Президентлик отамерос президентлар
Маълумки давлат бошқарувининг асосий ва кўп тарқалган шаклини ўзида акс этган президентлик лавозимига инсон умумхалқ сайловлари орқали сайланади. Авлоддан-авлодга ўтувчи монархия принципидан энг катта фарқли жиҳат ҳам аслида шу. Лекин дунёда ўз отасининг ўрнини бевосита ёки билвосита эгаллаган президентлар ҳам талайгина.
Кичик Жорж Буш
АҚШ президентлари орасида ота-ўғил Бушларнинг ўрни катта. 1946 йилда АҚШнинг Коннектикут штати Нью-Хэйвен шаҳрида туғилган Жорж Уокер Буш 2001—2009 йилларда мамлакатнинг 43-президенти бўлганди. Унинг отаси Жорж Герберт Уокер 41-президент сифатида 1989—1993 йилларда давлатни бошқарган.
Айнан ота ва ўғил Жорж Бушлар учунгина «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади. Сабаби АҚШда собиқ президент атамаси қўлланмайди ва бу лавозимни эгаллаган инсон умрбод шу ном билан, фақат рақамларини кўрсатган ҳолда (масалан 41-,43-президент) номланаверади. Иккита бир хил исм-шарифли президентларнинг борлиги чалкашликларни келтириб чиқармаслиги учун «катта» ва «кичик» қўшимчалари қўлланилади.
Алиевлар сулоласи
1961 йилда туғилган Илҳом Алиев мавзунинг ёрқин қаҳрамони, лавозимни отасидан кейин бевосита эгаллаган шахс. Унинг отаси Ҳайдар (Гейдар) Алиев 1993-2003 йилларда Озарбойжон президенти бўлган. Отасининг вафотидан кейин Илҳом Алиев президентликка ўз номзодини қўйди ва шундан кейин қаторасига тўрт марта – 2003, 2008, 2013 ва 2018 йилларда сайловларда ғолиб чиққанича давлатни бошқариб келмоқда. Унинг рафиқаси Меҳрибон Алиева мамлакатнинг вице-президенти ҳисобланади. Унинг ўғли кичик Гейдар Алиев ҳали 22 ёшда ва у бизнес билан шуғулланади.
Башар Асад
1965 йилда Дамашқда туғилган Башар Асаднинг отаси Ҳафиз Асад ўша пайтларда Сурия Ҳарбий Ҳаво Кучлари қўмондони, бригада генерали эди. Мамлакатдаги диний озчилик бўлган алавийлар оиласидан эканлигига қарамай Ҳафиз Асад давлат тўнтариши уюштиришга ва ҳокимият тепасига келишга муваффақ бўлади. Орадан кўп ўтмай у «Баас» партияси бошқарувини ҳам эгаллайди ва ваколатларини кенгайтириш билан ҳокимиятини мустаҳкамлаб олади.
Ҳафиз Асаднинг ўғли, Суриянинг амалдаги президенти Башар Асад аввалига Дамашқда, кейинчалик Буюк Британияда ўқиб, кўз шифокори дипломини олади ва маълум муддат соҳаси бўйича ишлайди ҳам. Ўша пайтларда унинг президентлик амбицияси бўлмаган. Сабаби Ҳафиз Асаднинг режасига кўра мамлакат бошқаруви дастлаб укаси Рифатга берилиши керак эди. Аммо акасини муддатидан олдин ағдаришни режалаштирган уканинг сири фош бўлиб, бадарға қилинади. Шундан сўнг валиаҳдлик катта ўғил Босилга ўтади.
1994 йилда Босилнинг автоҳалокат натижасида ҳалок бўлиши ҳамма нарсани ўзгартириб юборади. 2000 йилда Ҳафиз Асад юрак хуружидан вафот этганидан сўнг давлат бошқаруви Башар Асадга ўтади.
2000 ва 2007 йилларда Башар Асад ягона номзод сифатида президентликни эгаллаган бўлса, урушлар кечаётган 2014 йилда 88,7 фоиз овоз олишга муваффақ бўлади, бироқ дунёнинг аксарият давлатлари томонидан бу натижалар тан олинмайди.
«Абадий Кимлар»
Кейинги қаҳрамонларимизнинг лавозимлари расман президент эмас. Аммо ўз давлатларидаги ваколатлари анча-мунча президентларникидан баланд ва серқирра.
Ҳам сиёсий, ҳам иқтисодий, ҳам ҳудудий жиҳатдан иккига бўлиниб олган Корея ярим оролидаги жуда қизиқ давлат – КХДР тузумини аввал бошдан Кимлар сулоласи бошқариб келади. Дастлаб Ким Ир Сен бу давлатнинг илк раҳбари сифатида тарихда қолди. 36 йиллик бошқарувдан сўнг, 1994 йилда унинг ўлими Шимолий Кореяни шу қадар қайғуга чўмдирдики, кўплаб фуқаролар буни кўтара олмай доҳий ортидан боқий дунёга рихлат қилдилар. «Давлат ва миллатнинг буюк доҳийси», «Порлоқ юлдуз», «Беқиёс биродар», «Ҳарбий соҳада даҳоларнинг даҳоси», «Халқ отаси», «Ҳурматли (энг юқори, ақлли, ягона, севимли...) раҳбар», «Қимматли ота», «Коммунистик келажак қуёши», «Давлатлар бирлашуви кафолати», «Йўлчи юлдуз» каби номларни ўзида жамлаган мамлакат раҳбари лавозими Ким Ир Сеннинг ўғли Ким Чен Ир қўлига ўтди.
Ўғил ҳам отанинг сиёсатини «шараф» билан давом эттирди, мамлакат ўз сиёсий тузумидан заррача оғмади. Аммо ўлим ҳақ, 2011 йилда Ким Чен Ирнинг ўлими мамлакат аҳолисини яна бир марта ларзага солди. Доҳийнинг ортидан зор-зор бўзлаганлар тасвирланган видеолавҳалар кўпчиликни ҳайратлантиради. Лекин айнан шундай – мафкуравий тарғибот одамларни шу даражага солган. Отасининг ўлимидан сўнг мамлакат бошқаруви учинчи Ким – ёш ва тажрибасиз Ким Чен Ин қўлига ўтди. Аммо тажрибасизлигига қарамай у ҳам сулола ишини давом эттирди ва тузумни тўла-тўкис сақлаб қолди.
Бир қарашда ҳокимият авлоддан авлодга ўтаётгандай туйилсада, бу мамлакатда ҳам давлат раҳбарлигига сайловлар бўлади. Фақат уларнинг ўзига хос жиҳати ягона номзод кўрсатилади (уларнинг кимлигини яхши биласиз) ва бу номзоднинг 100 фоиз овоз тўплагани эълон қилинади.
Демак Шимолий Кореянинг навбатдаги «порлоқ қуёши» Ким Чен Ин ҳам расман сайловларга кўра мамлакат бошқарувини ўз қўлига олган давлат раҳбаридир.
Жанубий Корея: демократия ва ҳибслар
Демократия ва тараққиёт рамзи бўлган Жанубий Кореяда сўнгги йилларда ўзига хос анъана шаклланган – президент албатта коррупцион можароларда айбланади. Қизиқ а? Авторитар ёки диктатура дея аталувчи Шимолий Кореяда мамлакат раҳбари «Давлат ва миллатнинг буюк доҳийси», демократия ва шаффофликни акс эттирган давлатнинг деярли ҳар бир раҳбари расман айбдор.
Ана шундай можароларнинг энг йиригига, энг шармандалисига учраган Пак Кин Хе — Жанубий Кореянинг 1963—1979 йиллардаги етакчиси, президенти Пак Чон Хининг қизи ҳисобланади. Отасининг ўрнини билвосита эгаллаган президент хоним 2013—2017 йилларда давлатни бошқарди. 2017 йилга келиб порахўрлик, давлатга хиёнат ва давлат бошқарувида таниш-билишчилик, ўта махфий сирларни тарқатиш каби айбловларда айбланган Пак Кин Хе импичмент жараёнидан сўнг ҳокимиятдан четлатилди ва 2018 йилда 18 миллиард вон жарима билан биргаликда 24 йиллик қамоқ жазосига ҳам ҳукм қилинди.
Юқоридагилар отасининг ўрнини бирданига ёки вақт ўтиб эгаллаган президентлар ҳақида сўз юритдик. Қуйида ана шундай қилиш имконияти бор ёшлар ҳақида қисқа маълумотлар бериб ўтамиз.
Рустам Имомали
Имомали Раҳмоннинг ўғли, пойтахт Душанбе ҳокими ҳар жиҳатдан президентликка номзод бўла олади. Ёш, сиёсатда ўзини синаб кўрмоқда, қўллаб-қувватловчи раҳнамо бор. Қолаверса, президентликка номзодларга талабда минимал ёшнинг 35дан 30га туширилиши кўп нарсани англатади. Демак, вақт ўтиб бу саволга жавоб топишга қийналмаймиз.
Дариға Назарбоева
Нурсултон Назарбоевнинг тўсатдан истеъфога чиқиши ортидан жуда кўпчилик энди унинг ўрнини қизи Дариға Назарбоева эгаллашини тахмин қилганди. Аммо бундай бўлиб чиқмади, президентнинг қизи ўз номзодини илгари сурмади. Назарбоевнинг ўзи шогирди Тоқаевни қўлламоқда. Лекин бу ҳолат вақтинча бўлиши, келгуси сайловларда вазият ўзгариши ҳеч гап эмас.
Cардор Бердимуҳамедов
Туркманистон раҳбари, арқадағ – Гурбангули Бердимуҳамедовнинг оиласи ҳақида маълумотлар жуда кам. Масалан, унинг рафиқаси ҳақида ҳеч ким деярли ҳеч нарса билмайди. Лекин шунга қарамай арқадағнинг ўғли Сардор (Сердар) Бердимуҳамедов сўнгги йилларда сиёсат оламига шахдам қадамлар билан кириб келди ва қатор лавозимларни эгаллади. Бундан ташқари арқадағ сўнгги йилларда набираси Каримгулини ҳам йирик саҳналарга олиб чиқмоқда. Фақат ҳозирча бу чиқишлар санъат, тўғрироғи турли жанрдаги қўшиқлар билан чекланмоқда.
Николай Лукашенко
Беларусь президенти Александр Григорьевич Лукашенконинг уч ўғли борлиги ҳақида маълумотлар тарқалган. Уларнинг каттаси ва ўртанчаси Виктор ҳамда Дмитрий омма олдида деярли кўринишмайди. Аммо кичиги Николай Лукашенко сўнгги йилларда отасининг доимий ҳамроҳига айланди. Унга таъриф бераркан Александр Григорьевич шундай деган: «Акаларидан фарқли равишда кичкинтой анча ақлли бўлиб ўсмоқда».
Лекин болакайнинг сиёсий амбицияларига баҳо беришга ҳали эрта.
Аброр Зоҳидов
Мавзуга оид
21:45 / 25.12.2024
Асад асираси: диктаторнинг хотини Москвадан кетмоқчи
15:59 / 25.12.2024
Шавкат Мирзиёев Озарбойжон самолёти ҳалокати юзасидан ҳамдардлик билдирди
16:16 / 24.12.2024
Ўзбекистон ва Озарбойжон президентлари телефон орқали суҳбатлашди
17:10 / 23.12.2024