Жаҳон | 17:45 / 01.06.2019
11608
2 дақиқада ўқилади

Миллиардер Уоррен Баффетт янги рекорд ўрнатди

Фото: Scott Morgan / Reuters

Berkshire Hathaway компанияси соҳиби ва дунёнинг энг машҳур инвесторларидан бири Уоррен Баффетт ўзи билан тушлик қилиш ҳуқуқини рекорд қийматга сотишга муваффақ бўлди, дея хабар беради Economic Times.

Маълум бўлишича, ўз шахсини сир тутишни истаган бойвачча Баффетт билан тушлик қилиш ҳуқуқини қўлга киритиш учун хайрия кимошди савдоларида 4,57 миллион доллар тўлаган. Тушликнинг ўзига хос жиҳати шуки инвесторга бизнесга оид келгуси режаларидан ташқари ҳар қандай саволни бериш мумкин.

Маълумки, Уоррен Баффетт 2000 йилдан буён ҳар йили ўзи билан тушлик қилиш ҳуқуқини сотиб келади ва тушган маблағни хайрияга сарфлайди. Бу акция доирасида энг кам маблағ 2001 йилда 18 минг доллар тўланган бўлса, олдинги рекорд 2012 ва 2016 йилларда қайд этилган – 3,45 миллион доллар.

Баффетт нафақат сайёрамизнинг энг бадавлат одамларидан бири (бугунги кундаги бойлиги 81,5 миллиард доллар), балки энг катта хайр қилувчиларнинг етакчиси ҳамдир.

Бундан олдин у ўз бойлигининг 99 фоизини ҳаётлигида ёки васияти орқали хайрияга сарфлашини маълум қилганди.

Мавзуга оид