Ўзбекистон | 17:18 / 05.06.2019
64071
5 дақиқада ўқилади

Пўлат Бобожонов: «Ўрнатилаётган кундузги сигнал чироқларининг сифатсизлиги автомобилларга зарар етишига сабаб бўляпти»

Фото: KUN.UZ

Автомобилларнинг кундузги сигнал чироқлари босқичма-босқич ўрнатилади ва бу жараён учун маълум вақт белгиланди. Бу Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 4 июндаги 460-сон “Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорида ўз аксини топди.

Қарорнинг ишлаб чиқилишига асосан нималар сабаб бўлди ва унда қандай мақсад кўзда тутилган? Ушбу саволларга жавоб олиш мақсадида ЎзА мухбири Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазири Пўлат Бобожоновга мурожаат қилди.

- Автомобилларда автомат ёниб турадиган кундузги сигнал чироқларини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш амалиёти йўлларда хавфсизликни кучайтиришга қаратилган амалий чоралардан биридир. Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 9 апрелдаги 292-сон қарори билан куннинг ёруғ вақтида барча автомототранспорт воситалари яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиши шартлиги белгилаб қўйилди.

Аммо бу талабнинг амалга киритилиши конструкциясида кундузги сигнал чироқлари мавжуд бўлмаган автомототранспорт воситаларини ушбу жараёнга тайёрлаш (кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозлаш)да қўшимча вақт зарурлигини тақозо этмоқда. Шу билан бирга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган барча автомототранспорт воситаларига мажбурий техник талаб сифатида ишлаб чиқарувчилар томонидан автомат ёниб турувчи кундузги сигнал чироқларини ўрнатиш талаби белгиланмагани натижасида фуқаролар автомототранспорт воситаларини ўзбошимчалик билан кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозламоқда. Ўрнатилаётган кундузги сигнал чироқларининг сифатсизлиги эса автомобилларга зарар етишига сабаб бўлаётир.

Қолаверса, амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддасида ташқи ёритиш асбобларидан фойдаланиш қоидаларини бузгани учун ҳайдовчиларга энг кам иш ҳақининг иккидан бир қисми (101 365 сўм) миқдорида жарима солиш назарда тутилган. Бироқ, амалда куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмаган автомототранспорт воситалари ҳайдовчиси ҳам ушбу норма бўйича маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлмоқда.

Мана шу жиҳатларнинг барчаси чуқур ўрганилган ҳолда Ҳукуматнинг ушбу соҳага оид янги қарори тайёрланди ва қабул қилинди.

- Қарорда асосан нималар назарда тутилмоқда?

- Қарорга кўра, 2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида яқинни ёритувчи чироқларни ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланиш шартлиги бўйича талаб автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланмаган автомототранспорт воситаларига нисбатан татбиқ этилмайди.

2021 йил 1 январга қадар куннинг ёруғ вақтида транспорт воситалари ташкилий жамланма сафида ҳаракатланаётганда, йўловчиларни ташиётган автобус ва йўналишли транспорт воситаларида, болалар гуруҳини ташкилий ташишда, хавфли, катта ўлчамли ва оғир вазнли юкларни ташишда, механик транспорт воситаларини шатакка олишда (шатакка олиб кетаётган транспорт воситасида) ҳамда мотоцикл ва мопедларда яқинни ёритувчи чироқлар ёқилиши зарурлиги белгилаб қўйилди.

2020 йил 1 январдан қуйидаги тартиб жорий этилади:

мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган барча автомототранспорт воситалари ички бозорга ишлаб чиқарувчи томонидан автоматик ёниб турувчи кундузги сигнал чироқлари билан жиҳозланган ҳолда чиқарилади;

чет элдан импорт қилинадиган автомототранспорт воситаларида кундузги сигнал чироқлари мавжудлигини сертификациядан ўтказиш учун мажбурий техник талаб сифатида белгиланади.

Бундан ташқари, тегишли вазирлик ва идоралар муомалага чиқарилаётган ғилдиракли транспорт воситаларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни мазкур қарор талабларидан келиб чиқиб такомиллаштиради.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳайдовчиларнинг куннинг ёруғ вақтида транспорт воситаларининг яқинни ёритувчи чироқларини ёки кундузги сигнал чироқларини ёқиб ҳаракатланмагани учун жавобгарликни енгиллаштиришни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилади.

- Қарор талаблари амалиётга жорий этилгач, қандай натижаларга эришилади?

- Юқорида тилга олинган янги амалиётлар жорий этилиши натижасида йўлларда ҳаракат хавфсизлиги таъминланиши кучаяди. Кундузи сигнал берувчи махсус чироқларнинг белгиланган қоидалар асосида ўрнатилиши, бунга маълум вақт ажратилгани фуқаролар учун яратилган катта қулайлик бўлди. Махсус чироқлар ўрнатилиши эса ўз-ўзидан иссиқ кунлари чироқ ёқиш оқибатида транспорт воситалари қизиб кетиши билан боғлиқ нохуш ҳолатларга ҳам, мулоҳазаларга ҳам барҳам беради.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган автомобилларнинг келгусида қарор талаблари асосида ишлаб чиқилиши юртдошларимизга катта қулайлик яратади.

Хорижда ишлаб чиқарилган ва мамлакатимизга келтирилаётган транспорт воситаларидаги сигнал бурувчи чироқ билан боғлиқ ҳолати махсус кўрикдан ўтказилиб, амалдаги талабларга мослаштирилиши ҳам келгусида юз бериши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олади.

Мавзуга оид