Ўзбекистон | 17:18 / 15.06.2019
55527
3 дақиқада ўқилади

HRW: Вакилимиз Тошкентда салбий сигналларни ҳис этмоқда 

Фото: Видеодан кадр

Human Rights Watch ташкилотининг Марказий Осиё бўйича вакили Стив Свердлов Тошкент шаҳрида блогер Сардор Комилов томонидан кутилмаган тарзда сўроққа тутилди.

Ташкилот тарқатган баёнотда таъкидланишича, 13 июнь куни Стив қўним топган меҳмонхонада блогер Сардор Комилов ва унинг шериклари инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият олиб борувчи мутахассис Свердловни турли саволлар билан қистовга олишган. 

Сардор Комилов
Фото: hrw.org

«Сардор ва унинг 4 нафар шериги меҳмонхона ходимига ўзини Стивнинг танишлари сифатида кўрсатиб, унинг хона рақамига қўнғироқ қилишган. Сардор ўзини ҳуқуқлари бузилган тадбиркор сифатида таништириб, Стив билан учрашмоқчилигини илтимос қилган. Свердлов меҳмонлар билан учрашишга чиққанда, уни ҳар томонлама ўраб олишган ва жисмоний ҳаракатланишига имконият қолдирилмаган. Кутилмаган вазиятда Стивни ҳар томондан тасвирга олиш бошланган», — дейилади баёнотда. 

Таъкидланишича, блогер Свердловни Ўзбекистонни тарк этишга даъват этган. Ташкилот ижрочи директори Кеннет Рот инсон ҳуқуқларини бузаётган Ўзбекистондаги амалдорларга нисбатан олиб бораётган Стивнинг суриштирувларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдириб, айни ҳолатга ошкора ҳужум сифатида қараган. 

«Бу очиқ-ойдин Стивни қўрқитишга бўлган ҳаракат, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқи фаоллари ва ташкилотларининг фаолиятини обрўсизлантириш учун олиб борилаётган онлайн кампаниянинг бир қисми ҳисобланади», — дейди у. 

Маълум қилинишича, HRW мазкур ҳолатни фуқаролик жамиятига жиддий сигнал сифатида қабул қилади. Ҳукумат эса сўз эркинлигини қўллаб-қувватлаши, бу ишларни амалга оширишда бир гуруҳ шахсларнинг хавфсиз ҳаракатланишига имконият яратиши лозимлиги таъкидланади.

Свердловнинг блогер томонидан сўроққа тутилиши ҳолати Sayyod.com YouTube-каналида жойлаштирилган. Унда Сардор Комилов меҳмонхона ҳоллида Стив Свердлони таъқиб қилиши ва унга HRW фаолияти ҳамда Свердловнинг аккредитацияси бўйича саволлар беришини кўриш мумкин.

Видеода Комиловга оператордан ташқари микрофон ва фотокамера тутган икки қиз ҳам ҳамроҳлик қилган. Свердлов ундан ташриф қоғозини сўраганида у блогерлигини ва унга ташриф қоғози шарт эмаслигини айтган.

Комилов ҳуқуқ ҳимоячисига Ўзбекистон ҳақида хато маълумотлар тарқатмасликни тавсия қилган ва Ўзбекистонга келиб хато қилганини айтган, унинг фамилияси нега русчалигини сўраб, ҳамиятига теккан.

Бу видео айни вақтда ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама қилинмоқда ва фойдаланувчиларнинг аксари Сардор Комиловнинг хатти-ҳаракатларини қораламоқда.

Маълумот учун, ўз вақтида суд қарори билан Ўзбекистонда фаолияти тугатилган ташкилот билан алоқалар 2017 йили яна илиқлаша бошлади. Унинг вакиллари Ўзбекистонга ташриф буюриши ва расмий/норасмий шахслар билан мулоқотда бўлиши эркин қилиб қўйилди. Стив Свердлов билан юз берган ҳодиса сўнгги икки йил ичида биринчи марта кўзга ташланмоқда.

Мавзуга оид