Light | 11:40 / 19.06.2019
32931
6 дақиқада ўқилади

Кимларга қулупнай истеъмол қилиш мумкин эмас?

Май ойида қулупнай мавсуми бошланади. Витаминларни соғинганимиз боис уни жуда кўп миқдорда истеъмол қилишни бошлаймиз. Бироқ қулупнай барчага бирдек фойдали эмаслиги ҳақида ҳаммамиз ҳам ўйлаб кўравермаймиз.

У айрим кишилар учун жуда фойдали бўлса, бошқалар учун маъқул бўлмаслиги мумкин.

«Так Просто!» кимлар қулупнайни эҳтиёткорлик билан истеъмол қилиши, кимлар ундан умуман воз кечиши кераклиги ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Depositphotos

Қулупнайнинг фойдали жиҳатлари

Таркиби сабабли қулупнай яллиғланиш ва микробларга қарши хусусиятларга эга, уни ўртача миқдорда истеъмол қилиш организмга умумий соғломлаштириш таъсирини кўрсатади, моддалар алмашинувини нормаллаштириш ва ички органлар фаолиятини тартибга солишда ёрдам беради.

Юрак қон-томир тизимини соғломлаштиради

Таркибида салицил кислотаси мавжудлиги ҳисобига қонни суюлтиришга ҳисса қўшади ва қуйқалар ҳосил бўлишининг олдини олади. Шунинг учун юракка бўлган босим камаяди. С витамини, клетчатка ва полифеноллар холестериннинг ичакларда сўрилишини босади, бу эса томирлар нормал фаолияти учун муҳим.

Витаминлар билан тўйинтиради

Қулупнай С витаминига бой. Ўртача ўлчамдаги бешта мевада бу витамин йирик апельсиндагига қараганда кўпроқ. Қулупнайнинг яна бир фойдали хусусияти – В6 витаминининг узум ва малинадагига қараганда кўплиги.

Фото: Depositphotos

Моддалар алмашинувини яхшилайди

Қулупнай организмни ҳужайраларни тезроқ янгилашга мажбурлаб, алмашинув жараёнларини фаоллаштиради. Яъни ёшликнинг ўзига хос эликсири.

Ичаклар фаолиятини нормаллаштиради

Полисахарид ва органик кислоталар мавжудлиги сабабли қулупнай ичаклар микрофлораси таркибининг нормаллашувига ҳисса қўшади. Ундаги пектин ич қотишига қарши самарали таъсир кўрсатади.

Озишга ёрдам беради

Қулупнай ёғлар эриши ва қондаги қанд миқдорининг нормаллашувига ҳисса қўшади. Бундан ташқари, ундаги калориялар минимум даражада. Меванинг қизил рангда бўлиши учун масъул бўлган антоцианлар – флавоноидлар тери остидаги ёғни эритишда организмга ёрдам беради.

Ҳолливудда қулупнайли парҳез жуда машҳур. Унинг ёрдамида 4 кунда икки килограмдан ортиқ ортиқча вазндан халос бўлиш мумкин. Масалан, Виктория Бэкхэм бир ойда уч кун фақат қулупнай истеъмол қилади. Қўшиқчининг айтишича: «Нонуштага сут ёки йогурт қўшилган 300 грамм қулупнай истеъмол қилиш – кунни аъло даражада бошлашдир».

Фото: Depositphotos

Тери учун фойдали

Қулупнай асосида тайёрланган табиий косметик ниқоблар терини оқартиради, унинг эластик ҳолатини яхшилайди, антисептик хусусияти туфайли ҳуснбузарлардан халос бўлишда ёрдам беради.

Кайфиятни яхшилайди

Қулупнай таркибидаги ароматик моддалар сератонин ишлаб чиқарилишига ҳисса қўшиб, кайфиятни кўтаради. Антиоксидант физетин эса хотира ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди.

Жинсий фаолиятга ижобий таъсир кўрсатади

Мевалар таркибидаги рух тестостерон гормонига таъсир кўрсатади. Қулупнайдаги антиоксидантлар ҳам жинсий фаолиятга ижобий таъсир қилади.

Ёдингизда бўлсин, қулупнайнинг фойдаси кўп. Бироқ бу уни истеъмол қилишга қарши кўрсатмалар мавжуд эмаслигини англатмайди. Бозорда пайдо бўлган илк меваларни харид қилишга шошманг. Айниқса, болаларга илк меваларни бериш ярамайди.

Ҳосил эртароқ пишиб етилиши учун ўсимликка зарарли кимёвий моддалар билан ишлов берилади. Унинг табиий пишиб етилишини кутинг ва қўрқмасдан истеъмол қилинг.

Қулупнай мевалари гижжа тухумларини етказувчилар бўлиб хизмат қилиши мумкин. Шунинг учун уни столга тортишдан аввал яхшилаб ювинг. Мевани танлаганда зарар етмаган, эзилмаган тўқ қизил рангдагиларини саралашга ҳаракат қилинг.

Кимлар қулупнай истеъмол қилиши мумкин эмас?

Ҳомиладорлар

Агар фарзанд кутаётган бўлсангиз, қулупнай танлаш ва уни истеъмол қилишда эҳтиёткор бўлинг. Мева химикатларни қўллаган ҳолда етиштирилади. Агар жуда егингиз келаётган бўлса, уйда етиштирилган қулупнайни танланг.

Эмизикли оналар

Қулупнай – аллерген маҳсулот. Шунинг учун болада аллергия пайдо бўлмасин десангиз, кўкрак билан озиқлантириш вақтида мевадан бутунлай воз кечинг.

Фото: Depositphotos

3 ёшгача бўлган болалар

Барча қизил мевалар – кучли аллерген. Шунинг учун фарзандингиз 3 ёшга тўлмаган бўлса, қулупнай истеъмол беришдан воз кечган маъқул. Бундан ташқари, егуликдан заҳарланиш ва ичаклар фаолиятининг бузилиши хавфи ҳам мавжуд. Ахир бола организми кимёвий моддаларга жуда таъсирчан.

Буйраклари касал бўлганлар

Қулупнайни тез-тез ва кўп истеъмол қилиш буйракларда тошлар ҳосил бўлиш эҳтимолини ошириши мумкин.

Гастрит ва ошқозон яраси бўлганлар

Қулупнайда шовул ва салицил кислотаси юқори миқдорда бўлгани сабабли улар ошқозон шиллиқ қаватини қўзғайди ва гастрит ҳамда ошқозон яраси кучайишининг сабабига айланиши мумкин. Кўплаб майда данакчалар ошқозонга тушганида ошқозон деворларини қўзғайди.

Қон босимига қарши дори ичаётганлар

Бир вақтнинг ўзида қулупнай истеъмол қилиш ва энаприл асосидаги қон босимига қарши дори қабул қилиш мумкин эмас. Бундай бирикма буйракларнинг қўшимча зўриқишига олиб келади.

Фото: Depositphotos

Кариесда

Кариесдан азият чекадиганларга қулупнай истеъмол қилиш тавсия этилмайди.

Қулупнайнинг организмга зарарли таъсирини камайтириш учун уни оч қоринга истеъмол қилманг. Сутли маҳсулотлар – сут, сметана, қаймоқ, музқаймоқ, творогга қўшиб истеъмол қилинг. Мевани сотиб олинганидан кейин 1-2 кун ичида ейишга ҳаракат қилинг.

Мавзуга оид