Ўзбекистон | 21:40 / 12.06.2019
18818
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда пойабзал импорти учун бож тўловини ошириш таклиф қилинмоқда

«Ўзчармсаноат» ассоциацияси томонидан қонун лойиҳалари муҳокамаси порталига рус тилида жойлаштирилган президент қарори лойиҳасида 1 июлдан импорт қилинадиган пойабзаллар учун тўланадиган бож ставкасини 10 фоиздан 30 фоизга, бир жуфт пойабзал учун 5 доллардан кам бўлмаган миқдорда ошириш таклиф қилинмоқда.

Лойиҳада ишлаб чиқарилган хом ашё ва ярим тайёр маҳсулотлар соҳа ичида реализация қилинганида уларни солиқ тўлаш объекти деб ҳисобламаслик таклиф этилган.

Қўшимча равишда, оёқ кийимлари, чарм, жун, қоракўл ва сунъий теридан тайёрланган маҳсулотлар бўйича давлат харидлари, жумладан стратегик объектлар томонидан амалга оширилаётган давлат харидларида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга 20 фоизга нарх устунликларини қўллаш режалаштирилмоқда.

Қарор лойиҳасида 2021 йил 1 январдан Ўзбекистон божхона чегараси орқали чарм яримфабрикатлари олиб чиқиб кетилганида экспорт қилинаётган маҳсулот қийматининг 20 фоизи миқдорида йиғим белгилаш таклиф қилинмоқда.

«Ўзчармсаноат» уюшмасига аъзо ташкилотлар тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун бўш ва фойдаланилмаётган давлат объектларини «ноль» қийматда олишлари мумкин бўлади. Бундан ташқари, уларни 2022 йил 1 июлига қадар ер солиғидан озод қилиш таклиф этилмоқда.

Қарор лойиҳаси муҳокамаси 23 июнгача давом этади.

2018 йил май ойида Ўзбекистонда имтиёз ва преференциялар бериш тартиби ўзгарган, солиқ ва божхона имтиёзлари ҳамда преференциялар қонунлар ва президент ҳужжатлари билан умуман тармоқлар, фаолият соҳалари, ҳудудлар учун бериладиган бўлганди. Бунда улар аниқ мақсадга эга бўлиши ҳамда аниқ ижтимоий, иқтисодий ва молиявий натижаларга эришишни таъминлаши зарурлиги белгилаб қўйилганди. 

Ўша йилнинг декабрида президент Шавкат Мирзиёев парламентга мурожаатномасида маълум фирмаларга преференциялар беришни тўхтатиш ҳақида гапирганди.

«Келажакда ҳамма бир хил бўлиши керак, бозор бешафқат, лекин шуни қилишимиз керак. Фалон фирма, фалон ташкилотга преференциялар берсак, ривожланиш бўлмайди. Солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилишимиз керак», деганди давлат раҳбари.

Шунингдек, давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев Kun.uz'га берган интервьюсида 2019 йил 1 июлдан бошлаб, рақобат муҳитини бузадиган барча имтиёзлар бекор қилиниши назарда тутилаётганини айтганди.

Мавзуга оид