Light | 11:21 / 22.06.2019
109131
5 дақиқада ўқилади

Ақл тишни олдириш керакми? Қачон?

Фото: Dentilife

«Саккизинчи»ни олдирмаслик қолган тишлар зарарланиши ва оғриқли дақиқаларингиз кўпайиши эҳтимолини ошириши мумкин.

Ақл тишлари нима ўзи ва улар бизга керакми?

Бизга вояга етган соғлом одамда 32та тиш бўлади, деб ўргатишган. Бироқ, бу анча эскирган маълумот.

Аслида замонавий тиббиётда 28та тиш норма ҳисобланади. Баъзида рудиментар (қолдиқ) тишлар ўсиши ҳисобига миқдор 32тагача ҳам етиши мумкин.

Инсониятнинг стоматологик тарихига назар ташласак, шундай манзара пайдо бўлади: қадимда одамлар хом гўшт, илдиз, ўсимликларнинг қаттиқ пояси кабиларни узоқ чайнаш орқали кун кечиришган, бунинг ортидан уларнинг жағи ва оғиз бўшлиғи ҳозирги замон одамининг жағидан бир мунча кенгроқ бўлган. Шу сабабли тепада 16та ва пастдаги яна шунча тиш бемалол ўрнашган, жами 32та.

Бироқ, вақт ўтиши билан инсонлар иссиқ таом тановул қилишга ўтишди ва чайнашга қулай катта юзали озиқ тишлар йўқолишни бошлади. Шунингдек, инсон мияси ҳам ҳажман катталашиб, жағ суягини бирмунча сиқиб борди.

Барча жараёнлар натижасида жағ соҳаси кичрайиб борди. Энг четки чайнайдиган тишлар — учинчи озиқ ёки саккизинчилар — кераксизга айланди. Хусусан, ҳозирга кунда аксарият одамларда ақл тишлари йўқ. Лекин ҳаммада ҳам эмас.

Баъзи одамларнинг жағида ортиқча жой бўлмаса ҳам, ушбу рудиментар тишлар милкни тешиб чиқишга жон-жаҳди билан уринади. Одатда бу ҳолат болалик даври тугагандан сўнг, 17-25 ёшда содир бўлади. Айнан шу сабабли, учинчи озиқлар ақл тишлари номини олган.

Ақл тишларини олдириш шартми?

Йўқ. Инсон танасида бошқа рудиментлар ҳам мавжуд ва улар билан келишиб яшаш вазифасини организм жуда яхши уддалайди. Масалан, думғаза суяги, кўричак ёки қулоқни қимирлатиш имконини берувчи мушаклар. Шифокорларнинг таъкидлашича, рудиментлар сизга ноқулайлик туғдирмаса, уларга тегмаган маъқул: жарроҳлик амалиёти асорати сиз кутган фойдадан ёмонроқ бўлиши мумкин.

Ўсиб чиққан ақл тишларни қуйидаги ҳолатларда тинч қўйиш керак:
соғлом ва сизга ноқулайлик туғдирмаса;
тўлиқ ўсган бўлса;
тўғри жойлашган бўлса (вертикал ҳолатда: илдизи ичкарида, тожи ташқарида);
тозалаш осон бўлса.

Жағда ақл тишлари учун етарли жой бўлганда ҳам олдириш шарт эмас.
Бироқ, баъзи стоматологлар рудиментларни кун келиб муаммо чиқарувчи ва нима бўлганда ҳам халос бўлиш керак юк деб ҳисоблашади. Лекин, асраб қолишга ҳам сабаблар мавжуд. Масалан, улар бошқа тишлар олдирилганда қўйилувчи протезлар учун устун бўлиб хизмат қилиши мумкин.

Ақл тишларингиз оғриқ бермаса ва иккиланаётган бўлсангиз, яхшиси қарор қабул қилиш ҳуқуқини малакали тиш докторига топширган маъқул.  

Баъзида эса, рудиментар саккизинчилар жағга сиғмайди.

Фото: goodyfeed.com

Қачон ақл тишларни олдириш керак?

Улар билан қуйидаги ҳолатларда хайрлашинг:
1. Ақл тишлар бор, лекин милкни тешиб чиқолмайди
Шу сабабли, учинчи озиқлар милк ва жағ суягига оғриқ беради, шишга олиб келади. Бундан ташқари, саккизинчиларда милкни яллиғлантирувчи бактериялар тўпланиши эҳтимоли катта ва бошқа тишларни зарарлайди.
2. Ақл тишлари тўлиқ ўсмаган
Жағнинг энг четки қисмига тиш чўткасининг етиб бориши қийин. Тўлиқ шаклланмаган митти ақл тишларига етиб бориш эса деярли имконсиз. Кариес ўчоғига айланмасдан улардан қутилиш керак. Кариес ўз навбатида қаттиқ оғриқ ва қон зарарланишига олиб келиши мумкин.
3. Ақл тишлари нотекис ўсади 
Ақл тишлари ўсиши учун жой етарли бўлмаса, улар милк тинимсиз ҳаракатланади: горизонтал ҳолатда ёки бошқа тишни қисган ҳолатда ўрнашиб қолиши мумкин. Кучли оғриқнинг сабаби ҳам шу.
4. Ақл тишлари жағга сиғмайди.
Бунда нафақат тишлар балки жағ суяги ҳам емирилади. Юмшоқ суяк тўқималарга ортиқча босим ва уларнинг яллиғланиши бошқа асоратларга ҳам келиши мумкин  — жағ бўғимлари ва чайнашда қатнашувчи мушаклар касалликлари, синусит, руҳий бузилишлар.

Ақл тишларидан қандай халос бўлиш мумкин?

Бу жарроҳ-стоматологларнинг вазифаси ҳисобланади. Оғиз бўшлиғининг ортки қисмидаги оғриқнинг сабаби айнан ақл тишлари ёки йўқлигини мутахассис аниқлаб беради. Балки, умуман бошқа тишларни даволашга тўғри келар.

Агар бошқа кўнгилсизликлар кузатилмаса, ақл тишни олиш бир-икки дақиқа вақт ва ўша жойнинг ўзида наркозни талаб этади, холос. Жиддийроқ ҳолатларда седатив (уйқу чақирувчи) воситалар орқали жарроҳлик амалиёти ўтказилиши мумкин.

Ақл тиши олдирилгандан кейинги тикланиш жараёни 5 кундан 2 ҳафтагача давом этади. Бу давр мобайнида стоматолог сизга яллиғланишга қарши, оғриқ қолдирувчи воситалар ва витаминлар буюриши мумкин.

Мавзуга оид