Light | 11:00 / 18.06.2019
177223
7 дақиқада ўқилади

Буқоқдан дарак берувчи 9 белги

Сиз аҳамиятингизни қаратмайдиган белгилар аслида ҳаёт учун хавфлидир.

Қалқонсимон без бўйиннинг олдинги қисмида жойлашган ва шаклан капалакни ёдга солувчи орган. У асаб тизими, овқат ҳазм қилиш, суяк тўқималари ва репродуктив саломатликка ўз таъсирини ўтказади.

Без 3 хил гормонни ажратиб чиқаради. Агар бирортасини синтез қилиш жараёнида камчиликлар кузатилса, организмнинг доимий иш фаолиятида узилишлар ва касалликлар юзага келади. Гормон ўзгаришлари бир неча сабаблар туфайли келиб чиқиши мумкин: дори воситалари қабул қилиниши, вирусли инфекциялар, иммун тизими заифлашиши, йод танқислиги, ҳомиладорлик ва туғруқдан кейинги давр. Одам боласи кучсиз қалқонсимон без билан туғилиши ҳам мумкин.

Касаллик деб гормонларнинг етарли ишлаб чиқарилмаслиги ва ортиқча ишлаб чиқарилишига айтилади. Муаммо бартараф этилмаса, у юрак хасталикларига, ҳомиладорлик ва туғруқ оғир асоратлар билан кечишига, ҳомила тушишига, баъзи ҳолатларда комага олиб келиши мумкин.

Гоҳида заиф аломатлар ҳам жиддий касалликлардан белги бера олади. Лекин доимо уларни вақтида пайқаб, ўз ҳаётини сақлаб қолишнинг имкониятлари етарли.

1. Вазн ўзгаришлари

Шифокорлар биринчи навбатни диққатни вазн ўзгаришларига қаратишади. Агар танада гормонлар меъёрдан ортиб кетса, одам бирданига озиб кетади. Одатдагидан кўп овқат истеъмол қилинганда ҳам, вазн ташлаш давом этади — бу ҳолатда овқатланиш режими ўзгариши ҳеч қандай таъсирга эга эмас.

Гормон даражасининг тушиши эса, аксинча, вазн йиғилишига олиб келади. Метаболизм секинлашади ва натижада организм ортиқча калорияни ёғ шаклида йиға бошлайди. Шу сабабли парҳез ва фитнесларга қатнаш ҳам қоматни ушлашга ёрдам бера олмайди. Натижага фақатгина гормонал фондаги ўзгаришларни меъёрга келтирувчи даволаш курсидан кейин эришиш мумкин.

2. Кайфият бузилишлари

Гормонлар бизнинг асаб тизимимизга ўз таъсирини тўғридан-тўғри ўтказгани учун ҳам, кайфиятимиз уларнинг даражасига боғлиқ. Носозликлар аломатларига ҳамма нарсага лоқайдлик, ҳиссий қўзғалувчанлик, ваҳима, хавотир, йиғлоқилик ёки ўзини тажовузкорона тутиш киради.

Инсон ўзидаги ўзгаришларни пайқаши осон эмас. Кўпинча уларни ишдан кейинги чарчоқ, ҳар кунги стресс ва ҳаёт қийинчиликларига боғлаш мумкин. Ўз кайфиятингизга эътиборли бўлинг: агар у арзирли сабаб бўлмаганда ҳам ёмонлашса ва бир неча кун давомида ўзингизга кела олмай юрсангиз, сизда психотерапевт қабулига бориш учун арзирли сабаб мавжуд.

3. Бўйин соҳасида ноқулайлик

Агар бўйинда шиш ва унинг ҳажми ортиши, нафас олишда қийинлашиши, ютинишда оғриқ, овоз хириллаши кузатилса, катта эҳтимол билан, қалқонсимон без катталашган ёки унда тугунчалар пайдо бўлган.

Қалқонсимон безнинг катталашиши буқоқ касаллиги деб ҳам аталади. У даволаниш ва гормон даражаси ўз меъёрига қайтиши билан ўтиб кетади. Бироқ бўйиндаги ноқулайлик қалқонсимон без саратонидан ҳам белги билдираётган бўлиши мумкин. Шунинг учун, агар нохуш ҳолат сезсангиз, зудлик билан шифокор қабулига боринг.

4. Сочлар ва тирноқ мўртлиги

Соч ва тирноқлар гормонал ўзгаришларга жуда сезувчандир. Шунинг учун касаллик пайдо бўлганда улар юпқалашади ва кучсизланади, осон синиши ва тўкилиши кузатилади. Бу нафақат сочларга, балки қош ва киприкларга ҳам алоқадор.

Кучли соч тўкилиши калликка ҳам олиб келиши мумкин. Агар вақтида даволаниб, гормонлар даражаси ўз ўрнига қайтса, соч қатлами яна аввалги ҳолатини тиклайди.

5. Менструал циклда бузилишлар

Бу бузилишлар аёлларда энг кўп тарқалган гормонал узилишлар аломатидир.

Ой кўришдаги муаммолар, оз ва кам ажралмалар, цикл чўзилиши ёки жуда кўп қон кетиши етарли белги бўла олади. Оғриқли менструация қалқонсимон бездаги муаммолардан ҳам дарак беради, айниқса аввал бундай оғриқ кузатилмаган бўлса.

Ҳеч қандай гормонал ўзгаришларга алоқадор бўлмаган ягона ҳолат бу стресс ва қаттиқ чарчоқ билан боғлиқ бўлиши мумкин, бироқ шунда ҳам аёллар шифокор қабулига учрашлари керак. Буни ортга суриш ярамайди, чунки эндокрин касалликлари бепуштлик ва ҳомиладорликда келиб чиқувчи ёмон асоратлар хавфини кучайтиради.

6. Тана ҳароратидаги ўзгаришлар

Гормонал камчиликлар тананинг ўз ҳароратини меъёрда ушлаш имкониятига ўз таъсирини кўрсатади. Беморларнинг таъкидлашича, кўпчилик бир хонада бўлиб турганда ва бошқалар иссиқликни ҳис қилишганда, улар совқотишади. Баъзиларда аксинча. Қаттиқ жазирама ҳиссидан азият чекишади. Қалқонсимон без қанча кўп гормон ишлаб чиқарса, тана ҳарорати ҳам шунча ошиб бораверади.

Одамларда одатий ҳарорат доимий равишда баландроқ ёки пастроқ бўлиши ҳам учрайди. Бунда ҳеч қандай хавотирга ҳожат йўқ. Бироқ у бирданига ўзгарса ва маълум муддат одатий даражага қайтмаса, гормонал ўзгаришлар эҳтимоли юқори.

7. Тери қуруқлашиши

Қуруқлашиш ва таъсирчанлик турли хил касалликлардан далолат бериши мумкин — псориаз, ихтиоз, замбуруғлар, аллергия, жигар етишмовчилиги ва руҳий узилишлар.

Лекин агар қалқонсимон без касалликларининнг бошқа аломатлари ҳам мавжуд бўлса, тери қуруқлашиши арзирли белги бўла олади. Айниқса, тирсак ва тизза соҳасида пўст ташлаш кузатилади ва тери ташқи ҳаракатга таъсирчан бўлиб қолади. Тошмалар, қичишиш ва яллиғланиш кузатилади.

8. Ҳазм тизимида муаммолар

Қалқонсимон без гормонлари овқат ҳазм қилиш тизимини ҳам меъёрлаштиради, моддалар алмашинуви ва ошқозон-ичак фаолиятини назорат қилади.
Носозликлар мушаклар заифлашиши, йўғон ичак тортилишига олиб келиши мумкин. Бунинг ортидан қабзият, диарея ва оғриқ юзага келади. Диарея ўз навбатида вазн ташлашга олиб келади ва кўпинча бу икки симптом бир вақтда кузатилади.

9. Юрак ритмида ўзгаришлар

Юрак уришида тезлик ёки секинлашув эндокрин тизимидаги касалликлар аломати бўлиши ҳам мумкин. Қон босими ўзгаради — бирданига кўтарилади ёки тушади. Ҳатто оддий жисмоний зўриқиш нафас қисилиши ва пульс тезлашувига олиб келиши мумкин. 

Шифокор назоратисиз бу симптом тахикардия ёки юрак етишмовчилиги касалликларини қўзғаши мумкин. Шунинг учун кардиолог ва эндокринолог қабулини кечиктирмаслик керак.

Мавзуга оид