўз таклифларимизни билдирамиз.

Мавзуларнинг энг муҳимлари: кундузи чироқ ёқиб юриш, «тонировка» учун ақл бовар қилмас жарималар ва ниҳоят маълум тоифа ҳайдовчилар учун қўшимча талаблар (уларнинг қандайлигини яхши биласиз).

Буларнинг бирортасидан бирор ҳайдовчи мамнун бўлди дейиш, энг камида ножиддийлик бўларди. Ҳамма билиб турган нарсани очиқ тан олиш шарт – мазкур қарорларнинг ҳар бири бюджетдаги ўпирилган жойларни ямаш ва қўшимча даромад манбаидан ўзга нарса эмас!

Майли, давлат ёки қайсидир ташкилотнинг даромад қилиш заруратини тушунса бўлади. Аммо ҳамма голлар фақат битта дарвозага (бу ўринда ҳайдовчилар ҳамёнига) уриладиган бу ўйиндаги шартларга озроқ ўзгартириш киритмоқ зарур. Хўш, қандай?

1. Кундуз куни чироқларни ёқиб юриш шарт қилиб қўйилди. Хавфсизлик нуқтаи назаридан, «йўллардаги ҳодисалар камаймоқда!» дея бонг урилди (энг қизиғи, дастлаб бир ой вақт ўтмай тўрт ойлик ижобий статистика ҳам тақдим қилинди, ички ишлар ҳам нима қилсин, буйруқни бажаради-да...).

Фото: Акрамхон Бобохонов

Хусусан, айнан мана шу мавзу кўтарилган охирги тадбирда Ички ишлар вазири ўринбосари Акрамхон Бобохонов «Транспорт воситаларининг ёниб кетиши кундузи чироқларни ёқиб юриш билан боғлиқ ҳолат эмас» дея баёнот берди ва гапининг исботи сифатида қуйидаги далилларни келтирди: «...мазкур тартиб жорий этилганидан буён 1,5 ойдан зиёд вақт ўтган бўлса, шу муддат ичида йўл-транспорт ҳодисалари 18,2 фоизга (199та), ЙТҲ оқибатида ҳалок бўлганлар 16,7 фоизга (45 нафар) ва тан жароҳати олганлар сони 23 фоизга (241 нафар) камайган.

... кундузги вақтда рўй бераётган йўл-транспорт ҳодисаларининг 50 фоизи эса айнан қарама-қарши томондан келаётган автомобил ёки пиёдани пайқамаслик натижасида рўй бермоқда.

Мазкур тартиб хориж тажрибасидан келиб чиққан ҳолда жорий этилган. Хусусан, у Европанинг 65 давлатининг 25тасида барча автотранспорт воситалари учун мажбурий, 15тасида фақатгина мототранспортлар учун белгиланган, 3тасида мавсумий характерга эга бўлса, 4тасида тавсиявий асосда жорий этилган.

Ҳаво ҳарорати 35-50 даражага етадиган БАА ва Малайзияда ҳам транспорт воситалари учун яқинни ёритувчи чироқларни ёқиб ҳаракатланиш тартиби мавжуд...

... мазкур тартибга риоя қилмаганлик учун Швецияда 1 млн 51 минг 836 сўм (миллий валютада ҳисоблаганда), Чехияда 732 минг 220 сўм, Эстонияда 1 млн 887 минг 510 сўм, Руминияда 574 минг 829 сўм жарима солинади».

Европанинг маълум қисмидаги талабни қўллаш учун аввал Европа йўллари, инфратузилмасини яратиш, қатор давлатлардаги жаримани солиштиришдан олдин у давлатлардаги минимал маош билан ҳам танишиб қўйиш заруратини мактаб ўқувчиси ҳам билса керак?

Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси раҳбари ўринбосари Эрали Бозоров мавзуга оид янада қизиқарли маълумотлар тақдим қилади.

«Транспорт воситаларидаги ёнғин ва кундузи чироқ ёқиб юриш мутлақо бир-бирига боғлиқ эмас. 2019 йилнинг ўтган 4 ойи мобайнида 139та транспорт воситасининг ёниш ҳолати қайд этилган, шулардан 112таси енгил машина, 27таси юк машинаси. 2018 йилнинг 4 ойида эса 147та (116та енгил машина, 27та юк машинаси, 4та автобус) ёнғин ҳолати кузатилган. Автотранспорт воситаларидаги ёнғин кўрсаткичи ўтган йилгига қараганда камайганини кўриш мумкин», ─ дейди Бозоров.

Одамларда рақамларни аниқ кузатиш имконияти йўқ, лекин айни шу мавзудаги хабарлар кўпайган ёки камайганини ҳамма ҳис қила олади. Бир нарса аниқки, ўтган йиллар давомида йўллардаги ёниш ҳолатлари асосан пойтахтдаги йирик автобуслар билан боғлиқ бўларди. Бу йил эса бундай ҳодисаларга учраган автомобиллар шу қадар ранг-барангки...

Майли, дейлик бу важларда жон бордур, мавзу кўп қайта муҳокама қилинди ва қилинмоқда. Гап бошқа томонда.

Келинг, ортга қайтиш иложи йўқ экан, миллионлаб ҳайдовчиларнинг кундузи чироқ ёқиб юриш хавфли эканлиги, иссиқ кунларда ёнғин келиб чиқиши мумкинлиги тўғрисидаги оҳ-у нолалари етиб бормас экан, бир иш қилайлик: мажбурий суғурта шартномаларига фақат фуқаролик жавобгарлигини эмас, «ўз-ўзидан» келиб чиқаётган ёнғин ҳолатларини ҳам суғурталашни киритайлик. Ишонинг, юзлаб миллиардлар айланаётган суғурта лоббисининг ўзи бу қарорни бекор қилиш чорасини топади.

2. «Тонировка» жаримаси бирданига, ҳеч бир изоҳларсиз 25 баробар оширилди. Сабаби тушунарли, аксарият ҳайдовчилар қиммат нархлардаги бу «қулайлик»дан воз кечишди, пул тўлашмади. Умуман олганда ўзи бу жуда қизиқарли мавзу. Бир вақтлар «тонировка» омма учун буткул бекор қилинганда хавфсизлик учун бу ниҳоятда зарурлиги тушунтирилиб ёқа йиртилганди. Қарангки, тушум бўлса, ҳар қандай важ-карсонлар унутиларкан, иккинчи даражага тушаркан, қоларкан. Майли, нима бўлганда ҳам бу «неъмат»дан фойдалансанг ё пулини, ё жаримасини тўлайсан, бошқа илож йўқ.

Фото: Эрали Бозоров

Журналистлар рухсатнома олмасдан «тонировка» қилганлик учун жарима миқдорининг кескин оширилишидан мақсад нима эканини сўраганларида Эрали Бозоровнинг берган жавобини бемалол «жаҳон нутқларидаги энг машҳур жумлалар» қаторига тиркаш мумкин.

«Биз билмаймиз-ку, ойнасини рухсатнома олмасдан қорайтириб олган ҳайдовчи қаерда нима иш қилиб юрибди. Кўпчиликнинг мақсади бошқа бўлиши мумкин. Қолаверса, «тонировка» қилиш мажбурий талаб эмас, ихтиёрий. Мақсадимиз – ойналарни қонунга хилоф равишда қорайтиришнинг олдини олиш».

Тасанно! Қойилмисиз? Яъни, Бозоровнинг мантиғига кўра, кимдир пулини тўласа, унинг мақсадлари ҳаммага аён бўлади-қолади, аксинча, пул тўламаганнинг ҳаммасидан шубҳаланса арзийди. Лекин бир фикрда жон бор – кўчаларда ҳаракатланаётган «тонировкали»ларнинг ҳаммасини ҳам давлат ғазнасини бойитган деб бўлмайди. Лекин бу танганинг иккинчи томонини очади: ҳеч қачон зари ёки зўри бўлмаган оддий одам машинасини тонировка қилиб юрмайди.

Нима қилмоқ керак?

«Тонировка»га рухсатни сотиб олган автомобиллар реестри тузилсин ва оммага ошкор қилиб қўйилсин. Шундай бўлсинки, истаган одам автомобиль рақамини киритган ҳолда онлайн режимда тўлов амалга оширилган ёки йўқлигини текшира билсин. Президент, бош вазир кортежи, хорижий дипломатлар каби дахлсиз автомобилларни мустасно қилган ҳолда очиқ реестр орқали ҳаммани кузатиб бориш имкони туғилсин. Сабаби шуки, пулини тўлаганлар каму, қорайтириб юрганлар кўпроқдек!

Қонун тенглиги таъминланаркан, ҳоким ҳам, вазир ҳам «тонировка» учун тўлов қилсин. Шунда ўз-ўзидан кейинги саволлар туғилади, яъни бу тўловларнинг манбаси қаер эканлиги билан қизиқилади ва шаффофлик пайдо бўлади. Амали ёки пули туфайли бошқалар етолмайдиган бу қулайликдан бепул фойдаланаётганларнинг таноби тортилади, жаримани ҳалол тўлаётганларга нисбатан адолат қилинади.

Албатта, бу таклифлар парламент муҳокамасидан жой олиш тугул биносининг панжарасидан ҳам ўта олмайди. Лекин бир қаламкаш сифатида жар солиш орқали кўнгил андак таскин топармикан деган умид борда...

Мақола тайёрланиш жараёнида Жанубий Кореядаги ватандошимиз Ҳумойиддин Қосимов қуйидагича фикр билдириб қолди: «Чироқ ёқиш ва жарималар бўйича Европа тажрибасини қўллаётганларга саволим: нега «тонировка» бўйича ҳам ривожланган давлатлар, масалан Жанубий Корея тажрибаси қўлланилмаяпти? Ахир уларда бу қулайлик мутлақо бепул ёки арзимас тўлов эвазига-ку?».

Аброр Зоҳидов. 

Мавзуга оид